Хитой Африкада ўз таъсирини тобора оширмоқда

16:48 05 Сентябр 2024 Дунё
410 0

Фото: AFP

Хитой раиси Си Цзиньпин Хитой — Африка ҳамкорлик форумида Африка учун камида 1 миллионта иш ўрни яратишга ваъда берди. У Африка мамлакатларига янги молиялаштириш дастурида 51 миллиард доллар ажратишни, шу жумладан, кредитлар ва турли хил ёрдам турларини тақдим этишини ва қитъа бўйлаб бир қанча инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашини айтди.

«Биз биргаликда йўллар, темир йўллар, мактаблар, касалхоналар, саноат марказлари ва махсус иқтисодий зоналарни қурдик. Ушбу лойиҳалар кўплаб одамларнинг ҳаёти ва тақдирини ўзгартирди», деди Хитой раҳбари. Шунингдек, у Хитой ва Африка халқи янги ҳамда катта ишларни амалга ошириши, Глобал Жанубни модернизация қилишга раҳбарлик қилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Пекин Африкадаги таъсирини Ғарб давлатлари, шу жумладан, АҚШ билан тобора кучайиб бораётган иқтисодий ва дипломатик келишмовчиликлар шароитида кенгайтиришга интилмоқда. Хитой Африканинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб, қитъа экспортининг деярли тўртдан бир қисми бўлган минераллар, ёқилғи ва металлар ушбу давлат ҳисобига тўғри келади. Пекин 2006-2021 йиллар оралиғида Африка давлатларига 191 миллиард долларлик сармоя киритган ва қитъанинг энг йирик қарз берувчиси ҳисобланади.

Уч кунлик саммит арафасида Африка раҳбарлари инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон ва энергетика бўйича ҳамкорлик билан боғлиқ кўплаб битимларни эълон қилишди. Бошқа келишувлар қаторида Кения Президенти Уильям Руто пойтахт Найроби ва Момбаса ўртасидаги темир йўлни ва Шарқий Африка мамлакатининг ғарбидаги автомагистрални кенгайтириш бўйича ҳамкорлик қилиш режаларини эълон қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?