Хаттотлик санъати: мўъжиза бағридаги мўъжиза

15:55 01 Февраль 2021 Маданият
3190 0

Бой маданий меросга эга халқмиз. Хаттотлик  санъати ана шундай жозибадор қадриятларимиздан бири. Давлатимиз раҳбари 29 январь куни Ислом цивилизацияси марказида қурилиш жараёнига масъул мутасаддилар ва тарихчи олимлар билан мулоқот чоғида хаттотлик мактабига эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

— Бу санъат Шарқда ҳуснихат, хаттотлик, Ғарбда эса каллиграфия номи билан кенг шуҳрат қозонган, — дейди Мир Араб олий мадрасаси мударриси, хаттот Абдулғафур Раззоқов. — Ушбу санъат усталари — хаттотлар ўз даврларида катта обрў-эътиборга эга бўлиб, илм-фан аҳли қаторидан жой олишган.

Дарҳақиқат, қадимда юртимизда бу санъат бениҳоя тараққий этган. Унинг бир нечта мактаби вужудга келган. Масалан, Бухоро хаттотлик мактабининг Мирали Ҳиравий ( вафоти 1557 йил), Мир Убайд Бухорий (вафоти 1601 йил), Мир Ҳусайн Кўланкий Бухорий (ХVI аср) каби йирик вакиллари бўлган. Хоразм, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактабларида ҳам ўз ишининг устаси саналган кўплаб зиёлилар етишиб чиққан.

 Эътиборлиси, хаттотлик санъати фақат китобат билан шуғулланиб қолмаган. Меъморчилик ва халқ амалий санъатида ҳам ҳуснихатдан кенг ва оқилона фойдаланилганини кўриш мумкин.

— Юртимиздаги қай бир тарихий ёдгорликни олиб қараманг, унда хаттотлик санъати намуналарини учратиш мумкин, — дейди бухоролик олим, ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, манбашунос Комилжон Раҳимов. — Мана бир мисол. Чорминорнинг пойдеворида Абдураҳмон Жомийнинг Бухоро васфига битган мўъжаз шеъри бор. Унда «Шарифлик мақоми Аллоҳнинг изни билан охирги марта Бухорога насиб этди» деган маъно мужассам. Эсимда, Франциялик сайёҳларга тошга битилган шу шеър ҳақида сўзлаб берганимизда, улардан бири "Шаҳрингиздаги ҳар бир ёдгорлик, жумладан Чорминорнинг ўзи бориб турган мўъжиза.Бу битик мўъжиза ичидаги мўъжиза, деган таърифга муносиб», деганди ўз ҳайратини яшира олмай.

Чиндан ҳам аниқ фанларнинг ўзгармас қонунлари асосида мукаммал қилиб барпо этилган мадрасаю масжидлар, тиму карвонсаройлар аждодларимизнинг юксак ақл – заковати, салоҳияти маҳсулидир. Шу ноёб осори атиқаларнинг ташқи кўринишини хаттотлик санъати асосида безаш, уларга ҳикматли сўзларни битиш мўъжизада мўъжиза яратилгани билан баробар.

Бинобарин, бармоқ билан санарли даражада оз қолган хаттотларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни шу соҳага йўналтириш орқали унутилаёзган хаттотлик мактабларини қайта тиклаш мумкин. Бунда ёш хаттотлар танловларини, Бухоро, Самарқанд, Хива сингари қадимий шаҳарларимизда ташкил этилаётган халқаро фестивалларда хаттотлик санъати бўйича маҳорат сабоқларини ўтказиш фойдадан холи эмас.

Истам ИБРОҲИМОВ,

(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер