Хат битганда онангизга ҳам Ёзиб туринг, майли, адашиб...

23:18 11 Март 2020 Маданият
1922 0

“Халқ сўзи” газетаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таҳририят расмий веб-сайти Маданият рукни остида “Ёш ижодкорлар гурунги” ни ташкил этди. Унда ёш шоир, носир ва таржимонларнинг ижодий ишлари эълон қилиб борилади. Марҳамат, ўқинг, баҳра олинг.

Навбатдаги ижодкор самарқандлик ёш шоир Ифтихор ХОНХЎЖАЕВ.

Ифтихор ХОНХЎЖАЕВ — 1991 йил Самарқанд вилояти, Оқдарё туманида туғилган. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан “Уйғоқ юрак”, “Ҳаёт куйи” номли китоблари чоп этилган. Дўрмон республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси (2012). Ҳозирда Ўзбекистон санъат ва маданият институти Маданият муассасаларини ташкил этиш ва бошқариш факультети III босқич талабаси.

 


Ватан

Уруш тугади.

Тириклар қайтди, ўлганлар қайтмади,

Қабристонга айланди ўрмон.

Бўрилар увиллаб жаноза айтди,

Ерда эса ҳали совумаган қон.

Уруш тугади.

Қурбонлар саноқсиз, бўрилар оч,

Тишларини маҳкам босишган тишга.

Келишар, марҳумларнинг юзларини ҳидлашар,

Аммо ботинолмас ейишга.

Чунки улар қаҳрамонлар,

Улар Ватан фидолари,

Бўрилар ҳам билан Ватан қадрини.

Ҳар куни келишар,

Марҳумларнинг юзларини ҳидлашар,

Ҳар куни зиёрат этар қабрини.

Аммо ботинолмас ейишга!

 

Уруш

Жанг узоқ чўзилди,

Тўкилди кўп қон.

Қон бор эди ҳатто кўзлар ёшида.

Дунёни унутиб енгилган ўғлон

Йиғларди акасин қабри бошида.

Жанг узоқ чўзилди,

Тўкилди кўп қон.

Боқарди тоғлар ҳам қалтираб, чўчиб.

Жангда ғолиб чиққан аскар ҳам бу он

Йиғларди укасин жасадин қучиб.

 

Адашган хат

“Юрагимни қамраган соғинч,

Ҳар нафасда эслайман сизни.

Ҳатто тунлар ухлолмайман тинч,

Тушларимдан излайман сизни.

Жоду каби тортаркан меҳр,

Хат ёзарман бедор тунларим.

Соғинганда ортаркан меҳр,

Шукр, яқин дийдор кунлари...”

Ҳар ҳафтанинг якшанбасида

Такрорланар оддий одат бу.

Бир йигитдан рафиқасига

Юборилган ўнинчи хат бу.

Бу гал бироз босдими ғафлат

Ўртада хат ташувчи қушни.

Хотинига ёзилган бу хат

Онасининг қўлига тушди.

Хотин ўзи билан ўзи оввора,

На эри, на хат билан иши йўқ.

Аммо бугун бу кенг дунёда

Онасидан бахтли киши йўқ.

Бизга ақл ўргатма деманг,

Бир шоирни телба аташиб.

Хат битганда онангизга ҳам

Ёзиб туринг, майли, адашиб.

 

Меҳрибонлик уйида

Юзсиз, бадбахт она дастидан

Зор йиғлади ҳаёт бешиги.

Тақиллади ярим кечада

Меҳрибонлик уйин эшиги.

Ичкаридан сўрашди ким деб,

Ҳеч ким жавоб бермади, бироқ...

Бироқ эшик олдида йиғлаб

Ётар эди мурғак чақалоқ.

Ахир ит ҳам ўз боласининг

Юзларидан ўпар эркалаб,

Оқ сут бериб ўстиради-ку,

Юнгларини меҳр-ла ялаб.

Беюз, бадбахт она дастидан

Зор қақшади ҳаёт бешиги.

Чақалоққа очди бағрини

Меҳрибонлик уйин эшиги.

У фарзанди энди шу уйнинг,

Бу уйда у янги, кенжатой.

Тунлар унинг бошини силаб,

Йиғлаб-йиғлаб алла айтар ой.

Чақалоқнинг дардли ингаси

Ҳатто ойнинг жонини сиқди.

Менга эса алам қилгани –

Унинг тили она деб чиқди.

 

Мангулик

Бир одам мангулик шарбатин излаб,

Поёнсиз дунёни умидвор кезди.

Яшади қоядек собитлик кўзлаб,

Ўзини ҳеч қачон ўлмасдек сезди.

Ҳеч нарса қолмади кўзидан пинҳон,

Анқонинг уруғин топди қидириб.

Қуш жонига минг йил яшайди дебон

Карғанинг кўз ёшин ичди сидириб.

Қиблагоҳ томонга бош эгиб ҳар тонг,

Оллоҳдан ўзига умр сўрарди.

Ўлимдан қўрқаркан дея ўйламанг,

Шунчаки яшашни яхши кўрарди.

Бир куни шумхабар эшитди ногоҳ,

Юртига бостириб кирган эмиш ёв.

Барча истакларин унутиб шу чоғ,

Уй томон отланди кўксида олов.

Қонхўр ёв зуғмига қўймоқ учун чек,

Ўзини беаёв жангга солди у.

Шер каби олишиб, жон берди шердек,

Авлодлар ёдида мангу қолди у.

 

Муҳаббат

Балки қолмасмиди дилимда армон,

Самога туташган бўйингни кўрсам.

Бугун сенга мағрур бошим эгарман,

Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Ахир эзгуликка бошлар эртаклар,

Эзгусанки, бари сенга етаклар.

Борар бўлсам гулга тўлиб этаклар,

Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Майлими яшнатиб севги сайлини,

Мажнун қўлларидан тутиб Лайлини,

Бир умрга бахтли қилса майлими,

Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Муз босган йўлларга термулганча жим,

Бир умр келишинг кутиб яшадим.

Бир тилак тилашга бор бўлса ҳаддим,

Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Ахир Қоработир жабрини кўрдим,

Тоҳир ва Зуҳронинг қабрини кўрдим.

Ошиқнинг минг йиллик сабрини кўрдим,

Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Чал энди, карнаю-сурнайинг қани,

Токи ҳаётимга бахш этай маъни,

Қизғонма бир дона таклифномани,

Муҳаббат, майлими тўйингни кўрсам?

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?