Халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, бирдамлиги, бунёдкорлиги ифодаси (Фото+Видео)

13:19 26 Март 2020 Жамият
17164 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Дунёга назар ташлайдиган бўлсак, коронавирусга қарши курашишда касалхоналарни тезлик билан қуриш тажрибаси кўпчилик давлатлар мисолида ўзини оқлади. Президентимизнинг топшириғига биноан, коронавируснинг тарқалиб кетишининг олдини олиш, хориждан олиб келинаётган юртдошларимизнинг карантин муддатида қулайроқ шароитларда яшаши, мабодо вирус аниқлангудек бўлса, даволанишлари учун қулай ва замонавий шароит яратиш мақсадида тез фурсатда шифохона қуриш ишлари жадаллик билан бошлаб юборилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Улардан бирининг манзили сифатида пойтахтимиздан 25 километр узоқликдаги Тошкент вилоятининг сўлим гўшаларидан бири, Юқори Чирчиқдаги 50 гектардан зиёдроқ майдон танландики, бу ернинг манзараси, иқлимининг ўзи ҳам киши қалбига ҳар қандай дардни енггудек ишонч беради. Бу ерда карантин ҳудуди ташкил этилиб, шифохона қуриш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун ҳаёт учун зарур бўлган коммуникация тармоқларини тортиш ишлари ҳам параллел олиб бориляпти. Газ, сув, электр энергияси етказувчи линиялар тортиляпти. Мутахассислар ҳар бир ишни бамаслаҳат олиб бормоқда. Вазифа аниқ, масала жиддий. Чартер рейслар орқали хориждан юритимизга етиб келган юртдошларимизнинг навбатдаги гуруҳи тез орада мана шу ерга жойлаштирилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

— Карантинга мўлжалланган иншоот ёнида, махсус шифохона қурилади, — дейди Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов. — Мабодо келганлар орасида ўн тўрт кунлик карантин муддати ичида касаллик белгилари топилса, улар шу ерда ёнма-ён қад кўтарадиган шифохонага ўтказилади ҳамда бемор шу ерда даволанади. Иншоотлар оралиғида махсус санитар зона ташкил этилиб, улар орасидаги масофа 150 метрни ташкил этади.

Карантин иншоотларида мазмунли дам олиш имкониятлари ҳам яратилади, хоналарга телевизорлар жойлаштирилади, иссиқ ва совуқ сув, иситиш ҳамда совитиш мосламалари ва бошқа зарур инфратузилма яратилади. Ошхона, озиқ-овқат таъминоти йўлга қўйилади. Хитой бундай шифохонани ўн кун ичида қурган бўлса, бизнинг қурувчиларимиз беш кунда барпо этишни режалаштирган.

Ишчилар вақти-вақти билан ниқобларини алмаштириб турибди, иссиқ овқат билан таъминланган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

— Савобли ишга ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан жудаям хурсандмиз, — дейди қурувчи Охунжон Бекниёзов. — Ҳозирги пайтда ер ишлари амалга ошириляпти. Бир минг олти юзта кантейнер бу ерга жойлаштирилади. Мени бригадамда ҳозир юз кишидан ортиқ одам ишлаяпти. Биз қурувчилар учун бу ерда барча шароитлар яратилган.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ҳам янги шифохона қурилиши жадаллик билан бошлаб юборилди. Фурсат кам, вазифани эса уддалаш керак. Лойиҳалаш сингари мураккаб жараён ҳам кўп чўзилгани йўқ.

— Иккита блоклан иборат шифохона лойиҳаси уч кун ичида ишлаб чиқилди, — дейди “ТошуйжойЛИТИ” АЖ Бош директори Нуриддин Норматов. — Шифокорлар яшаш бўлимлари, унга хизмат қиладиган ёрдамчи бинолар, жонлантириш бўлимлари, карантинда сақланадиган беморлар бўлими лойиҳада эътиборга олинган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Лойиҳа сметаси соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари таклифлари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилди, энди уни қисқа вақт ичида енгил конструкциялар асосида барпо этиш мақсадида қурилиш жараёни бошланди.

 

 

— Президентимиз топшириқлари асосида қурилиш ишлари бошлаб юборилди, — дейди Қурилиш вазири Ботир Зокиров. — Бу ерда иккита клиникани босқичма-босқич қуриш ишлари режалаштирилган. Бунинг учун Хитой тажрибаси ўрганилди. Қурилиш материалларини етказиб берувчилар аниқланиб, улар билан керакли шартномалар тузиляпти. Ҳар бир ишчи хавфсизлик мосламалари билан таъминланган. Клиникада энг кичик медперсоналдан тортиб, шифокор, профессорлар учун алоҳида шарт-шароитлар яратилади. Олдимизга қўйилган вазифани ўз вақтида, сифатли қилиб бажаришга бел боғлаганмиз.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Туну кун давом этаётган бунёдкорлик ишларида қурувчилар, пайвандчи-монтажчилар белгиланган навбат асосида зиммаларидаги машаққатли, ўз навбатида шарафли вазифани бажариш учун астойдил меҳнат қиляптилар. Оғир юмушлар, қурилиш маҳсулотларини ташиш ва бошқа мураккаб жараёнларга кўплаб техникалар жалб қилинган. Айни пайтда қурувчилар хавфсизлиги, саломатлиги ҳам доимий назоратда.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида кўп тармоқли махсус тиббиёт мажмуаси қурилмоқда.

— Президентимиз топшириқлари асосида бир ой ичида кўп тармоқли махсус тиббиёт мажмуаси қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда, — дейди “White City” МЧЖ раҳбари ўринбосари Алишер Йўлдошев. — Шу кунга қадар қурилиш ишларига икки мингдан зиёд қишчи жалб қилинди. Бунёдкорлик ишларига нафақат маҳаллий, балки чет элдан келган мутахассислар ҳам ҳисса қўшмоқда. Биз ҳамжиҳатлик билан олдимизга қўйилган юксак вазифани сидқидилдан бажаришга интиляпмиз.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Кўп функцияли шифохона учун аҳоли турар жойларидан белгиланган узоқликдаги ҳудуд танланди. Айни дамда қурилиш ишлари билан бир қаторда хоналарни энг замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминлаш, шунингдек, бинонинг атрофини ўраб олиш ҳамда унда канализация, дезинфекциятизимларини йўлга қўйиш ҳаракатлари ҳам бошлаб юборилган.

— Бугунги кунда лойиҳалар устида жадал ишлар олиб борилмоқда, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Тиббиёт қурилиш инжиниринг” ДУК раҳбари Жамшид Соҳибов. —Ҳар бир лойиҳамиз, ҳар бир койкамиз, ҳар бир ўринларимиз СанПин меъёр ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилиши жиддий назоратга олинган. Пудрат ташкилотлари ҳам лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича қурилиш ишларини олиб бормоқда. Ишлар туну кун олиб борилмоқда, шу йилнинг 20 апрелигача иншоотни қуриб, топшириш режалаштирилган.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, кўпга келган синов халқимизнинг азалий инсоний қадриятларини яна бир бор юзага чиқарди. Янги шифохоналар қурилишининг жадаллик билан бошлаб юборилгани, халқимизнинг бошига бироз ташвишли кунлар келганда қўлни-қўлга бериб, эзгу ташаббусларга эргашишга куч топаётгани халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, бирдамлиги, бунёдкорлигини яна бир бор намоён қилмоқда.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?