Халқаро талабларга тўлиқ мос келадиган миллий маҳсулотлар

15:35 14 Октябр 2021 Жамият
1537 0

Абдумутал Тойиров - "Халқ сўзи"

“Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамкорлигида журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур давомида иштирокчилар ишлаб чиқариш объектларидаги қайноқ иш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Биргина “Ўзметкомбинат” АЖ — қора металлар прокати ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда энг йирик корхона. Ишлаб чиқаришни узлуксиз реконструкция ва модернизация қилиш, техник қайта жиҳозлаш салмоқли ҳажмларда экспортга етказиб берилаётган юқори сифатли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга имкон яратмоқда.

Ана шулар қаторига пўлат арматуралар, полосалар, уголоклар, пўлат шарлар ва симлар, сирланган пўлат идишлар, иссиқликни сақловчи материаллар, ферроқотишмалар, мисдан ва мис қотишмаларидан тайёрланган маҳсулотлар, шунингдек, газсимон суюқ аргон ва бошқалар киради. Комбинат маҳсулотларининг барчаси мувофиқлик сертификатига эга, корхона сифат менежменти тизими миллий ва халқаро сертификатлаш тизимида сертификатланган.

Электрда пўлат эритиш цехида 2002 йилда “ДСП-100 УМК” пўлат эритиш  печи ва “Печь-ковш” қурилмасининг фойдаланишга топширилиши Ўзбекистонда пўлат эритишдаги янги босқич бўлди. Суюқ пўлатни вакуумлаш учун қурилма қурилиши ва пўлатга комплекс ишлов бериш агрегатининг реконструкция қилиниши билан комбинатнинг ишлаб чиқариш қувватлари сезиларли кенгайди. Цех 980 минг тонна пўлат ишлаб чиқариш қувватига эга.

Комбинатда навли прокат маҳсулотлари, асосан, 2-навли прокат цехида ишлаб чиқарилади. Цехда рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган темир-бетон конструкциялари учун иссиқ ҳолатда ҳайдалган даврий ва силлиқ арматура, метиз ва темир-бетон конструкциялари монтажи учун фойдаланилаётган пўлат доиралар, ҳар хил турдаги бурчак, тўртбурчак, швеллер ишлаб чиқарилади.

Цехда сўнгги йилларда маҳаллийлаштириш дастури бўйича 8, 10, 12, 14, 16 мм. иссиқ ҳолатда ҳайдалган тўртбурчак, №8, №10 швеллер ва №7,0; 7,5; 8,0 учбурчак маҳсулотлар ўзлаштирилди.

2-навли прокат цехининг катанка ишлаб чиқариш участкаси 100 минг тонна пўлат симлар ва арматура боғламлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Улар мамлакат ички бозорларида сотилишидан ташқари ташқи бозорларга экспорт қилинади.

Мустақиллик йилларида 1-навли прокат цехида 40, 68, 80, 100 ва 120 диаметрдаги пўлат золдирлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Улар, асосан, Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатларида рудани майдалаш, шунингдек, цемент саноатида ишлатилади.

Пўлат симлар ишлаб чиқариш цехида турли ҳажмдаги пўлат симлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Комбинат эҳтиёжларидан ташқари бу цехда тайёрланаётган маҳсулотларни Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, хусусий корхона ва фирмалар ҳамда турли қурилиш ташкилотлари шартнома асосида сотиб олишмоқда.

Рангли металлар ишлаб чиқариш цехида мис ва унинг қотишмаларидан тасмалар ишлаб чиқарилади. Мавжуд ишлаб чиқариш асосида мис ва жез фольгаси, радиатор лентаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Қалинлиги 0,5 дан 4,0 мм. гача бўлган мис ва унинг қотишмалари тасмаси ишлаб чиқариш тўлиқ технологик циклга эга бўлган цехда ассортиментни кенгайтириш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида 0,03 мм.дан 0,5 мм.гача тасма ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Комбинатда сирланган пўлат идишлар ишлаб чиқариш барқарор ошиб бормоқда, маҳсулотлар тури тобора кенгаймоқда. Ишлаб чиқариш тўлиқ ёпиқ технологик цикл негизида амалга оширилади. Цехда 46 номдаги 260 дан зиёд турдаги сирланган идишлар тайёрланади. Бу цехда метиз маҳсулотлари, тиканли сим, ҳар хил катакли рабица симли тўр ишлаб чиқарилмоқда. 

“Ўзметкомбинат” АЖда йилига 10 минг тонна қувватга эга бўлган иссиқликни ўтказмайдиган материаллар ишлаб чиқариш цехи фаолият кўрсатади. Цех йилига 500 тонна минерал вата, 2 850 тонна матлар, 6650 тонна плита ишлаб чиқариш қувватига эга. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар импорт ўрнини тўлиқ босади ҳамда қурилиш ва саноат тармоқларини иссиқлик ўтказмайдиган материаллар билан таъминлайди.

Комбинатда базальт асосида (минерал вата, мат, плита) иссиқлик ўтказмайдиган материаллар ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш лойиҳасини амалга оширишга киришилди. 2014 йилда Иссиқлик ўтказмайдиган материаллар ишлаб чиқариш цехи ишга тушди. Бунинг натижасида йилига 500 тонна базальт ватаси, 2 850 тонна тикилган матлар, 6650 тонна қаттиқ ва ярим қаттиқ плиталар ишлаб чиқариш, комбинатнинг экспорт потенциалини ошириш, келажакда янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконияти яратилди.

Бунгача мамлакатимиз бозорларида ўзимизда ишлаб чиқарилган базальт асосида иссиқлик ўтказмайдиган материаллар деярли мавжуд бўлмаган. Ички бозорга асосан Хитой, Қозоғистон ва бир қатор Европа давлатлари, хусусан, Финляндия, Дания, Польша, Словакия ва Швеция маҳсулотлари келтирилган. 2020 йилда ҳам комбинатда пўлат эритиш ва прокат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда юқори суръатларга эришилди. Жорий йилнинг якунланган тўққиз ойида 732 221 тонна пўлат эритилиб, 802 934 тонна прокат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Таъкидлаш керакки, комбинатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати жаҳон андозалари талабларига тўлиқ мос келди. Прокатчилар ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг катта қисми экспортга жўнатилади.

 

"Халқ сўзи"

Абдумутал Тойиров олган суратлар

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер