“Халқаро бизнес форум — Жиззах — 2025”: қиймати 700 млн. долларлик инвестиция ва савдо шартномалари имзоланди

Жорий йилнинг 23-24 апрель кунлари Жиззах вилояти Зомин туманида “Халқаро бизнес форум — Жиззах — 2025” тадбири бўлиб ўтди.
Форум Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Жиззах вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ва бир қатор халқаро ташкилотлар кўмагида ташкил этилди. Унда 32 та давлатдан 300 дан зиёд етакчи компаниялар ва ишбилармон доиралар вакиллари, юртимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус раҳбарлари ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчилари иштирок этди.
Дастлаб иштирокчилар “Suffa” масканида ўтказилаётган “Made in Jizzakh” саноат кўргазмаси билан танишди.
Бизнес-форумнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Илҳом Ҳайдаров, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев маъруза қилдилар.
Йиғилганларга Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон, шу жумладан, Жиззах вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари ҳақида батафсил сўзлаб берилди.
Жиззах вилояти туманлари имкониятидан келиб чиққан ҳолда машинасозлик, юқори технологиялар, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, туризм ва бошқа соҳаларга доир истиқболли лойиҳа таклифлари иштирокчилар эътиборига тақдим этилди.
Хорижий компаниялар вакиллари Ўзбекистонда инвесторлар учун яратилган қулай сармоявий муҳит, дунёда кузатилаётган глобал иқтисодий мавҳумлик пайтида давлатимиз раҳбарининг барқарор ва изчил сиёсатини юксак баҳоладилар.
Хусусан, Хитойнинг “Minyuan Silu Tianjin Industry” компанияси президенти Ли Сьян Чин Ўзбекистондаги фаолияти билан ўртоқлашди ва юртимизда хорижий инвесторларга яратилган имкониятларни эътироф этган ҳолда, мамлакатимизда амалга ошираётган лойиҳаларини кенгайтириш режаларини билдирди.
Халқаро форум дастурига биноан ихтисослашган кўргазмалар, “В2В” ва “G2В” учрашувлар ҳамда инвестиция лойиҳаларининг тақдимотлари ҳам ташкил этилди.
Музокаралар натижасида Жиззах вилояти ҳокимлиги ва Кувайтнинг “KFH Capital Investment Company”, Россиянинг “Химград”, Покистоннинг “Broadpeak”, Таиланднинг “Siam Rubber Company”, Латвиянинг “Sonora”, Исроилнинг “UID Cohen”, Япониянинг “Balcom Group” ва Хитойнинг “CNBM Beijing Triumph International Engineering Co” компаниялари ўртасида кимё, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт-логистика ва бошқа бир қатор йўналишларда ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, форумда иштирок этган хорижий дипломатик корпус раҳбарлари билан ўтказилган икки томонлама мулоқотда, элчилар ушбу тадбирнинг юқори аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш баробарида Жиззах вилоятининг инвестициявий салоҳияти тўғрисида ўз мамлакатларидаги ишбилармон доира вакиллари ва компанияларни хабардор қилишларини таъкидладилар.
“Халқаро бизнес форум – Жиззах–2025” натижасида қиймати 700 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция ва савдо шартномалари имзоланди. Шунингдек, Жиззах вилояти ва ҳудуддаги туманлар ҳокимликлари хорижий компаниялар билан ҳамкорлик меморандумларини имзоланди. Хусусан, Кувайтнинг “Gulf Care General Trading Co.Ltd” компанияси билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, “BMB Holding” ва Австриянинг “Agrotek Handels” компанияси ўртасида Жиззах вилоятида қўшма корхона ташкил этиш, Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги ва Хитойнинг “Tianshui Lake” компанияси ўртасида туризмни ривожлантириш тўғрисида англашув меморандумлари имзоланди.
Бизнес-форум майдонида Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари раҳбарлари ўзлари масъул бўлган давлатлардан келган бизнес вакиллари билан биргаликда Жиззах вилоят ва туман ҳокимлари билан алоҳида музокара ўтказдилар. Унда ҳудуддаги истиқболли еттита лойиҳага аниқ инвесторларни жалб этиш, вилоятда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти ҳажми ва географиясини кенгайтириш, янги бозор топиш ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари белгиланди.
Эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан қўшма “йўл харитаси” ишлаб чиқилади ва назоратга олинади.
Форум ташкилотчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ушбу шаклдаги бизнес-форумлар юртимизнинг бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этилади.
“Халқаро бизнес форум — Жиззах — 2025” тадбирининг самарали якунлари унинг хорижий иштирокчилари томонидан юқори баҳоланмоқда.
Альбертас Ситавичиус, “TVG group” компанияси раҳбари (Литва):
— Мамлакатингизда олиб борилаётган очиқ ва изчил инвестиция сиёсати самарасида Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. Бу омил 23-24 апрель кунлари Жиззах вилоятининг Зомин туманида бўлиб ўтган “Халқаро бизнес форум — Жиззах — 2025” тадбирида яққол намоён бўлди.
Мазкур тадбирнинг кўламли ва юқори савияда ташкил этилгани вилоятнинг хорижий ҳамкорлар билан сармоявий ва савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва ишбилармонлик имкониятларини очишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар самарасида тадбирда 30 дан ортиқ ҳамкор мамлакатлардан 300 дан ортиқ етакчи компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Иқтисодий форум доирасида қишлоқ хўжалиги, саноат, туризм ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда бир қатор тақдимотлар ўтказилди. Уларда хорижий инвесторларга берилаётган имтиёз ва қулай шарт-шароитлар, маҳаллий брендлар мавқеини ошириш, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар ҳақида айтиб ўтилди.
“Халқаро бизнес форум — Жиззах — 2025” тадбири Европанинг йирик компаниялари вакилларининг катта эътиборини тортди ва улар мазкур форум ҳудудни халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичига олиб чиқишда муҳим платформага айланганини таъкидламоқда.
Таъкидлаш жоизки, Литва ишбилармон доиралари вакилларининг ўзбекистонлик шериклар билан ҳам инвестиция соҳасида, ҳам ўзбек маҳсулотларининг Болтиқбўйи мамлакатлари бозорларига экспортини кўпайтириш бўйича алоқаларни янада жадаллаштиришга қизиқиши ортиб бормоқда.
Муҳаммад Саад Али, “Green Oasis Agriculture Oman” компанияси раҳбари (Ўмон):
— Зоминдан чинакам эсда қоларли сафардан қайтар эканман, бундай пухта ташкил этилган ва самарали бизнес-форумда иштирок этиш имконияти учун миннатдорлик билдираман.
Шунингдек, ушбу форум учун бундай гўзал масканни танлаганингиз учун ташаккур. Зомин табиатининг гўзаллиги ушбу тадбирга ўзига хос жозиба қўшди.
Форумнинг юқори даражада ташкил этилганини эътироф этиш керак. У нафақат Ўзбекистон, хусусан, Жиззах вилоятидаги катта салоҳият ва имкониятларни намойиш этишда ахборот манбаси бўлди, балки муҳим саноат етакчилари ва ҳукумат вакиллари билан алоқаларни ўрнатиш учун самарали майдонга айланди. Ҳудудий ҳокимиятларнинг хорижий бизнесга очиқлиги ва фаол ёндашуви таҳсинга лойиқ. Бундай ёндашув эса узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Яна бир жиҳат – бу Ўзбекистон Президентининг ушбу ҳудудни ривожлантиришга бўлган қатъий эътиборидир. Унинг инвестиция ва инновациялар учун қулай муҳит яратиш йўлидаги ҳаракатлари форум давомида яққол намоён бўлди. Юртингизнинг барча гўшаларида яққол кўринаётган тараққиёт ва имкониятлар унинг етакчилиги ва барқарор ўсиш ҳамда халқаро ҳамкорликка содиқлигидан далолат беради.
Ушбу форумнинг муваффақиятли ўтишига ҳисса қўшган барчани чин юракдан табриклайман. “Халқаро бизнес форум – Жиззах 2025” тадбири чиндан ҳам ажойиб ва илҳомлантирувчи тажриба бўлди.
“Дунё” АА.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг