Халқ орасига кираётган халқ вакиллари

21:25 11 Декабрь 2025 Жамият
166 0

Мамлакатимизда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ривожлантириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш, ўзгартиришлар киритиш, унинг ижросини назорат қилиш, шунингдек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш, ҳудудий давлат органлари ҳамда ташкилотлари билан ҳамкорликда фаолият олиб боришлари учун катта имкониятлар яратилиб, уларнинг қонуний асослари вужудга келди.

Жумладан, 2024 йилнинг октябрь ойидан бошлаб ўтган бир йил давомида маҳаллий Кенгашлар фаолиятига кўмаклашиш ва иш жараёнини тўғри ташкил қилиш мақсадида 20 га яқин намунавий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ҳамда Кенгашларга фойдаланишлари учун юборилди.

Бу саъй-ҳаракатлар натижасида депутатларимиз фаолиятида ҳам жонланиш кўзга ташланмоқда. Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида 58 маротаба давлат ташкилотлари ҳамда аҳоли билан учрашувлар ва семинарлар ташкиллаштирилди. Жами 283 маротаба аҳоли билан оммавий қабуллар ҳамда учрашувлар ўтказилди. Қабуллар давомида фуқаролар томонидан келиб тушган 126 та мурожаатларнинг 31 таси жойида ижобий ҳал қилинди қолган 95 таси юзасидан депутатлар томонидан тегишли ташкилотларга депутат сўровлари чиқарилиб аҳоли муаммоларини ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг “маҳалла еттилиги” билан ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар ҳам белгиланиб шу асосда жадал ишлар олиб бориляпти. Бу ҳамкорликнинг асосий мақсади – маҳаллаларда ижтимоий муаммоларни тезкор ва самарали ҳал қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда жамоатчиликни фаолликка чорлашдан иборат. Бунда маҳалла еттилиги, Маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда сенаторлар ўртасида мунтазам мулоқот ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга.

Юқоридаги каби институционал ўзгаришлардан сўнг эндиликда маҳаллий Кенгашлар вакиллари ўз ҳудудларида аҳолини қийнаётган муаммолар ечимига бемалол киришмоқдалар. Бир сўз билан айтганда кейинги йиллардаги кенг кўламли ислоҳотлар маҳаллий кенгаш вакиллари, яъни депутатларнинг қўлларини ечди.

Буни уларнинг амалга ошираётган ишларида ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, Халқ депутатлари Когон туман Кенгаши депутатлари мисолида олиб қарайдиган бўлсак, туман Кенгаши депутати Инобат Хамидова томонидан Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига Сиёзпоён МФЙ ҳудудидан Наврўз МФЙ ҳудудига олиб борувчи автомобил йўли бир неча йиллардан буён таъмирланмасдан келаётгани баён қилиниб ушбу йўлни асфальтлаштириш юзасидан депутатлик сўрови юборилган. Мазкур сўров натижаси ўлароқ ушбу автомобил йўли асфальтлаштирилди.

Ёки туман Кенгаши депутати Шомурод Бўронов томонидан тумандаги сув таъминоти бўйича муаммоли маҳаллалар аниқланиб, улардаги таъмирталаб ариқ ва каналлар юзасидан тегишли ташкилотларга сўров чиқарилди. Депутат сўровига жавобан тегишли ташкилот раҳбарлар муаммоларни жойига чиқиб ўрганди. Ўрганиш натижасида ариқ ва каналлар атрофи тозаланиб Нурафшон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Чўкати ариғи ва Чолоки маҳалла ҳудудидан ўтувчи Ўрта хонобод канали бетонлаштирилди.

Шунингдек, туман Кенгаши депутатлари ташаббуси билан “Когон“ МФЙ да 15-сонли маданият маркази қисқа муддат ичида қайта мукаммал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.

Ҳомийлик маблағи асосида қайта таъмирдан чиқарилиб, зарур инвентарлар, қаттиқ ва юмшоқ мебель билан жиҳозланган маданият маркази бугун 100 нафар ёш авлод вакилларини тўгаракларга қамраб олиш имконига эга бўлди.

Бундай хайрли ишларни яна кўплаб келтириш мумкин. Депутатлар фаоллиги ва маҳалла еттилиги билан баҳамжиҳат амалга ошириладиган бу каби тадбирлар ҳамда лойиҳалар маҳаллий даражадаги муаммоларни тезкор ва самарали ҳал этишда қўл келмоқда.

Шоҳижаҳон Ашуров,

Халқ депутатлари Когон туман

Кенгаши котибияти бош мутахассиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?