Келажакка умид уйғотган рағбат

Абдунаби АЛИҚУЛОВ/«Халқ сўзи». — Танамда оғриқ туриб дўхтирга борсам, обдон сўради, текширди, сўнг бироз ўйланиб турдию касалликни анча ўтказиб юборибсиз-да, эртароқ келсангиз бўлмайдими, —деди. Юрагим шув этди, бехосдан бошим айланиб деворга суяниб қолибман.
Даволанишга тушдим, аммо бир ойлар чамаси ўтса-да, фойдасини кўпам сезмадим. Шу орада қизим руҳий хасталикка чалинди. Дард устига чипқон бўлди бу. Яшашдан ҳам, ишлашдан ҳам кўнглим совиди. Э, худо дейман, мен-ку озми-кўпми яшадим, кўрдим, қизимда не гуноҳ, ахир у норасида-ку?!
Шундай кунларнинг бирида бошқарманинг янги бошлиғи Хивага келган, сизни сўраяпти, ишхонага келинг, дея қўнғироқ қилишди. Шунча кун ишга боролмадим, аризангизни ёзинг, кетинг, деса керак, бошқа нимаям, дерди, ўйлайман. Начора, буям худонинг бир синовидир. Бошимда минг бир ўйлар чарх уради, энди нима қилдим?..
Хоразм вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шерзод Абилов бўй-басти келишган йигит экан, ҳаммасини эшитдим, соғайиб кетинг опа, биз эса сизга мана бу техникани лозим кўрдик, муборак бўлсин, чарчаманг! Шу мотоциклга миниб тўхтаманг ҳам, деди. Ҳамкасбларим гурра қарсак чалишди. Техниканинг калитини қўлимга олаяпману севинганимдан беихтиёр кўзимдан дув-дув ёш тўкилади денг. Мана, 25 йилдан ошдики, Хива туманида ветфелдьшер бўлиб ишлаяпман, аммо бу орада ҳеч ким менга на раҳмат, на бир оғиз ширин гап айтганди.
Яп-янги мотоцикл — бу мукофот, тушимга ҳам кирмаган. Ҳайратдаман, ҳайратда! Техникани миниб кўрдим, зўр экан, жуда ишбоп, асбоб-ускуналар қўядиган жойим ҳам бор денг.
Хивалик оддий қишлоқ аёли, техникумда ўқиб, ўзи севган касбда ишлаб қадр топган Муяссар Бобожонова биз билан хайрлашар чоғ янада кўтаринки кайфиятда шундай деди:
— Айтсам ишонмайсиз. Яқинда навбатдаги ярим йиллик тиббий кўрикдан ўтдим, муолажа натижа берибди. Соғайишни бошлабман. Қизимда ҳам ўзгариш бор, бу беҳад қувонганим, оиламизда яшашу ишлашга рағбатим ошганидан, албатта. Яратганнинг қудратидан лолман. Айни шу кезда дилимдаги гапни эса асло муболаға деманг: мен каби оддий кишиларни, ночор оилаларни қўллаб-қувватлаётган Янги Ўзбекистон боқий бор бўлсин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг