Касби туманида томорқачилик асосида юқори даромад манбалари шаклланмоқда

12:09 04 Февраль 2026 Жамият
285 0

Мамлакатимизда томорқачилик ривожлангани сари юртдошларимизда бу соҳадаги билим, кўникма ва тажриба ҳам изчил ошиб бормоқда. Бугун замонавий технологияларни қўллаш, харидоргир ва камёб маҳсулот турларини етиштириш орқали ҳатто кичик майдондан ҳам миллионлаб даромад олаётган хонадонлар сони ортиб бораётгани қувонарли ҳолдир.

Косиб туманининг Жизза маҳалласида ҳам томорқачилик яхши йўлга қўйилган. Бу ерда олтмишга яқин хонадон эгалари иссиқхона шароитида лимон, апельсин, мандарин, банан каби тропик меваларни етиштириш билан шуғулланмоқда. Ана шундай ташаббускор томорқачилардан бири — шу маҳаллада истиқомат қилувчи Тўра бобо Дониёров бананчиликни оиласининг асосий даромад манбаига айлантирган.

— Бир неча йил аввал Андижон вилоятидан 250 туп банан кўчатини олиб келиб, иссиқхонага эккандим, — дейди у. — Ўтган йилдан бошлаб бананларимиз ҳосилга кирди. Ҳар бир тупдан ўртача 20–30 килограммгача ҳосил олмоқдамиз. Шу билан бирга, иссиқхона шароитида минг тупдан ортиқ банан кўчатларини етиштиришни ҳам йўлга қўйдик. Келгусида кўчатчиликни ривожлантиришни режалаштиряпмиз.

Дарҳақиқат, томорқа — ризқ-насиба, барқарор ва мўмай даромад манбаидир. У нафақат дастурхонимизга файз-барака олиб киради, балки аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, юрт ободлигига ҳисса қўшишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, барча натижалар томорқадан оқилона ва самарали фойдаланишга боғлиқ эканини ушбу тажриба яна бир бор исботламоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?