Касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга субсидия ва кафиллик берилади

10:05 22 Апрель 2022 Иқтисодиёт
1612 0

Архив сурат

“Касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–214-сон, 21.04.2022 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 июлдан касаначиликни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар, шу жумладан пудрат шартномаси асосида ташкил этишга рухсат этилади.

2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январгача:

— касаначиларга даромад солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50 фоизга, 1 ойда кўпи билан 1 миллион сўмгача камайтирган ҳолда ҳисобланади;

— касаначилар ижтимоий солиқ тўловини ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган тартибда амалга оширади;

— олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда (жами 252 та) касаначиликни ташкил этган тадбиркорларга дастлабки 3 ойдаги фаолияти учун 1 ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан касаначилар сони камида 10 нафар бўлган тадбиркорларга кредит суммасининг 75 фоизи миқдоригача кафиллик берилади.

2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январгача “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёки “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган ва касаначилик билан шуғулланаётган фуқароларга асбоб-ускуналар харид қилиб бериш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, бироқ БҲМнинг 10 бараваригача (2 млн 700 минг сўмгача) миқдорида субсидия ажратилади.

Шунингдек, “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси таркибида мавсумий ва касаначилик ишлари портали ишга туширилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер