Картадан кредит ва бошқа тўловларга эгасининг розилигисиз пул ечиб олиш қатъий тақиқланмоқда

15:58 25 Декабрь 2023 Иқтисодиёт
1333 0

Фото: bankers.uz

Марказий банк тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов тизимларидан "мижознинг розилигисиз ва уни огоҳлантирмаган ҳолда унинг картасидан кредит ва бошқа қарз тўловлари учун маблағларни акцептсиз ечиб олиш" амалиётига чек қўйишни қатъий талаб қилмоқда. Бу бўйича Марказий банк бошқаруви раиси ўринбосари томонидан имзоланган тегишли хат жорий йил 21 декабрь куни тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов тизимларига юборилган.

Хатда тижорат банклари томонидан фуқароларнинг банк карталаридан маблағларни масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали кредит тўловлари учун автоматик тарзда ҳисобдан чиқариш (автотўлов) жараёнларида амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилаётгани, бу борада бир неча бор мурожаатлар келиб тушаётгани қайд этилган.

Бундан ташқари, айрим банклар кредит таъминоти сифатида суғурта полиси олаётгани боис, ушбу кредитлар белгиланган муддатда қайтарилмаган тақдирда, суғурта ташкилоти тижорат банкига кредит қарздорлигини тўлиқ қоплаб бераётганлиги, натижада банкнинг мажбурият (кредит) бўйича қарз олувчига бўлган ҳуқуқлари суғурта ташкилотига ўтганлиги учун, суғурта ташкилоти қарз олувчининг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олаётган ҳолатлар танқид қилинган.

Хатда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 783-моддасига кўра, мижознинг топшириғисиз ҳисобварақда турган пул маблағларини ўчиришга суднинг қарори билан, шунингдек ушбу Кодексда ёки бошқа қонунда белгилаб қўйилган ёхуд банк билан мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади.

Қарз олувчи билан суғурта ташкилоти ўртасида қарз олувчининг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олиш юзасидан шартнома тузилмаган ва бундай ҳуқуқнинг нобанк ташкилотларига берилиши қонунчиликда ҳам кўзда тутилмаган. Бундан ташқари, айрим тўлов ташкилотлари томонидан суғурта ташкилотларини "E-POS” махсус терминаллар билан таъминлаб берилганлиги натижасида, уларга қарз олувчиларнинг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олишига имкон яратиб берилган. Бу эса, фуқаролар томонидан банк карталаридан фойдаланмасликка ёки карта ҳисобварағида пул маблағларини сақламасликка олиб келмоқда. (Марказий банк хатидан)

Тижорат банклари томонидан фуқароларнинг банк карталаридан пул маблағларини ушбу банк карталари эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминламаган ҳолда ҳисобдан чиқарилишига (шунингдек, бундай имкониятни суғурта ташкилотлари учун яратилишига) йўл қўйилганлиги фактлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолати деб баҳоланади ҳамда бундай қоидабузарликларга йўл қўйган тижорат банкларига нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилишига сабаб бўлади, деб таъкидлаган Марказий банк.

Шунингдек, Марказий банк “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги Низомга (№3030, 2018 йил 2 июль) мувофиқ, банк томонидан кредитлар, микроқарзлар ва лизинг бўйича қарздорликларни сўндиришда автотўлов усулидан фойдаланганда, банк кейинги иш куни ҳисобварақ (омонат, карта) эгасига маблағ қандай сабабларга асосан ва кимнинг фойдасига чиқарилганлигини кўрсатган ҳолда хабарнома (маълумотнома) юбориши шартлигини эслатиб ўтган. Шуниндек, бу борада тегишли кўрсатма хатлари ўтган йилнинг март ойида ва жорий йилнинг январь ойида тижорат банкларига юборилганини айтган.

Хат якунида Марказий банк тижорат банкларидан:

  • фуқароларнинг банк карталарини (тижорат банки билан тузилган ўзаро шартнома ёки оферта асосида) автотўлов хизматига уланиши тўғрисида СМС-хабарнома орқали ўз вақтида хабардор қилишни;
  • автотўлов хизмати орқали амалга ошириладиган тўловларда “қайси кредит тўлови учун ва кимнинг фойдасига” ундирилаётганлиги ҳақида СМС тарзда банк карта эгасига хабарнома жўнатилиши ҳамда карта эгаси розилик берган тақдирда тўловни амалга ошириш механизмини яратишни;
  • кредитлар бўйича қарздорнинг ва "кафил"нинг шартномада назарда тутилган тартибда банк картасидан пул ечилиш жараёнида унинг мобил рақамига “розилигини сўраш, юзасидан СМС-хабарнома юбориш ва ушбу хабарномада қайси ‘тўлов учун пул ечилиши тўгрисида тўлиқ ва аниқ маълумот кўрсатилиши ва унинг розилигини олган ҳолда тўловни амалга оширишни;
  • хатарларни минималлаштириш ҳамда фирибгарликни олдини олиш мақсадида тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари мобил иловадан фойдаланувчи сифатида рўйхатдан ўтишда, мобил иловага банк карталарини бириктиришда, микроқарз, кредит расмийлаштириш амалга оширилганда мижозларни идентификациялаш учун қўшимча тарзда Face ID механизмини жорий этишни;
  • мижозларга микроқарз ва кредит ажратишда унинг яқин қариндошлари ёки таниш-билишларининг мобил рақамини тизимга киритишдан аввал уларнинг рақамларига тасдиқловчи код юбориш ва улар рози бўлганда жараёнларни давом эттиришни;
  • банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиш жараёнида қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилинишини сўраган.

Марказий банк юқоридаги топшириқлар ижроси назорати борасида шу йил 29 декабрга қадар Марказий банкка ҳисобот тақдим этилишини талаб қилган, акс ҳолда қонунчиликка мувофиқ тўлов тизимларидан ўчириш ёки жарима санкциялари қўлланилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?