Камерунда 92 ёшли Поль Бийя яна президент этиб сайланди

10:29 28 Октябр 2025 Дунё
343 0

ТАСС хабарига кўра, Камерун Конституциявий кенгаши мамлакатда ўтган президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари — 92 ёшли Поль Бийяни ғолиб деб эълон қилди.

Маълум қилинишича, Поль Бийя 53,66 фоиз овоз билан ғалаба қозониб, мамлакат президенти лавозимига саккизинчи марта сайланди.

Сайловда жами 12 нафар номзод иштирок этган. Улардан энг яқин рақиби Исса Чирома Бакари 35,2 фоиз овоз тўплаганини тан олган, бироқ у ўзини «тахминан 60 фоиз овоз билан ҳақиқий ғолиб» деб эълон қилиб, Конституциявий кенгашнинг қарорини тан олмаслигини билдирган.

Сайлов натижалари эълон қилингандан сўнг мамлакатнинг айрим шаҳарларида мухолифат тарафдорлари намойишлари бошланди.

Дуалада полиция тартибсизликларни бостириш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари Нюбел туманини бутунлай ўраб олиб, кириш-чиқишни чеклаган. Шу ҳудудда тўрт киши ҳалок бўлган.

Гаруа шаҳрида ҳам вазият кескинлашган — ёшлар бир неча туманларда тўпланиб, хавфсизлик кучлари кузатуви остида бўлган.

Маълумот учун, Поль Бийя 1975 йилда Камерун бош вазири этиб тайинланган, 1982 йил ноябрида эса ўша пайтдаги президент Амаду Ахиджо кутилмаганда истеъфога чиққач, давлат раҳбари лавозимини эгаллаган. Шундан бери Бийя ҳар бир сайловда ғалаба қозониб келмоқда.

Инаугурация маросими 6 ноябрь куни бўлиб ўтади. Бу Бийя учун саккизинчи президентлик муддати бўлади. Унинг янги ваколат муддати 7 йилга мўлжалланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?