Ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар қўллаб-қувватланди

14:35 02 Июнь 2018 Сиёсат
1808 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда асосий эътибор Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини амалга оширишда ННТ, ОАВ ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаол иштирокини таъминлаш бўйича бажариладиган вазифаларга қаратилди.

Таъкидланганидек, жорий йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат ижтимоий буюртмасини тақдим этиш бўйича танловга 26 та ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 28 та лойиҳаси қабул қилинди ҳамда бу бўйича ғолиблар аниқланди. Давлат ижтимоий буюртмалари аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, айниқса, ногиронлиги бўлган ёшларнинг соғлиғини реабилитация қилиш, имконияти чекланган болалар реабилитацияси ва мослашуви тизимини такомиллаштиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Йиғилишда Жамоат фонди томонидан биринчи ҳамда иккинчи танлов натижаларига кўра ғолиб, деб топилган ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг муҳим ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари қўллаб-қувватланиши юзасидан қарорлар қабул қилинди. Хусусан, биринчи танлов якуни бўйича 54 та лойиҳа 1,5 миллиард сўмга, иккинчи грант танловида эса 45 та лойиҳа 1,25 миллиард сўмга молиялаштирилиши қайд этилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, мазкур грантларнинг ажратилиши Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришда ННТ, ОАВ ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаол иштирокини таъминлайди.

Тадбирда болаларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, инновацион фикрлашини ошириш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий-маънавий, экологик, тиббий маданиятини юксалтириш, туризмнинг инновацион турларини жорий этишда ННТ фаоллигини кучайтириш мақсадида учинчи ва тўртинчи грант танловлари эълон қилинди. Жойларда ушбу танловларнинг мавзу, йўналишлари, шартлари ҳамда талабларини “учинчи сектор” вакилларига кенг тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Парламент комиссияси аъзолари кун тартибидаги бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер