Италияни забт этган “Бобурнома”

Мамлакатимизда бугун буюк аждодларимиз меросига қаратилаётган эътибор, улардан қолган бой илмий адабий меросни тадқиқ этиш ҳар қачонгиданда долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги” қарори ҳам мана шундай эътиборнинг бир намунаси ҳисобланади. Зеро, ўз буюк аждодларини эъзозлаган, уларнинг илмий мероси, бунёдкор ғояларини ўзининг маънавий тараққиёти маёғи ўлароқ тутган халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.
Заминимиз азалдан буюк алломалар, мутафаккирлар, ўз замонасидан ўзиб кетган даҳолар юрти бўлиб келган. Қатор олимларимиз дунё тамаддунига ўз ҳиссаларини қўшишган, ўз илмлари билан янги-янги даврларни бошлаб беришган. Бири калом илми устози, забардаст олим, бошқаси тиббиёт отаси, яна бири муҳаддислар султони бўлса бошқа бирлари ғазал мулкининг султони. Ана шундай йирик сиймолар қаторида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳам ўз ўрни бор.
Жаҳон илм-фани тараққиётида Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг ўрни ва аҳамияти катта. Хусусан, “Бобурнома” ХВИ асргача бўлган ижтимоий-сиёсий тушунчаларни қамраб олган, барча соҳаларда қимматли маълумотлар берувчи, ўзбек халқининг жаҳондаги бошқа миллатлар билан адабий-маданий алоқалари тарихини ёритишга хизмат қиладиган ноёб манбадир. Дунёнинг ўттизга яқин тилига таржима қилиниши асарнинг теран мазмуни, таъсирчан услуби ҳамда энциклопедик характери билан белгиланади. Хусусан, Европага “Бобурнома” ХВИИИ аср бошларида кириб борган. 1705 йилда илк бор голланд тилига асардан парчалар таржима қилинади ва шу орқали “Бобурнома” европаликлар орасида машҳур бўлади. Кейинчалик инглиз тилига 3 марта, немис тилига 4 марта, француз тилига 3 марта таржима қилинганлиги ҳам асарнинг жаҳоний шуҳратидан далолат беради. Шу кунларда Европанинг яна бир мумтоз давлати – Италияда ҳам “Бобурнома”нинг итальян тилидаги таржимаси амалга оширилгани биз учун яна бир совға бўлди десак муболаға бўлмайди.
Ушбу нашр ўзбек ва итальян халқлари ўртасидаги адабий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқаларининг самарали ва ёрқин намунаси сифатида дунёга келди. Италиянинг тарихий илмий-оммабоп адабиётларга ихтисослашган етакчи нашриётларидан бири “Сандро Тети Эдиторе” нашриёт уйида юқори полиграфик сифатда чоп этилган “Бобурнома” асари юртбошимизнинг сўзбошиси ва атоқли итальян олими ва адиби Франко Кардини томонидан ёзилган кириш сўзи билан бошланади. Франко Кардини Бобур ва бобурийлар ҳақида сўз юритаркан, ўз халқининг, Ғарб аҳлининг шу пайтга қадар Турон заминдаги миллатларга паст назар билан қарашганини, аксар ҳолатларда уларга ноҳақ зулм қилинганини, ўзга халқларга фақат бойлик манбаси сифатида кўрилгани ва бу катта хато бўлганлигини афсус билан ёзади. “Биз ҳатто ўз жиноятларимизни тезроқ яшириш ва ўзимизни оқлаш учун “тарихи йўқ халқлар” деган сохта тушунчани ўйлаб топдик. Ҳолбуки, биз ушбу миллатлардан зўрлик билан тортиб олган бойликлар аслида уларнинг ҳақиқий, асл ва ниҳоятда беҳисоб хазиналарининг юзаки, ташқи бир қисми эди, холос”, – дейди муаллиф.
Кардини Бобур ва унинг ижодига юксак баҳо беради, уни “сўз санъатига меҳр қўйган буюк ҳукмдор ёхуд салтанатни севган буюк адиб” деб атайди. Олимнинг “Бобурнома” ҳақида билдирган фикрлари ҳам диққатга сазовордир. У “Бобурнома”ни Европанинг машҳур асарлари билан бир қаторга қўяди: “Бу шунчаки тарихий қийматга эга бўлган кундалик, саёҳатнома, хотира, автобиография, солномагина эмас, балки ушбу муҳташам асар муаллиф ҳукмдорнинг ўз замонасида мавжуд бўлган сохта ва баландпарвоз адабий услубларни инкор этадиган илмий-бадиий салоҳиятини ҳам яққол намоён этади. “Бобурнома”ни ўқишга жазм қилган европалик китобхон ундан бош кўтаролмай қолиши шубҳасиз. Шу аснода инсонпарвар папа Пий ИИ – Энеа Силвио Пикколоминининг “Изоҳлар”и, император Пётр Леополд Габсбургнинг автобиографик мулоҳазалари беихтиёр хаёлга келади; баъзан ўқувчи ўзини Монтенни, баъзан эса Марко Поло ёки Буюк Фридрих ёхуд Мелвиллни мутолаа қилаётгандек ҳис этади”.
Асар итальян тилига Уилер М.Текстон таржимаси асосида ўгирилган.Текстон таржимаси ҳақида гап кетганда, олимларимиз бошқа инглизча таржималарга қараганда шоир услуби ва ғоясини кўпроқ сақланганлиги, аввалги таржималардаги камчиликлар тузатилганлиги ва маълумотларининг тўлиқ берилганлигини эътироф этадилар. Асос матн сифатида Текстон таржимасининг олинишини ҳам итальянча таржиманинг ютуғи сифатида баҳолаш мумкин.
“Бобурнома”нинг турли тилларга таржима қилиниши, унинг жозибасидан кўпроқ одамнинг баҳраманд бўлишига замин яратади, шу билан биргаликда ушбу таржималарни турли нуқтаи назардан ўрганилишини ҳам тақозо этади. “Бобурнома”нинг итальянча таржимасини қиёсий аспектда ўрганиш, ютуқ ва камчиликларига баҳо бериш бугунги бобуршуносларимиз олдида турган навбатдаги вазифалардандир.
Дунё илм-фани ривожида Бобур асарларининг илмий аҳамиятини асослаш, таржималарнинг ўзига хос хусусиятларини аниқлаш борасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда. Асарнинг итальянча таржимасини ўзбекча матн билан структур-семантик жиҳатдан қиёслаш таржима назарияси ва амалиёти жараёнида бадиий асар таржимасига қўйиладиган тамойилларни янада такомиллаштиришга ҳисса қўшади.
Барчамизга янги таржима, янги нашр муборак бўлсин!
Дилафруз МУҲАММАДИЕВА,
Алишер Навоий номидаги
ўзбек тили ва адабиёти университети
доценти, бобуршунос.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг