Истеъдод эгаси ва истибдод қурбони
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекнинг улуғлари. Жадидлар
Жадидчилик ҳаракатининг ёрқин вакилларидан бўлмиш Саидризо Ализода 1887 йил 15 февралда Самарқанд шаҳрининг Боғишамол гузарида ипакчи-гиламчи савдогар Мирмуҳсин оиласида туғилган. Мактаб ёшига етгач, отаси Саидризони гузарида муҳожирликда яшаган озарбайжонлик аллома Шайх Абулқосим асос солган янги усул мактабига олиб боради. Қисқа вақт ичида мактабни аъло баҳоларда тамомлаган Саидризони Шайх Абулқосим мактабда муаллимлик қилиш учун олиб қолади.
Муаллимлик даврида у мактаб кутубхонасидаги Озарбайжон, Эрон ва Ҳиндистонда чоп этилган газета ва китобларни мунтазам ўқиб борган.
Мактабда бир муддат ишлагач, олий таълим олиш учун мадрасага ўқишга кирган ва олти йил таҳсил олган. Уни тамомлагач, Самарқанд шаҳридаги Демуров номидаги босмахонада ҳарф терувчи, сўнгра рус ва ўзбек тилида чиқадиган «Самарқанд» журналида мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаган. Шу тариқа рус тилини яхши ўрганган, рус адабиёти билан ҳам яқиндан танишган.
Саидризо Ализода 1914 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий билан ҳамкорликда «Самарқанд» газетаси, кейинчалик «Ойина» журналини ташкил этади. Уларнинг саҳифаларида Самарқанддаги мактаб ҳамда мадрасалардаги эскича ўқитиш тизимини кескин танқид қилиб, таълим тизимини ислоҳ этиш бўйича мақолалар эълон қилиб боради. Жумладан, газета ва журнал саҳифаларида Афғонистонда чиқадиган «Сирож-ул ахбор» газетасида машҳур сиёсий арбоб, таниқли адиб Маҳмуд Тарзий томонидан ёзилган афғон янги усул мактабларидаги муаммоларга бағишланган мақолаларни кўрсатиш орқали Самарқанд жадид мактабларида дарсликларнинг етишмаслиги, имтиҳон олиш жараёнидаги чопон кийдириш каби камчиликларни танқид қилади. Уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар беради. «Самарқанд» газетаси ва «Ойина» журналининг «Телеграф хабарлар» саҳифасини ўз ҳисобидан чиқартиради. 1917 йилдан «Ҳуррият» газетасида таржимон ва мухбир бўлиб ишлайди.
1919 йили Туркистон ҳукумати ҳузурида республикадаги тожиклар, эронликлар ва афғонларни бирлаштирган форс бўлими ташкил этилгач, Саидризо Ализода бу бўлимга бошлиқ қилиб тайинланган. Бўлим ҳафталик «Шарқ машъали» журналига асос солган ва 1919 йил 7 мартда Саидризо Ализода ушбу журналга муҳаррир этиб тайинланган. 4 минг нусхада чиққан журнал Туркистон, Кавказортидан ташқари, Афғонистон, Эрон, Туркия, Ҳиндистон ва қатор араб мамлакатларида тарқалган эди. Журнал саҳифаларида Саидризо Ализоданинг ўлка аҳлининг эркин ҳаётга ташна орзу-умидлари ўз ифодасини топган мақола ва шеърлари эълон қилиб борилган.
У 1922 йилдан бошлаб «Зарафшон» газетасида бўлим мудири бўлиб ишлаган. Муҳаррирлик қилиш билан бир пайтда, «Туркистон хабарлари», «Камбағаллар ўқи», «Ҳуррият», «Меҳнаткашлар товуши», «Бухорои шариф», «Турон», «Самарқанд овози» газеталари, «Машраб», «Мулла Мушфиқий» журналларида мақолалар чиқариб турган. Танқидий мақолалари ва фельетонларини Баҳлул, Замбур, Ранжбар, Боғишамолий, Шапалоқ, С.А. каби тахаллуслари билан бериб борган.
Самарқандда тожик тилига ихтисослаштирилган мактаб очиб, камбағал оилаларнинг фарзандларига таълим берган Саидризо Ализода ўқувчилар учун «Сарфи араб», «Туркий алифбо», «Тарих», «Жуғрофия», «Риёзиёт», «Ҳандаса», «Табиат», «Дин вожиблари», «Низомнома», «Бадан тарбияси», «Илми фазо» сингари ўн битта дарслик ёзгани маълум. Бу дарсликлар бошланғич синфлар учун тайёрланган бўлиб, ўқувчилар улар орқали савод чиқаришдан тортиб, аниқ ва табиий фанлар бўйича етарлича билим ҳамда кўникмаларга эга бўлган. Саидризо Ализода ўзбек мактаблари учун «Биринчи йил» алифбосини ёзиб, Самарқанддаги янги усул мактабларига бепул тарқатганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мактабчилик ва дарсликлар ёзишдан ташқари шаҳарда яшовчи руслар учун кечки курслар ташкил этган ҳамда уларга ўзбек ва тожик тилларини ўргатган.
Саидризо Ализоданинг озарбайжонлик мутафаккир Абдулла Шойиқ билан биргаликда яратган «Янги озарбайжон алифбоси» Озарбайжон мактаблари учун қимматли дарслик сифатида фойдаланилганига ҳам урғу бериш лозим.
Маърифатчи жадид луғат тузиш ишлари билан шуғулланган ҳамда 1933-1934 йилларда 61 минг сўздан иборат икки жилдлик русча-тожикча луғатини нашр эттирган бўлиб, унда кўплаб касбий ва ижодий атамалар, уй-рўзғор буюмлари номлари, илмий ва адабий номлар ўрин олган.
Саидризо Ализоданинг янгича қараш ва интилишлари, энг муҳими, бу борадаги аниқ-тиниқ ишлари юртдан ташқарида ҳам довруқ топгани яхши маълум. Унинг набираси Фарҳод Ализоданинг айтишича, мутафаккир Афғонистон ҳукмдори Омонуллахон фармони билан форс тилида тарих ва ислом динига оид «Асри саодат», «Муросилот-мактубот», «Одоби икром», «Тарихи ислом», «Тарихи Туркистон», «Қонуниятҳойи диний», «Маданияти ислом», «Зарурати ислом», «Фан дар борайи коинот» китобларини ёзган ва улар 1923 — 1933 йилларда Покистоннинг Лоҳур шаҳрида нашр этилган.
Саидризо Ализода таржимонлик соҳасида ҳам самарали меҳнат қилган зиёлилардан саналади. У рус адиблари Александр Пушкиннинг «Дубровский», «Капитан қизи», «Евгений Онегин» асарларини, Фёдор Гладковнинг «Цемент», Николай Островскийнинг «Пўлат қандай тобланди», америкалик ёзувчи Цинклер Эптуннинг «Юз фоиз», Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» асарларини тожик тилига таржима қилган. Афғонистоннинг машҳур сиёсий арбоби ва таниқли адиб Маҳмуд Тарзий билан биргаликда Жюл Верннинг «Ер юзи бўйлаб 80 кунлик саёҳат» асарини форс тилига ўгирган. Шунингдек, Абу Али ибн Сино, Абулқосим Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Фузулий, Алишер Навоий асарларини рус тилига таржима қилгани таҳсинга сазовордир. Саидризо Ализода Эрон ва Афғонистондан Туркистонга келган зиёлилар билан самарали ҳамкорлик қилган. Хусусан, Эроннинг машҳур педагоги Маликушшуаро Баҳор билан янги усул мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича ёзишмалар олиб боргани маълум.
1933 — 1937 йилларда Самарқанд давлат университетида араб ва форс тилларидан дарс берган, бутун умрини миллат ҳамда юрт рўшнолиги, янгича қараш ва билимларга эга авлод тарбияси учун бағишлаган ўзбекнинг улуғини мустамлакачилар кўздан қочиришлари мумкин эмасди. Улар Саидризо Ализодани 1937 йили Самарқанд давлат университетида ёшларга дарс бериб турган хонанинг ўзидаёқ қўлга олганлар. Ўз одатларига кўра, уни жосусликда айблаб, қамоқ жазосига ҳукм қилишади. Олдинига Самарқанд, сўнгра Тошкентда, кейинроқ Тоболск ва Владимирда 8 йил қийноқлар остида тутқунлик азобини тортган Саидризо Ализода 1945 йил 24 декабрда Владимир қамоқхонасида сил касалидан вафот этади. 1987 йили набираси Фарҳод Ализоданинг саъй-ҳаракати билан марҳумнинг хоки Владимирдан ўз юртига олиб келинган ҳамда Самарқанддаги «Панжоб» қабристонига дафн этилган.
Бутун умрини зиё тарқатиш, маърифатчилик ишига бағишлаган Саидризо Ализодага мустақиллик йилларида барча жадид зиёлилари қатори муносиб ҳурмат кўрсатилди. У яшаган уй музейга айлантирилди ва ҳаёт йўлини очиб берувчи кўргазмалар ҳамда илмий мероси билан бойитилди. Самарқанд шаҳри кўчаларидан бирига ва шаҳардаги 14-мактабга Саидризо Ализода номи берилди. Галдаги бурчимиз эса эл-юрт куйинчаги, жадидчи бобомизнинг мақола, рисола, дарсликлари — илмий меросини «Танланган асарлар» тарзида чоп этиш, унинг фидойиликка йўғрилган умри ва ишларини ёш авлодга намуна қилиб кўрсатишдир, албатта.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
ЎзРФА Тарих институти докторанти,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг