Ислом цивилизацияси марказида ишлар жадал давом этмоқда

14:35 21 Август 2025 Жамият
86 0

Фото: Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати.

Ҳодиса натижасида бинонинг 19 квадрат метр том қисми зарарлангани, энг муҳими, бинода фуқаролар жабр кўрмагани ҳамда ички қисми мутлақо шикастланмагани ҳақида хабар бергандик.

Аммо шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда ушбу воқеа юзасидан турли асосланмаган ёлғон фикр ва муносабатлар билдирилмоқда. Хусусан, ёнғин содир бўлган пайтда мажмуада Марказ ходимлари фаолият олиб бораётгани, ноёб артефактлар зарарлангани ҳақида ҳақиқатга зид хабарлар ҳам тарқалмоқда.

Шу муносабат билан қуйидагиларни маълум қиламиз:

1. Ҳозирги пайтда мажмуада қурилиш ишлари якунланмагани боис, Ислом цивилизацияси маркази ходимлари ҳали бинога кўчиб ўтишмаган.

2. Мазкур бинода ҳеч қандай тарихий экспонатлар, жумладан, Каъба ёпинчиғи жойлаштирилмаган.

3. Марказнинг музей экспозицияси учун олиб келинган барча ноёб артефактлар алоҳида назорат остида хавфсиз жойда, бошқа бинода сақланмоқда.

4. Янги мажмуа ҳозирча қабул қилинмаган ва расмий равишда фойдаланишга топширилмаган. Шу сабабли, мажмуа биносида Марказ ходимлари иш олиб бораётгани йўқ.

Маълум қиламизки, қурилиш ишлари қуйидаги ташкилотлар масъуллигида амалга оширилмоқда: лойиҳачи – “Ўзоғирсаноатлойиҳа” АЖ, бош пудратчи – “Трест-12” АЖ, буюртмачи – Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси, молиялаштирувчи – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси, бундан ташқари хорижнинг етакчи бир нечта компаниялари ва дизайнерлар фаолият олиб боришмоқда.

Ислом цивилизацияси маркази фуқароларимизнинг миллий мерос ва муқаддас қадриятларга бўлган эътибор ва ташвишини юксак қадрлайди. Ҳозирда қурилиш жараёнлари тегишли ташкилотлар томонидан тўлиқ назоратга олинган, ишлар режага мувофиқ давом эттирилмоқда ва якунига етказилиши арафасида.

Шу ўринда барча юртдошларимиздан расмий манбалар орқали берилаётган ахборотларга ишонишларини, турли асоссиз хабарларга эътибор бермасликларини сўраб қоламиз.

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати.
 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?