Ислом оламида биринчи мадраса Бухорода барпо этилганини биласизми?

12:55 16 Ноябрь 2022 Жамият
4292 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Қўқон каби қадимий шаҳарларимизда азалдан-азалдан мадрасалар илм-маърифат ўчоғи бўлиб келган.

— Шарқ ва Ғарб таълим тизими тараққиёти таҳлил этилса, бир манзара кўзга ташланади, — дейди Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Шодмон Ҳайитов. — Ғарбда таълим марказлари сифатида университетлар шаклланган. Шарқда бу вазифани мадрасалар бажариб келган. Юртимизда дастлабки олий таълим берувчи Форжак, Фақиҳ, Иброҳим Тавғочхон мадрасалари IX-XII асрлардаёқ вужудга келганди. Тарихий манбаларда қайд этилишича, мусулмон оламида биринчи мадраса IX асрда Бухорода барпо этилган. Унда илоҳиёт билан бир қаторда қонуншунослик (фиқҳ), мантиқ, математика (риёзиёт), геометрия (ҳандаса), тиббиёт, тарих, жўғрофия, адабиёт, шеърият (илми аруз), араб тили каби қатор дунёвий фанлар ўқитилган.

ЎзФА Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори, шарқшунос-манбашунос, Туризм ва маданий мерос вазирлиги илмий эксперт кенгаши аъзоси Комилжон Раҳимовнинг таъкидлашича, Форжак нафақат Бухоро, бутун бошли минтақамизда бунёд этилган дастлабки мадрасалардан биридир.

— У тўғрисидаги илк маълумот Муҳаммад Наршахийга тегишли, — дейди олим биз билан суҳбатда. — Бу мадраса тахминан IX асрда Бухоро шаҳрининг Самарқанд дарвоза деб аталадиган қадимий манзили ҳудудида, йўл ёқасида қурилган. Милодий 937 йилда ёниб вайрон бўлган. Кейинчалик у таъмирдан чиқарилган. ХIII асрда унда мударрис Масъуд Имомзода дарс ўтган. Афсуски, биноси сақланмаган.

Бу каби мадрасаларда сабоқ олган толиби илмлар орасидан, шубҳасиз, минтақамиз, қолаверса, дунё илму фани, маърифатига улкан ҳисса қўшган олиму фузалолар етишиб чиққан. Дейлик, Бухородаги энг қадимий олий ўқув юрти дея ҳисобланган Абу Ҳафс Кабир мадрасасида Имом Бухорий ҳазратлари таълим олган. Бу мадрасага 800-810 йиллар атрофида асос солинган. Илмий фаолиятига ҳозир 1220 – 1210 йил тўлди. Мадраса билан боғлиқ айрим тарихий ёдгорликлар сақланиб қолган. Айримлари таъмирланган. Шўролар инқилобига қадар бу ерда дарс ўтилган.

БухДУ профессори, тарих фанлари доктори С. Иноятовнинг таъкидлашича, илму маърифат этагидан тутган ҳукмдорлар ота – боболаримиз анъанасини давом эттиришган. Бунга Мирзо Улуғбек яққол мисол бўла олади.

— Унинг даврида мадрасаларда аниқ, табиий ва ижтимоий-гуманитар фанлар диний йўналишдаги илмлар билан баробар ўқитилган, — дейди олим. — Мирзо Улуғбек нафақат Самарқандда, балки Бухоро ва Ғиждувонда ҳам мадраса бунёд этиб, уларни мунтазам қўллаб-қувватлаб турган. Жумладан, 1419 йилнинг 28 ноябрида ўзи 1417 йилда қурдирган Бухородаги мадрасага ташриф буюриб, толиби илмлар ва уларнинг домлаларига совғалар инъом этган, қизғин суҳбатлар қурган. Эътиборлиси, бу мадрасанинг лойиҳасини

Мирзо Улуғбекнинг ўзи чизган. Мадраса қурилишини ўша даврнинг энг машҳур усталари Нажмиддин Бухорий ва Исмоил бинни Маҳмуд Исфахонийлар бошқарганлар.

Мадрасага Мирзо Улуғбек ислом динининг бош шиори бўлган «Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон ва муслимага фарздир» деган сўзларни ёздиртиради. Айтмоқчи, ёғочга дарж қилинган бу ёзув ҳозир Бухоро давлат музей – қўриқхонасининг Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида жойлашган филиалида сақланмоқда.

Яна бир далилга эътиборни қаратмоқчимиз. Бухорода шу каби мадрасалар орасида бино қилинганидан буён ҳозирга қадар ўқув соҳасида фаолият кўрсатиб келаётган бир таълим даргоҳи бор. Бу Мир Араб мадрасасидир. Бундан салкам беш юз йил муқаддам барпо этилган бу таълим масканида давримизнинг кўплаб алломалари, давлат арбоблари сабоқ олишган.

— Умуман олганда, Бухоро шаҳрида юқорида тилга олинганларидан ташқари Калабод, Ғарибия, Абу Бакр ибн Фазл, Кулартегин, Хония, Охунд Хованд, Хожа Илғор, Масъудия, Хожа Муҳаммад Порсо мадрасалари фаолият кўрсатган, — дейди Комилжон Раҳимов. — Уларнинг деярли барчасида шўролар даврига қадар дарс ўтилган. Айримлари ҳозир ҳам сақланиб қолган. Агар шаҳардан ташқарида ҳам йигирмага яқин мадраса фаолият кўрсатгани инобатга олинса, Бухорои шарифга илму маърифат маскани дея таъриф беришгани бежиз эмаслиги маълум бўлади.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?