Ислом молияси: халқаро тажриба, амалиётдаги муаммолар ва келажакдаги кутилмалар
Глобаллашув жараёнлари чуқурлашган сари жаҳон молия тизими мураккаб ва кўп қиррали шаклларга эга бўлиб бормоқда. Бу контекста ислом молияси ўзига хос хусусиятлари билан алоҳида ўрин тутади. 2024 йилда глобал ислом молияси активлари 3,88 триллион долларни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 14,9 фоизга ўсганлиги бу соҳанинг динамик ривожланишидан далолат беради. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2029 йилга келиб активлар ҳажми 9,7 триллион долларга етиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бундай ўсиш суръатлари ислом молиясини нафақат мусулмон мамлакатлар, балки бутун жаҳон иқтисодиёти учун муҳим молиявий воситага айлантириши кутилмоқда.
Янгиланган «Ўзбекистон—2030» стратегияси лойиҳаси доирасида мамлакатимизда 2030 йилга бориб исломий молиянинг ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда камида 3 та тижорат банкида исломий молия хизматини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Лойиҳага кўра, дастлаб 2027 йилда Ўзбекистондаги битта банкда исломий маҳсулотлар жорий этилади, 2029-2030 йилларда эса уларнинг сони учтага етказилади. Ушбу ташаббуслар тижорат банклари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунинг учун Марказий банк масъул этиб белгиланган.
2024 йил декабрида Ўзбекистон Марказий банки Исломий молиявий хизматлар кенгашига аъзо бўлганди. Мазкур ташкилотга аъзолик бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистонда исломий молия институтлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш соҳасида илғор халқаро тажрибани жорий этиш имконини беради. Шунингдек, 2025 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини босқичма-босқич жорий қилишга қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди. Мамлакатимизда ислом молияси жорий этилиши натижасида қарийб 10 миллиард долларлик инвестициялар жалб қилиниши, 100 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Ислом молияси нима?
Ислом молияси – бу ислом ҳуқуқий тизими (фиқҳ) ва шариат қоидаларига асосланган молиявий фаолият шаклидир. Унинг асосий хусусияти рибо, яъни фоиз олиш ва беришнинг бутунлай тақиқланганлигидир. Бу тақиқ нафақат индивидуал даражада, балки бутун молиявий тизим учун асосий тамойил ҳисобланади. Ислом молиясининг иккинчи муҳим принципи мавҳумлик ва ноаниқликнинг тақиқланишидир. Ҳар қандай молиявий транзакция аниқ шартлар асосида, ҳар икки томон учун тушунарли ва шаффоф тарзда амалга оширилиши керак. Бу принцип спекулятив операциялар ва ноаниқ шартларга асосланган битимларни чеклайди. Учинчиси – майсир яъни қимор ёки тасодифий фойда олишга асосланган фаолиятнинг тақиқланишидир. Бу принцип молиявий тизимда реал иқтисодиётгa асосланмаган, фақат нархлар фарқидан фойда олишга қаратилган операцияларни олдини олади.
Ушбу учта асосий тақиқдан ташқари, ислом молияси риск алмашиш, адолат ва тенглик каби тамойилларга ҳам асосланади. Анъанавий банк тизимида кредит олувчи бутун фоиз миқдорини тўлаш мажбуриятини олади, ҳатто унинг бизнеси муваффақиятсиз бўлса ҳам. Ислом молиясида эса молиявий муассаса билан мижоз биргаликда рискни олади – агар бизнес яхши кетган бўлса, фойда бўлинади; агар зарар бўлса, зарар ҳам бўлинади. Бу ёндашув иқтисодиёт субъектлари ўртасида адолатли муносабатларни мустаҳкамлайди.

Исломий молия тизими қандай ишлайди?
Ислом молиясида анъанавий фоизга асосланган кредитлаш ўрнига бир қатор махсус молиявий инструментлар қўлланилади. Мурабаҳа – бу энг кенг тарқалган инструмент бўлиб, унда молиявий муассаса маълум бир активни сотиб олиб, мижозга белгиланган устама ҳақи эвазига сотади. Масалан, агар автомобиль 20 минг доллар туради ва мурабаҳа ставкаси 5 фоиз бўлса, мижоз 21 минг доллар тўлайди – 20 минг асосий қарз, 1 минг эса савдо устамаси сифатида. Бу инструмент мураккаблиги камлиги ва тушунарлилиги туфайли кенг қўлланилади.
Ижара – бу лизинг шаклидаги инструмент бўлиб, унда молиявий муассаса активни сотиб олади ва мижозга ижара тўловлари эвазига фойдаланишга беради. Ижарага олинган активнинг охирида мижоз уни сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин. Бу инструмент асосан кўчмас мулк, автомашина ва ускуналар молиялаштириш учун ишлатилади. Анъанавий ипотека ўрнига ишлатиладиган ижара шакллари ғарб мамлакатларида ҳам кенг тарқалган.
Мудараба ва мушарака – бу шериклик асосидаги молиявий шакллардир. Мударабада молиявий муассаса капитал беради, мижоз эса ўз меҳнатини қўшади; фойда олдиндан белгиланган нисбатда бўлинади, зарар эса фақат капитал берувчига тегади. Мушаракада эса иккала томон ҳам капитал қўшади ва фойда ҳам, зарар ҳам улушлар нисбатида бўлинади. Бу инструментлар тадбиркорлик фаолияти ва янги лойиҳаларни молиялаштириш учун идеал ҳисобланади.
Сукук – бу исломий облигациялар бўлиб, анъанавий корпоратив облигациялардан фарқли ўлароқ, улар реал активларга асосланади. Сукук чиқарувчи маълум бир актив ёки активлар портфелини харид қилиш учун маблағ йиғади ва инвестор бу активлардан келадиган даромад улушини олади. Сукуклар сўнгги йилларда айниқса тез ривожланмоқда – улар давлат ва корпоратив молиялаштириш учун муҳим воситага айланган.

Кучли томонлари ва афзалликлари
Ислом молиясининг энг муҳим афзалликларидан бири унинг реал иқтисодиётга асосланишидир. Анъанавий банк тизимида пул ўз-ўзи учун қиймат яратади – фоиз олиш учун пул бериш кифоя. Ислом молиясида эса ҳар қандай молиявий операция реал актив ёки хизматга боғланиши керак. Бу ёндашув молиявий тизимни реал иқтисодиётдан узиб қўйиш хавфини камайтиради ва сармоянинг продуктив фойдаланишини таъминлайди.
Инқирозларга чидамлилик – ислом молиясининг яна бир муҳим афзаллигидир. 2008 йилги глобал молиявий инқироз исломий молия институтларига нисбатан кам зарар етказди, чунки улар ипотека ва мураккаб инструментларда иштирок этмаган. Спекулятив фаолиятнинг тақиқланиши ва риск алмашиш принципи туфайли исломий молия тизими барқарорроқ ҳисобланади. IFSB маълумотларига кўра, 2024 йилда глобал молиявий тизим 14,9 фоиз ўсиш кўрсатган бўлса, ислом молияси сектори ҳам бу ўсишга ҳисса қўшган.
Ижтимоий масъулият ва ахлоқий инвестициялар ислом молиясининг яна бир кучли томонидир. Исломий молия институтлари ахлоқсиз деб ҳисобланган соҳаларга – алкоголь, тамаки, қурол-яроғ, қимор ва бошқа шу каби соҳаларга инвестиция қилишдан қочадилар. Бундан ташқари, закот ва садақа каби ижтимоий тўловлар ислом молияси тизимига интеграция қилиниши мумкин, бу эса ижтимоий фаровонликни оширишга хизмат қилади. Бу ёндашув айниқса ривожланаётган мамлакатларда ижтимоий инфратузилмани молиялаштириш учун жозибадор ҳисобланади.

Заиф томонлар ва қийинчиликлар
Барча афзалликларига қарамай, ислом молияси бир қатор муаммолар ва чекловларга ҳам дуч келади.
Биринчи муаммо – мураккаб ҳужжатлаштириш жараёнлари мавжуд. Ҳар бир транзакция шариат кенгашлари томонидан тасдиқланиши керак, бу эса операцион харажатларни оширади ва транзакция вақтини узайтиради. Анъанавий банкда бир неча кунда расмийлаштириладиган кредит исломий банкда бир неча ҳафта давом этиши мумкин.
Иккинчи муаммо – Ликвидликни бошқариш воситаларининг чекланганлигидир. Анъанавий банк тизимида пул бозори инструментлари, ишлаб чиқариш воситаси ва қисқа муддатли қарз воситалари кенг тарқалган. Ислом молиясида эса бу воситалар шариат талабларига жавоб бериши керак, бу эса уларнинг сонини ва ҳажмини чеклайди. Натижада, исломий банклар ликвидлик муаммоларини ҳал қилишда кўпроқ қийинчилик сезадилар.
Учинчи муаммо – Стандартлаштириш ва турли юрисдикциялардаги фарқлардир. Ҳар бир мамлакат ва ҳатто ҳар бир исломий молия институтининг шариат кенгашлари баъзи масалаларда турлича қарашларга эга бўлиши мумкин. Бу халқаро операцияларни мураккаблаштиради ва инвесторлар учун қўшимча рисклар яратади. Малайзия, БАА ва Саудия Арабистони каби ривожланган исломий молия бозорлари ўртасида ҳам муайян фарқлар мавжуд.
Тўртинчи муаммо – Бошланғич босқичда операцион харажатлар юқори бўлади. Янги исломий молия институтини ташкил этиш учун малакали кадрлар, шариат кенгашлари ва махсус инфратузилма керак. Ўзбекистон каби бозорга янги кираётган мамлакатларда бу харажатлар айниқса сезиларли бўлади. Шунингдек, аҳоли ва бизнес вакиллари учун ислом молияси тамойилларини тушунтириш ва тарқатиш учун катта маркетинг харажатлари талаб этилади.
Ўзбекистонда ислом молиясини ривожлантиришдаги муаммо ва тўсиқлар
Биринчи муаммо – солиқ кодексидаги тўсиқлар бор. Мурабаҳа ва бошқа исломий инструментлар бўйича операциялар учун қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) ва бошқа солиқлар анъанавий кредитлашдан фарқли тарзда ҳисобланиши мумкин. Бу эса исломий молия хизматларини анъанавий банк хизматларидан қимматроқ қилиши мумкин.
Иккинчи муаммо – малакали кадрлар етишмовчилиги. Исломий молия тамойилларини тушунадиган ва амалиётда қўллай оладиган мутахассислар кам. Шариат кенгашлари аъзолари, исломий молия маслаҳатчилари ва мурабаҳа операцияларини бошқарувчи мутахассислар тайёрлаш учун махсус таълим дастурлари керак, ҳозирча Ўзбекистонда бундай ихтисослашган таълим дастурлари кам.
Учинчи муаммо – аҳоли ва бизнеснинг етарли даражада хабардор бўлмаслиги. Кўпчилик исломий молия ва анъанавий молия ўртасидаги фарқларни билмайди. Баъзилар исломий молияни фақат диний мажбурият деб ўйлайди, унинг иқтисодий афзалликларини тушунмайди. Бошқалар эса уни мураккаб ва қиммат деб ҳисоблайди. Бу тўсиқларни енгиш учун катта тарғибот ва таълим ишларини олиб бориш керак.
Тўртинчи муаммо – инфраструктура ва техник тизимлар етишмайди. Исломий молия учун махсус ҳисоб китоб тизимлари, шариатгa мувофиқ cлеаринг ( тўлов тафсилотлари) ва сеттлемент (маблағларни якуний ўтказмалари) тизимлари ҳамда ликвидлик бошқарув воситалари керак. Мавжуд банк инфратузилмасини исломий тамойилларга мослаштириш вақт ва маблағ талаб қилади.

Қуйида исломий молия соҳасида энг юқори натижаларга эришган давлатлар тажрибасини ўрганиб чиқамиз.
Малайзия модели
Малайзия жаҳонда исломий молияни энг муваффақиятли ривожлантирган давлат ҳисобланади. 1983 йилда биринчи ислом банки ташкил этилганидан буён Малайзия тўлиқ экотизим яратди – исломий банклар, такафул (исломий суғурта), сукук бозори ва Islamic Financial Services Board каби халқаро ташкилотлар. Малайзия тажрибасининг асосий ютуғи – кучли давлат регулятори ва стандартлаштирилган қонунчилик базасидир. Малайзия ҳукумати исломий молияни ривожлантириш учун махсус зона –“Islamic Financial Services BoardIslamic”ни ташкил этди. Бу зона хорижий исломий молия институтлари учун қулай шароитлар яратди ва мамлакатни халқаро исломий молия марказига айлантирди. Малайзия сукук бозори дунёдаги энг катта ва ликвид бозорлардан бирига айланди, давлат ва корпоратив сукуклар кенг тарқалган. Ўзбекистон учун Малайзия тажрибасидан бир неча дарслар олиш мумкин. Биринчидан, давлат сиёсати ва қонунчилик асосий муваффақият омилидир. Иккинчидан, халқаро ҳамкорлик ва инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш муҳимдир. Учинчидан, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасига катта эътибор бериш керак. Тўртинчидан, сукук бозорини ривожлантириш иқтисодиёт учун муҳим манба бўлиши мумкин.

Буюк Британия модели
Буюк Британия – мусулмон бўлмаган давлатларда исломий молияни энг муваффақиятли ривожлантирган мамлакат. 2003 йилда биринчи исломий банк (The Islamic Bank of Britain) очилганидан буён Лондон халқаро исломий молия марказига айланди. Буюк Британия тажрибасининг асосий хусусияти “level playing field” яъни тенг рақобат майдони принципи – исломий банклар анъанавий банклар билан бир хил қоидалар асосида фаолият юритади. Буюк Британия ҳукумати исломий молияни ривожлантириш учун махсус қадамлар ташлади. Давлат облигациялари (gilts) сукук шаклида чиқарилди. Бу эса инвестор учун ишончли актив яратди. Шунингдек, солиқ қонунчилигига исломий молияга оид ўзгартиришлар киритилди, бу банклар учун тенг шароитлар яратди. “London City” исломий молия марказида юзлаб мутахассислар ишлайди ва йирик халқаро банклар исломий бўлимларни очган. Ўзбекистон учун Буюк Британия тажрибаси муҳим дарслар беради. Хусусан, исломий молияни ривожлантириш учун мамлакатда мусулмон аҳоли кўп бўлиши шарт эмас – профессионал хизматлар ва қулай регулятор муҳит етарли. Шунингдек, давлатнинг ўз облигацияларини сукук шаклида чиқариши бозор ишончини оширади.

Марказий Осиё тажрибаси
Қозоғистон Марказий Осиёда исломий молияни ривожлантиришда етакчи ўрин тутади. Мамлакатда “Al Hilal” исломий банки ва бошқа исломий молия институтлари фаолият кўрсатмоқда. 2017 йилда “Astana International Financial Centre” ташкил этилган бўлиб, унда исломий молия йўналиши алоҳида ўрин тутади. “Fitch Ratings” прогнозларига кўра, Қозоғистон Марказий Осиёда исломий молия активлари ўсишида етакчи бўлиб қолади.
Қирғизистон ҳам исломий молияга қизиқиш билдирмоқда. Мамлакатда бир неча исломий банк ва микромолия ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. 2024 йил охирига келиб Марказий Осиёда исломий молия маҳсулотлари ҳажми 500 миллион доллардан ошган. Қирғизистондаги “Eco Islamic” Банк каби лойиҳалар исломий молиянинг экологик ва ижтимоий йўналишларини ривожлантирмоқда.
Ўзбекистон қўшниларининг тажрибасидан ҳам фойдаланиши мумкин. Қозоғистон ва Қирғизистондаги муваффақиятлар ва хатолар Ўзбекистон учун муҳим дарслар беради. Хусусан, қонунчилик базасини тўғри тузиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кадрлар тайёрлашга эътибор бериш муваффақият калити ҳисобланади.

Келажакдаги кутилмалар қандай?
Ислом молияси – бу нафақат диний эҳтиёжларга жавоб берувчи молиявий тизим, балки иқтисодиётни диверсификация қилиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш муҳим воситаси ҳамдир. Глобал ислом молияси активлари 2024 йилда 3,88 триллион долларга етди ва 2028 йилга бориб 7,5 триллион долларгача ўсиши прогноз қилинмоқда. Бу ўсиш суръатлари ислом молиясининг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни ортиб бораётганини кўрсатади. Ўзбекистон учун ислом молияси бир қатор имкониятлар очади. Биринчидан, банк хизматларидан фойдаланмайдиган аҳоли қисмини молиявий хизматлар билан қоплаш мумкин. Иккинчидан, кичик ва ўрта бизнес учун молиявий манбалар кенгаяди. Учинчидан, МДҲ мамлакатлари ва Кўрфаз давлатлари билан иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланади. Тўртинчидан, инфратузилма ва ижтимоий соҳалар учун сукук чиқариш имконияти пайдо бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ислом молияси ҳар қандай муаммони ҳал қилувчи «сеҳрли таёқча» эмас. Унинг ҳам камчиликлари ва қийинчиликлари бор – мураккаб ҳужжатлаштириш, юқори операцион харажатлар ва стандартлаштириш муаммолари. Бироқ тўғри ёндашув, профессионал кадрлар ва қулай регулятор муҳит билан бу муаммолар ўз ечимини топиши мумкин. Ўзбекистонда ислом молиясини муваффақиятли жорий этиш учун давлат сиёсати, халқаро ҳамкорлик ва аҳоли хабардорлигини ошириш зарур. Якуний хулоса сифатида айтиш мумкинки, ислом молияси Ўзбекистон иқтисодиёти учун янги иқтисодий драйвер бўлиш салоҳиятига эга. Мамлакатимизнинг географик жойлашуви, демографик тузилмаси, иқтисодий ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорлик имкониятлари исломий молияни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратади. Асосий масъулият ҳукумат, банк сектори ва жамоатчилик зиммасида – уларнинг ҳамкорлиги ва иродаси бу соҳанинг муваффақиятини белгилайди.
Эъзозбек Ҳамидов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг