Ислоҳотлар изчиллиги ва ижтимоий масъулият — фаровон келажак пойдевори

15:57 29 Декабрь 2025 Жамият
253 0

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини катта ҳаяжон билан тингладик. Мурожаатномада ўтган тўққиз йилда эришилган натижалар чуқур таҳлил қилиниб ва эришилган натижаларга асосланиб, нафақат 2026 йилга, балки 2030 йилга қадар мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари белгилаб берилди.

Унда илгари сурилган ташаббуслар давлат бошқарувида барқарорлик ва ислоҳотларда изчилликни таъминлашга, шунингдек, жамиятни ижтимоий-маънавий ривожлантиришга йўналтирилган.

Президент нутқида иқтисодий ўсишни таъминлаш масаласи фақат рақамлар ёки кўрсаткичлар билан эмас, балки унинг инсон ҳаётига, аҳоли фаровонлигига қандай таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан ёритилгани муҳим аҳамият касб этади. Иқтисодиётни диверсификация қилиш, саноат ва инфратузилмани модернизациялаш, инвестиция муҳитини яхшилаш каби вазифалар миллий иқтисодиётнинг ташқи хатарларга чидамлилигини оширишга қаратилган бўлса, ижтимоий соҳада таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя масалаларига берилган устувор эътибор давлат сиёсатининг марказида инсон турганини яна бир бор тасдиқлайди.

2026 йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Бу қарор давлат сиёсатининг марказига янада очиқ-ойдин тарзда инсон, унинг кундалик ҳаёти ва жамиятдаги ўрни қўйилаётганини англатади. Маҳалла – Ўзбекистон шароитида шунчаки маъмурий тузилма эмас, балки жамиятнинг ижтимоий таянчи, одамлар ўртасидаги ўзаро ёрдам, ҳамжиҳатлик ва жавобгарликни таъминловчи муҳим институт ҳисобланади. Шу маънода, бутун бир йилни маҳаллага бағишлаш давлатнинг ислоҳотларни юқори даражадаги қарорлар билан чекламай, уларни аҳолининг энг қуйи бўғинигача етказишга интилаётганини кўрсатади. Бу ташаббус орқали жамиятни ривожлантириш “юқоридан пастга” эмас, балки “пастдан юқорига” тамойили асосида амалга оширилишига урғу берилаётганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари, мазкур номланишда “жамиятни юксалтириш” иборасининг қўлланилиши фақат инфратузилма ёки маиший муаммолар билан чекланиб қолмасдан, ижтимоий онг, фуқаролик фаоллиги ва маънавий муҳитни ҳам қамраб олишга қаратилган кенг қамровли ёндашувни англатади. Бу эса маҳалланинг роли эндиликда фақат ижтимоий ёрдам тақсимловчи тизим сифатида эмас, балки фуқароларнинг ташаббусини қўллаб-қувватлайдиган, жамиятда масъулият ва дахлдорлик ҳиссини кучайтирадиган майдон сифатида қайта қаралаётганини кўрсатади.

Мурожаатномада олтита устувор йўналиш белгиланди.

Биринчи устувор йўналиш – маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдан иборат дейилди.

Президентимиз маҳаллалардаги муаммолар, яъни йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради, деди. Одамларда эртанги кунга ишонч бўлиши учун ҳам биринчи галда уларга қулай шарт- шароит яратиш кераклиги таъкидланди. Бу йўналиш ОКМК томонидан ижтимоий масъулиятини янада ошириши лозимлигини кўрсатмоқда. Хусусан, Олмалиқ шаҳри ва унга туташ ҳудудларда маҳалла инфратузилмасини янгилаш, йўллар, ижтимоий объектлар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли турмуш сифатини ошириш ишлари мутлақо янги ёндашув асосида давом эттирилади.

Жорий йилда Президентимизнинг “Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ комбинат Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ ва Чиноз туманлари, Нурафшон шаҳри ҳамда Фарғона вилояти Олтиариқ туманига бириктирилди. Бугунги кунда ушбу ҳудудлардаги маҳаллаларда ОКМК хомийлигида кўчаларга асфальт ётқизилди, аҳолига ичимлик суви етказиб бериш бўйича амалий ишлар бажарилиб, артезиан қудуқлар қазилди, электр тармоғи яхшиланди. Бундан ташқари, аҳолининг томорқадан самарали фойдаланишига кўмаклашиш мақсадида 12та даромади паст оилалар учун енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб берилди.

Шунингдек, Сирдарёда туманидаги махсус мактаб-интернат тўлиқ реконструкция қилиниб, янги қиёфада фойдаланишга топширилди. Айни пайтда Ангрен шаҳридаги “Дукент” маданият уйи ҳам жадал реконструкция қилинмоқда.

Иккинчи устувор йўналиш – иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказишдан иборат.

Бугунги кунда комбинатда замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, янги конларни ўзлаштириш ва қувватларни модернизация қилиш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар нафақат маҳсулот ҳажмини ошириш, балки юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, энергия самарадорлигини яхшилаш ва ташқи бозорларда рақобатбардошликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Айнан шу йўналишда, яъни бизнес ва технологик жараёнларини автоматлаштириш, бошқарув ва операцион соҳани оптималлаштириш доирасида шу йилнинг ўзида 20 та лойиҳа ишга туширилди. Шунингдек, Президентимизнинг 2025 йил 16 сентябрдаги “Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида яна 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб келаётган сунъий интеллект технологиялари комбинатнинг ишлаб чиқариш жараёнларида ҳам жорий этилмоқда. Хусусан, “Қалмоққир” ва “Ёшлик-1” конларида кон-транспорт бошқарув тизими ишга туширилди. Натижада маълумотларни “онлайн” жамлаш, қайта ишлаш йўлга қўйилди. “Ёшлик-1” конида “экскаватор – автосамосвал” оператив бошқарув тизими ишга туширилиб, автоматик равишда автосамосваллар экскаваторларга тақсимланмоқда.

Сунъий интеллектга асосланган маъдан ўлчамларини, экскаватор ковшининг тишларини назорат қилиш ҳамда ҳайдовчиларнинг чарчоқларини кузатиш функционаллари ишга туширилди. Маъданни бойитиш жараёнида видео аналитика “Машина кўз назорати” пилот лойиҳаси синовдан ўтмоқда.

Мис бойитиш фабрикасида “маъдан – сув” нисбатларини автоматлаштириш мақсадида назорат ва ўлчов жавонлари ўрнатилди. Флотация жараёнларини автоматлаштириш учун U-flotation интеллектуал тизими жорий этилмоқда, у реал вақтда жараённи таҳлил этиб, бошқарув қарорларини қабул қилади. Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириб, йўқотиш ва харажатларни камайтиради.

Мис бойитиш фабрикасида қўшимча 3 та концентратор ўрнатилиши туфайли фойдали компонентларни маъдандан ажратиб олиш даражаси 1-3 фоизга оширилди. 2-Мис бойитиш фабрикада майдалаш-ювиш участкаси ускуналарининг созланиши натижасида авариявий тўхташлар 30 фоизга камаяди. Мис эритиш заводида автоматлаштирилган ахборот тизими тайёр маҳсулотни юклашни назорат қилади.

Сульфат кислотаси цехининг кислота омбори ва Металлургия цехининг майдалаш шихталаш бўлими автоматлашган диспетчерлик тизими орқали онлайн тарзда назорат қилинмоқда.

Металлургия цехи печларига юкланувчи шихта таркибини кимёвий ва экспресс таҳлил натижаларини электрон тарзда тўлдириш йўлга қўйилди. Натижада қоғозбозлик 50 фоизга қисқартирилди.

Президент мурожаатида иқтисодий ривожланиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва илғор технологияларни жалб этишга алоҳида урғу берилгани бу йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришимиз ва жадаллаштиришимиз шартлигини билдиради. Шунингдек, илғор технологияларни жалб этишда турли халқаро ташкилотлар, хорижий компаниялар ва АҚШ билан ҳамкорлик қилиш ҳам долзарбдир. Ҳозирда Америка ва Европа компаниялари билан қўшма лойиҳаларни кенгайтириш, замонавий технология ва бошқарув тажрибасини жалб қилиш орқали миллий иқтисодиётни модернизация қилиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Бу ҳамкорлик Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилади.

Учинчи устувор йўналиш – ички бозорда талабни ривожлантириш.

Президентимиз таъкидлаганидек, қулай бизнес муҳити яратилиши, иш ўринларининг кўпайиши, маҳсулотлар тури ошиши халқимизнинг даромадини ва фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.

Саноат кооперацияси доирасида ОКМК томонидан Ангрен шаҳридаги “Биринчи резина техника заводи”, Тошкент шаҳридаги “Apiteks”, Оҳангарондаги “Steel Pipe Company”, Олмалиқ шаҳридаги “Carbon Polymer” ва “Almalyk Quyuv Mexanika Zavodi каби корхоналар билан ҳамкорлик қилинмоқда. Бу импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш баробарида, ички бозорни ривожлантириб, янги иш ўринларини яратилишига замин яратяпти.

Ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш, тадбиркорликни қўллаб- қувватлаш орқали ички бозорда барқарор талаб муҳитини яратиш мумкин.

Шу боис олдимизда турган долзарб вазифалардан бири “саноат учбурчаги” дастури доирасидаги ишларни янада ривожлантириш деб ҳисоблаймиз.

Мурожаатномадаги касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш – келгуси йил учун дастурининг тўртинчи устувор йўналишидир.

Президент мурожаатида инсон капитали, таълим ва ёшлар сиёсати устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу жиҳатдан хорижий давлатлар билан билан таълим, фан ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади. Академик алмашинувлар, қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳалар ёш авлоднинг билим ва тафаккур салоҳиятини ошириш орқали мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёти учун мустаҳкам замин яратади.

Бу йўналишда комбинатнинг Ўқув маркази, Муҳандислик мактаби ва 2025 йилда ташкил этилган Илғор муҳандислик мактаби асосий ижрочилар бўлиб хизмат қилади. Ушбу мактаблардаги замонавий ускуналар, янги технологик жараёнларга мослаштирилган илғор ўқитиш дастурлари орқали профессионал мутахассислар қайта тайёрланади.

Олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчи ва талабалари учун доимий амалиётларни ташкил этиш орқали, уларни келгусида ишга қабул қилишнинг “кафолатланган кўпригини” яратиш ҳам бош мақсад этиб белгиланди.

Шунингдек, ишчилар малакасини ошириш бўйича комбинатнинг янги инвестиция лойиҳалари, хусусан, янги Мис бойитиш фабрикалари учун салоҳиятли кадрларни тайёрлаш мақсадида хорижий ҳамкорлар иштирокида тренинглар ва малака ошириш курслари ҳам мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Бу чора-тадбирлар Ўзбекистонда замонавий, рақобатбардош ва энг муҳими, талабга жавоб берадиган меҳнат бозорини яратишга қаратилган.

Бешинчи устувор йўналиш – экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш.

Бу йўналиш комбинат учун долзарб ҳисобланади. 2025 йилда Мис бойитиш фабрикаларида ҳавони чанг, газ ва бошқа саноат чиқиндиларидан тозалашга мўлжалланган аспирация тизимлари тўлиқ реконструкция қилинди.

Шунингдек, асосий ва ёрдамчи объектлардаги 30 та тизим мукаммал ва 130 та эскирган вентиляция-аспирация қурилмалари жорий таъмирланди. Натижада уларнинг иш самарадорлиги 99,5 фоизга етказилди.

Мис эритиш заводининг сульфат кислота цехида чиқиндиларни автоматик таҳлил қилиш ва мониторинг қилиш ускуналари ўрнатилиб, республика бўйича ягона тизимга интеграция қилинди.

Шунингдек, Рух заводида 180 минг тонна қувватга эга янги сульфат кислотаси цехини қуриш якунланмоқда. Цех ишга туширилгач, олтингугурт гази атмосферага чиқарилмасдан тўлиқ ушлаб қолинади.

Мурожаатномада таъкидланганидек, ОКМКда қиймати 2 миллиард 700 миллион доллар, қуввати 300 минг тонна мис катодидан иборат бўлган янги металлургия мажмуасини барпо этиш ишлари бошланади. Ушбу стратегик лойиҳамиз амалга оширилиши натижасида комбинатда мис ишлаб чиқариш 148,5 минг тонна қувватдан 300 минг тонна қувватгача етади. Янги металлургия мажмуасида “Flash Smelting” ва “Flash Converting” технологиялари асосида ишлайдиган замонавий печлар жорий этилади. Бу технология туфайли чиқинди олтингугурт гази тўлиқ ушлаб қолинади ва қўшимча маҳсулот – йилига 1,8 миллион тоннагача сульфат кислотаси олишга йўналтирилади.

“Яшил энергетика”га ўтиш бўйича ҳам ОКМКда бир қатор ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда 80 дан ортиқ майдонда умумий қуввати 9 мегаватт бўлган қуёш панеллари ишлаб турибди. Жорий йил якуни билан уларда 7 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Ушбу кўрсаткич тоза энергияга инвестициялар самарадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади.

Дунёда сув танқислиги тобора долзарб бўлиб бормоқда ва сувдан оқилона фойдаланишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқмоқда. Шу боис комбинатда ҳам сув ҳавзалари доимий равишда тозаланиб, насос ускуналари ва магистраль қувурлар герметизацияси назоратда бўлади.

Олтинчи устувор йўналиш – замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларни давом эттириш.

Мурожаатномада давлат бошқарувини рақамлаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва коррупцияга қарши курашни тизимли равишда кучайтириш масалалари фақат маъмурий ислоҳот сифатида эмас, балки жамиятда адолат ва ишонч муҳитини шакллантиришнинг муҳим шарти сифатида талқин қилинди.

Айтиш жоизки, бюрократияни камайтириш ва коррупцияга қарши кураш масалаларининг қатъий қўйилиши ҳокимият тизимида самарадорлик ва шаффофликни оширишга қаратилган. Албатта бу йўналишдаги ташаббусларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан уларнинг ижроси, назорат механизмлари ва жамоатчилик иштирокининг қай даражада таъминланишига ҳам боғлиқ бўлади.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида коррупцияга қарши курашиш бўйича очиқ ва шаффоф тизим яратилган бўлиб, бу республика ва халқаро форумларда эътироф этилмоқда.

Хусусан, “Sustainable Fitch” халқаро рейтинг агентлиги томонидан республикада энг юқори балл билан комбинатга ESG 3-рейтинг даражаси берилди. Октябрь ойида бўлиб ўтган Аксилкоррупция форумида комбинатнинг фаолияти очиқлиги ва шаффофлиги алоҳида таъкидланди.

Комбинат “очиқлик индекси” бўйича республикада биринчи ўринни олди. Жорий йилда акциядорлик жамиятлари ичида ҳам энг юқори ўринни қўлга киритди.

Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими бўйича республика ва халқаро ISO стандартларига мослиги тўғрисида сертификатлар олинди.

Сўнгсўз ўрнида шуни айтмоқчиманки, 2025 йил 26 декабрдаги Мурожаатнома Ўзбекистонда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар муайян барқарор босқичга чиққанини, энди эса давлат сиёсати сифат, самарадорлик ва натижага йўналтирилаётганини кўрсатади. Бу ҳужжатни мамлакатни модернизация қилиш, иқтисодий ривожланишни ижтимоий масъулият билан уйғунлаштириш ва давлат ҳамда жамият ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим сиёсий баёнот сифатида баҳолаш мумкин.

Абдулла ХУРСАНОВ, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ бошқарув раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?