Ишончли ахборот тарқатиш оммавий ахборот воситасининг узоқ муддатли муваффақиятини кафолатлайди

ЎзА ўттиз уч ёшда
Бугун оммавий ахборот воситалари фақат хабар улашувчи вазифасида қолса ютқазади. Замон уларга ўқувчи билан доимий мулоқот ўрнатувчи интеллектуал майдон бўлиш талабини ҳам юкламоқда.
Кечаги таомиллар бугунга тўғри келмай қолаётган глобал дунёда ишончли, сифатли, холис ва жамият ривожига хизмат қилувчи ахборот манбаи бўлиш осон эмас.
Бугун Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ташкил этилганига ўттиз уч йил бўлди. Ўтган даврда агентликда иш ва ахборот тарқатиш тизими замонга мос тарзда босқичма-босқич ривожланиб борди. Сана сабаб шу ҳақида қисқача тўхталамиз.
Аслида агентлик солномаси бир асрдан кўпроқ тарихга эга, лекин кейинги беш-олти йиллик фаолият давомида эришилган натижа анча салмоқли. Холис айтганда, бу салмоқ ахборот технологияларининг шиддати ва мамлакатда соҳага қаратилаётган катта эътибор натижасидир.
Юртимизда оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Президентнинг 2019 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида ўзига хос аҳамиятга эга бўлди. Қарор билан агентлик фаолияти қайта ташкил этилди.
Бугунги кунда ЎзА давлат органлари фаолияти ва мамлакатдаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни тўлалигича ёритиб келмоқда. Агентликнинг таҳририят ва марказлари, ҳудудлардаги мухбирлар тармоғи тезкор ҳамда объектив ахборот узатишда замонавий ёндашувларга таянмоқда. Иш жараёнида рақамли технологиялар кенг жорий этиляпти.
Агентлик фақат расмий хабарлар билан чекланиб қолмасдан, таҳлилий мақола, интервью, репортаж ва танқидий материаллар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Расмий веб-сайт ва мобиль илова такомиллаштирилди. Бу билан ўқувчилар янгиликларни осон ва мунтазам кузатиб бориш ҳамда турли форматдаги ахборотлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Хусусан, кейинги йилларда фото ва видеоконтент тайёрлашда катта ютуқларга эришилди. Кўп форматли материаллар, инфографика ва видеорепортажлар тайёрлашда ҳам ўзига хос ёндашилмоқда. Тан олиш керак, тадбирлардан онлайн материаллар узатилиши, ижтимоий тармоқларда турли соҳаларнинг масъуллари билан долзарб мавзуларда очиқ мулоқотлар ташкил этилаётгани, аҳолининг агентликка мурожаатлар билан ишлашда янги тизим йўлга қўйилгани олдинги йиллар билан солиштирилганда катта ютуқ бўлди.
Бу ишлар натижасида ЎзА мамлакатимиз “Миллий қидирув тизими”да рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари рейтинги бўйича энг юқори учликдан жой олиб келмоқда. Ижтимоий тармоқларда улашилаётган материалларни мунтазам кузатиб борувчилар сони эса жами бир миллион кишидан ошди.
Ушбу ютуқлар мамлакат ахборот маконида агентликнинг мавқейини янада мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда.
Давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ахборот алмашиш борасида яқин ҳамкорлик мустаҳкамлангани эса материалларни тезкор, ишончли тарзда тарқатишда муҳим аҳамият касб этяпти.
Шунингдек, хорижий ахборот агентликлари билан ҳамкорлик алоқалари кенгайди. Йирик медиа тадбирларда фаол иштирок этиш, тажриба алмашиш ва мамлакатимиз ҳақидаги мақолаларни жаҳон оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарқатишга эришилди. Бугун ЎзА ахбороти ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, француз, немис, испан, араб, қозоқ ва хитой тилларида кенг тарқатилади.
Шу ўринда бир маълумотни келтириб ўтиш лозим. Жамоада ходимлар фаолияти самарали бўлиши учун ишлар тизимли йўлга қўйилган. Буни ЎзА сайтига ҳар куни 350 дан ортиқ, ойига тўққиз-ўн мингта турли форматдаги журналистик материал жойланаётганида ҳам кўриш мумкин. Бу материаллар эса миллион марталаб кўрилмоқда.
Аслида агентлик веб-ресурси учун муҳим бўлган нарса – бу ўқувчилар сони эмас, балки уларнинг расмий сайтга бўлган ишончи. Ишончли ва сифатли ахборот тарқатиш эса оммавий ахборот воситасининг узоқ муддатли муваффақиятига замин яратади.
Шунинг учун таҳлилий материалларни кўпайтириш, фактларнинг чуқур ўрганилиши, оддий воқеаларни ҳам ўзига хос услубда тақдим этиш, мутахассислар мулоҳазаси орқали сифатли мақолалар тайёрлаш йўлидан борилмоқда. Бу борадаги ишлар натижасини фаол ўқувчилар, турли рейтинг ташкилотлари ҳам тез-тез эътироф этишаётгани қувонарли.
Яқинда “Brand Analytics” ижтимоий тармоқларнинг фаол аудиторияси бўйича ўтган йилнинг октябрь ойи тадқиқот натижаларини тақдим қилди. Унда Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларда энг кўп ҳавола қилинган оммавий ахборот воситалари рейтинги ҳам эълон қилинди. Рўйхатда энг фаол йигирмата оммавий ахборот воситаси кўрсатилди. ЎзА унда учинчи ўринда қайд этилди. Бу кичик натижа эмас. Иккинчи поғонани эса Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базасининг расмий сайти эгаллаган. Бу ресурснинг тўлалигича оммавий ахборот воситаси эмаслигини ҳисобга олсак, www.uza.uz мазкур рейтингда 15 минг 628 маротаба иқтибос келтирилгани билан ўз-ўзидан яна бир поғона юқорилайди.
Ишончлилик – асосий қадрият. Замонавий оммавий ахборот воситаси ишончлиликка таянган ҳолда фаолият юритиши лозим. Ахборот тарқатиш тезлиги қанчалик муҳим бўлмасин, бирибир унинг ҳаққонийлиги биринчи ўринда туради. Катта аудиторияга эга бўлиш муҳим бўлса-да, асосий мақсад ахборот сифатини таъминлаш саналади. Бунинг учун агентликда ҳар қандай маълумотни ишончли манбадан тасдиқлатиш тартибига алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ўз фаолиятини янада такомиллаштириш йўлида сиз ўқувчилар фикрларини қадрлайди. Бизни кузатаётганингиздан миннатдормиз!
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг