“Иш ўрни очилди” деб қўшиб ёзишдан кимга фойда?

19:08 11 Сентябр 2023 Жамият
464 0

Фото: “Халқ сўзи”

Чимбой туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларга муносиб турмуш шароитларини яратиш ва халқ фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, ўтган учрашувларда белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси хусусида тўхталди. Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим камчиликлар ўрин олаётгани танқид қилинди.

Таъкидлаш жоизки, туманда жорий йилга белгиланган янги иш ўринларини яратиш бўйича вазифалар тўлиқ амалга оширилмаган бўлсада, янги иш ўринлари яратилди, деб ҳисоботларга қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган.

Туманда ҳудудларни комплекс ривожлантиришни доимий молиялаштириш,кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка ёрдамлашиш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижроси, бюджет тушумлари, коммунал хизматлар учун тўловларни ундириш талаб даражасида эмас.

Шунингдек, туман солиқ ­инспекцияси раҳбарларининг ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан қараганлиги сабабли бир қатор молиявий хато-камчиликлар аниқланган, ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси учун қарздорликни ундириш тўғри йўлга қўйилмаган.

Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича ишлар бажарилмаган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қулай бизнес муҳитини яратиш инновацион технологияларни жорий қилиш ва инфратузилмалар билан таъминлаш даражасини янада яхшилаш орқали халқнинг фаровонлигини оширишга қаратилган қарори сектор раҳбарлари томонидан талаб даражасида ижро этилмаган.

Жорий йилги Инвестиция дастури асосидаги янги лойиҳаларни ишга тушириш орқали янги иш ўринларини яратиш, экспорт кўрсаткичлари, халқни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тадбирлари, экин майдонларида сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ишлари талаб даражасида эмас.

Камбағалликни қисқартириш ва халқнинг бандлигини таъминлаш доирасида айрим ҳолатларда кредит маблағлари шу кунгача ажратилмаган, ажратилган кредитларнинг баъзилари мақсадли сарфланмаган.

Йиғилишда шу каби қатор камчиликлар танқидий таҳлил қилинди. Зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда камчиликларга йўл қўйган айрим соҳа раҳбарларига эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилиб, айримларига интизомий чора қўлланилди.

Ғайрат Отажонов, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер