Интернет: оқми ёки қора?
Бугунги кунда тафаккури тиниқ инсонга интернет кундалик беминнат дастёрга айланиб улгурди. Унинг имкониятларидан фойдаланиб, зарур маълумот, маҳсулот ва бошқа хизматларни олмоқда. Олисдаги суҳбатдоши билан мулоқотга кириб, баҳслашмоқда. Зиёлилар интернет ўзи учун нимага кераклигини яхши билади, ундан пул сарфлаб фойдаланаркан, пулига куйиб қолмаганига ишончи комил. Бироқ “Ахборот асри” деб аталаётган ҳозирги замонда маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг қулай воситаси ҳисобланса-да, бу тармоқда оқ билан қора, эзгулик билан ёвузлик бир жойга тўпланганки, баъзи қабиҳликларни кузатиб ёқа ушлайсиз. Жаҳолат шу қадар усталик билан ниқобланганки, ҳақиқатни ёлғон, маърифатни бидъатдан ажратиш қийин. Ҳозирги тил билан айтсак “Ўргимчак тўри”да бузғунчи ғоялар тарғиботи ва террорга чақириқлар жуда кўп.
— Соғлом ақл эгалари интернет қулайликларидан ўз билимларини ошириш ва дунёқарашини кенгайтиришда тўғри фойдаланмоқда. Лекин баъзилар тармоқдаги ёвузлик, маънавий таназзулга сабаб бўладиган, ақидапарастликни тарғиб қиладиган сайтларга кириб, ўзларининг ва атрофидагиларнинг онгини заҳарлаётгани ачинарлидир, — дейди фалсафа фанлари доктори Нигора Сафарова. — Мазкур тармоқларда ўзини-ўзи ўлдиришнинг бир неча усуллари бир неча тармоқларда баён этилади. Юзма-юз суҳбатда бу ҳақида сўралса, ҳар қандай разил киши ҳам суҳбатдошини бу сўнгги чорадан қайтаришга ҳеч бўлмаса уриниб кўриши тайин. Аммо айрим ижтимоий тармоқларнинг бу борадаги “кимўзар”ини нима билан изоҳлаш мумкин? Террорчилик кайфиятидаги шахсларнинг ижтимоий тармоқларда олиб бораётган тарғибот ташвиқотлари кундан кунга ошиб, “Odnoklassniki”, “Facebook”, “Instagram”, “Twitter” ҳамда “VKontakte” ижтимоий тармоқларида бузғунчилик, ёт ғояларни тарғиб қилувчи юзлаб гуруҳлар мавжудлиги фикримизнинг далилидир.
Илгари ИШИД террорчилари ҳам ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга оширишда интернетдан усталик билан фойдаланиб, алдамчилик, кўзбўямачилик билан ишланган видеотасвирларни тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларга жойлаштиришни конвейерга айлантиришганди. Уларни кўрган ғўр, илмсиз кишилар тўрга тушганини билмай “ал-Ҳаёт” медиа студиясида тайёрланган видеолавҳаларни томоша қилишган. Юқори сифат ва маҳорат, катта тажриба, малакага эга бўлган мутахассислар томонидан ишлаб чиқарилган бу маҳсулотлар қанчадан-қанча юртдошларимизнинг ҳам умрига зомин бўлди. Террорчиликка асосланган гуруҳлар, фаолияти таъқиқланган мутаассиб оқимлар томонидан тайёрланган бундай видеороликлар конвейери бир лаҳза ҳам тўхтагани йўқ. Унинг ортида албатта, манфаатдор кучлар турибди. Айни шу кучлар ушбу хунрезликларни амалга оширувчилардир. Улар учун одам савдоси каби трансмиллий иллатнинг жабрдийдалари ниҳоятда қулай “хом-ашё”. Сарсон-саргардонликда ноинсоний муносабатлардан дийдаси қотган бундай нафс қуллари, одатда пул учун ҳар қандай пасткашликдан қайтмайди.
- Инсон ўз ҳаётида нимани қадрлаши кераклигини унутмаслиги лозим, — дея давом этади Н. Сафарова. — Қадрият тушунчасининг моҳияти шу. Тинчлик, фаровонлик, шахс эркинлиги барча замоннинг олий қадрияти ҳисобланган. Бугунги кунда ушбу тушунчалар топталаётганлиги, инсоннинг ички олами учун курашлар кечаётганлигини кузатиш мумкин. Мисол учун навоийлик фуқаронинг собиқ қайнота, қайнона ва турмуш ўртоғини юк машинасида босиб ўлдиргани ҳақидаги жиноятлари барча тафсилотлари билан ҳикоя қилиниб, куннинг ижтимоий тармоқларнинг бош мавзусига айланди. Жазо муқаррарлигини намойиш этилганлигини инобатга олмасак, маиший асосдаги бу каби жиноятлар тафсилотлари одамларда ачиниш ҳиссини ҳам ўтмаслаштириб юбормоқда. Албатта, ижтимоий тармоқлардан ким нима ахтарса, ўшани топади. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов ёзганидек:
Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.
Ким неки изласа, топгай бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё...
Халқаро Ассоциациялар Иттифоқининг маълумотига кўра, бугун инсоният рўйи заминда 13 мингдан ошиқ глобал муаммоларга рўбарў турибди. Ечимли ва ечимсиз, минтақавий ва глобал ушбу муаммоларнинг барчаси Ҳазрати инсон туфайли юзага келган. Ҳар бирини бартараф этишга икки йилдан сарфланса ҳам 26 минг йил муддат керак бўларкан. Бироқ ахборот хуружлари ҳар қачонгидан ҳам юқорироқ шиддат олган замонамизда ҳамкасбларимиз муаммолар қолиб, уларнинг ечимига бағишланган саммитларда қайси раҳбар ким билан ёнма-ён суратга тушди-ю, глобал сиёсатда юқори мавқега эга мамлакатлар раҳбарлари саммитга ташриф буюрган ривожланаётган давлатлар раҳбарлари билан қўл бериб саломлашмаганлиги хусусидаги мулоҳазаларга урғу қаратишади. “Лайк йиғувчи”лар учун шуниси муҳим. Лекин шу масхара қилишлар ортида қайсидир раҳбар, миллат ва давлат тузумини пастга уриш, унга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотиш манфаатлари яширинган.
Эсингиздами, телеканаллар Россиянинг Денгизбўйи ўлкаси зоопаркларидан бирида Амур йўлбарси ўзига озиқ учун ташланган эчки билан дўстлашиб, йиртқич “маҳкум”ни ейишни хаёлига ҳам келтирмаётганлигини жонли тасвирларда намойиш этишганди. Ҳайратдан ёқа ушлайдиган мазкур ҳодиса кишини мушоҳадага чорлайди. Дунё қалқиб турган замонамизда икки махлуқнинг муроса кўчасини танлагани эҳтимол яратганнинг инсонларга ибрат ишорасидир. Мазкур воқеликнинг ибратомуз қирраларидан бири сифатида йўлбарс нафсига разм солсак, жониворнинг қорин ғамидан юқорироққа кўтарилгани даҳшатга солади. “Кимнинг уйи куйса куйсин, менинг қозоним қайнасин”, тамойили асосида ўзини ўтгаям, чўққаям ураётганларга ибрат эмасми, бу!
Ахборот хуружи ва янги-янги ахборот технологиялари авж олган замонамизда бўшлиқ пайдо бўлган макон зудлик билан забт этилмоқда. Инсоният ОИТСга қарши яқин орада самарали восита топса неажаб, бироқ ахборот хуружларининг ишончли қалқонини яратиш тобора мушкуллашиб бормоқда. ОИТСни бежиз тилга олмадик. Боиси инсон вужудини ишдан чиқарадиган мазкур хасталикни даволаш қийин бўлса-да, ундан сақланиш йўли оддийгина, яъни соғлом турмуш тарзи. Шунингдек, инсон маънавий иммунитетини вайрон қиладиган зарарли тармоқлардан ҳимояланиш ҳам осон – улардан фойдаланмаслик. Табиийки, бу йўналишдаги тушунчалар ҳар бир кишига ёшлигиданоқ, мактаб партаси ортидаёқ сингдирилиши лозим.
Темур ЭШБОЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг