«Инсонпарварлик ёрдами туфайли ҳаётга қайтдим»

13:43 12 Март 2025 Жамият
134 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Президентимиз ташаббуси билан халқимиз саломатлиги йўлида жорий этилган Давлат тиббий суғуртаси тизими фуқароларимизга бепул тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини бермоқда. Айниқса, моддий шароити яхши бўлмаган аҳолини кафолатланган тиббий хизмат билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олмоқда.

Сурхондарё вилоятида кўплаб оилалар давлатимизнинг бу ғамхўрлигидан миннатдор. Етмиш бир ёшли қумқўрғонлик Эсон Омонов ҳам ана шундай инсонпарварликдан баҳраманд бўлган юртдошларимиздан биридир.

— Узоқ йил ҳайдовчилик қилдим, — дейди Эсон бобо. — Юрак ишемик касаллиги билан оғриганимдан кейин меҳнат фаолиятидан чекланиб қолдим. Энди набираларим камолини кўрай, деганимда бошим ёстиққа тегди. Тўғриси, оилавий шароитимиз оғирлиги туфайли мураккаб турдаги операция харажатларига имконимиз етмади. Тезкор жарроҳлик амалиётига эҳтиёжманд беморларга берилган имконият асосида имтиёзли операция қилиндим. Барча харажатлар давлат томонидан тўлаб берилди. Юртбошимизнинг халқпарвар сиёсати боис ҳаётга қайтдим.

Президентимизнинг 2021 йил 28 июлдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди. Унга кўра электрон ҚР-кодли йўлланма асосида даволанган имтиёзли тоифага кирувчи беморларга сарфланган харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қоплаб берилади.

Вилоятда Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳозирда Республика ихтисослаштирилган кардиология, кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказларининг Сурхондарё минтақавий филиаллари ва вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази билан шартнома имзолаган. Жамғарма ушбу тиббиёт муассасаларида кўрсатилаётган тиббий хизматлар харидини амалга ошираётгани натижасида беморларнинг пойтахтга келиб овора бўлишга ҳожат қолмади. Энг ноёб турдаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари вилоят марказида ўтказилаётгани беморларнинг мушкулини осонлаштирди.

— Жорий йилда Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали юқори технология амалиётларини бажариш учун ҳар ойида 300 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган, — дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Ботир Мамасоатов. — Республика даражасида бажариладиган мураккаб жарроҳлик амалиётларига кетадиган харажатлар жуда юқори. Бунга кам даромадли оилаларнинг қурби етмайди. Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали битта эндопротезлаш амалиёти ўртача 30 миллион сўм, юракдаги очиқ амалиётлар 35 миллион сўмдан 60 миллион сўмгача, буйракдаги жарроҳлик амалиёти 120 миллион сўмгача амалга оширилмоқда. Келгусида жигар кўчириш амалиёти ҳам йўлга қўйилади. Ушбу жарроҳлик амалиёти 300 миллион сўм атрофида. Буни ҳам жамғарма маблағлари қоплаб беради. Бу халқимиз учун жуда катта имконият.

Муассасада бугунги кунда ҳафтада икки марта ўнга яқин мураккаб турдаги жарроҳлик амалиёти ўтказиб келинмоқда. Айни пайтда урология, нефрология, пульмонология, ортопедия, юрак қон-томири йўналишидаги касалликлари билан оғриган ижтимоий ҳимояга муҳтож, имтиёзли тоифага кирувчи беморларни даволашга сарфланган барча харажатлар жамғарма томонидан тўлиқ қоплаб берилмоқда.

Давлат тиббий суғуртасининг бошқа суғурта турларидан фарқи шундаки, белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ аҳолининг барча қатламлари кафолатланган тиббий ёрдам ҳажми билан қамраб олинади. Бу билан боғлиқ харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади. Аҳолидан бу суғурта турига ҳеч қандай пул ва бадаллар талаб қилинмайди. Мамлакатимизда бундай тизимнинг татбиқ этилгани Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир ислоҳоти замирида инсон ҳақ-ҳуқуқлари, манфаати биринчи ўринда туришининг амалдаги тасдиғидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?