Инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови

12:02 06 Декабрь 2025 Сиёсат
673 0

Бу йил мустақил давлатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигини кенг нишонлаймиз. Асосий Қонун миллий давлатчилигимиз, суверенитетимиз, эришилган барча ютуқ ва марралар, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияси мамлакатимизда ҳуқуқий давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида тан олиш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини амалда қарор топтириш йўлида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб берди, десак, муболаға бўлмайди. Ҳеч шубҳасиз, давлатимиз раҳбари асос солган тараққиётимизнинг янги босқичида жамиятда адолатни қарор топтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли ва мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бош қомусимизга мувофиқ, давлат органлари фаолияти барча жабҳада инсон манфаатларини таъминлаш, адолат ҳамда очиқлик тамойилларига асосланиши лозим. Шу жумладан, прокуратура органлари Конституцияда белгиланган ушбу юксак мақсадларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

Қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилиши устидан умумий назоратни олиб бориш, фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш прокуратуранинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Ташаббуслар самаралари

рақамларда намоён

Тараққиётимизнинг янги босқичида Президентимизнинг тизим фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслари самараси ўлароқ, ҳар жиҳатдан ўзгариб бораётган прокуратура органлари бу каби масъулиятли вазифаларни самарали амалга ошириш учун барча имкониятга ва зарур салоҳиятга эга.

Фаолиятимизнинг айрим йўналишларида эришилаётган натижаларга қисқача тўхталадиган бўлсак, прокуратура органлари томонидан ҳудудларда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, вояга етмаганларнинг таълим-тарбияси йўналишларида олиб борилаётган ислоҳотлар асосида муайян ишлар бажарилаётир.

Юртбошимизнинг тегишли Фармонига асосан камбағал оилаларни реестрга киритиш ва чиқаришнинг ҳаққонийлиги мунтазам ўрганиб борилмоқда ҳамда ўтказилган назорат тадбирлари давомида, ижтимоий ёрдам маблағларини олиб келаётган 86 867 та оила реестрдан чиқарилиши натижасида, бюджетдан 30 млрд. сўм иқтисод қилинишига эришилган.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича 28 720 нафар тадбиркорга амалий ёрдам кўрсатилди, жумладан, 4 762 нафар тадбиркорга 924,4 млрд. сўм кредит, 1 143 нафарига 508 гектар ер майдони ва 136 нафарига бино ажратилишида, 655 нафарига рухсатнома ва лицензия берилишида, 10 588 нафарига муҳандислик тизимларига уланишида, 11 436 нафарига бошқа масалаларда кўмаклашилди. Натижада 6 160 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 9 310 таси фаолияти тикланди, 23 201 та иш ўрни яратилишига эришилди.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларни қонунга итоаткорлик ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ҳар бир туман-шаҳардан биттадан мактаб прокурорлар томонидан оталиққа олиниб, уларга манзилли кўмаклашиш чоралари кўриб борилмоқда.

Бу борада ҳар бир мактаб бўйича алоҳида тасдиқланган чора-тадбирлар дастурлари ижроси таъминланиб, “Прокурор — мактаб — маҳалла — ота-она — ўқувчи” тамойили асосида жисмонан ва маънан етук ёш авлодни тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг профессор-ўқитувчилари томонидан туман-шаҳар прокурорларига бириктирилган мактабларда ўқитувчилар учун замонавий педагогика ва касбга йўналтириш борасида маҳорат дарслари ўтказилиб, соддалаштирилган “200+ тақиқлар” номли ўқув қўлланма ишлаб чиқилди.

Прокуратура

зиммасидаги масъулият

Янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида туб янгиликларни мустаҳкамлаб, уларнинг бузилишига йўл қўймаслик учун барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан, прокуратура зиммасига масъулият юклайди. Бу эса ҳар бир мурожаатни ўз вақтида, холис ва қонуний кўриб чиқишни, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини самарали тиклашни тақозо этади.

Прокуратуранинг бутун тизими инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида англаб иш юритиши шарт. Ҳар бир мурожаат — инсоннинг тақдири, ҳар бир қарор қонун устуворлигига берилган баҳодир. Хусусан, прокуратура органлари томонидан мурожаатлар билан ишлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабулини ташкил этиш билан боғлиқ фаолият самарадорлигини кўтариш борасида зарур чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг вакиллари қабулини амалга ошириш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишда қонунийлик, холислик тамойилларига қатъий амал қилиниши устидан назорат ўрнатилган.

Таҳлилларга кўра, 2025 йилнинг ўтган даврида прокуратура органларига келиб тушган мурожаатлар сони 332 300 (2024 йилда 380 978) тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 48 678 та ёки 12,7 фоизга камайган. Кўрилган чоралар натижасида 48 512 (49 177) нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Шу билан бирга, ушбу даврда прокуратура органлари ходимлари томонидан жами 250 560 нафар, шу жумладан, сайёр ва оммавий қабулларда 68 597 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари шахсан қабул қилиниб, муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилган.

Прокуратура органлари томонидан тергов ва суриштирув жараёнларида шахс дахлсизлиги, айбсизлик презумпцияси, ҳимоя ҳуқуқининг кафолатланиши принципларига қатъий риоя этишни таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. Ноқонуний босим, мажбурлаш ёки далилларни сохталаштириш ҳолатларига нисбатан мутлақ муросасизлик сиёсати олиб борилмоқда. Ҳар бир иш бўйича адолатли, далилларга асосланган ва қонун талабларига тўла мос қарор қабул қилиниши прокуратура фаолиятининг муҳим мезонидир.

Таъкидлаш жоизки, фаолиятда асосий эътибор терговни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, соҳага рақамли криминалистикани жорий этиш, назоратни замонавий услубда ташкил қилиш, тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, терговчиларнинг малакасини оширишга қаратилди.

Тергов жараёнидаги инсон омили билан боғлиқ қонун бузилиши, нуқсон ва камчиликларни кескин камайтириш, ортиқча қоғозбозлик ҳамда бюрократия ва фуқаролар оворагарчиликларининг олдини олиш мақсадида соҳани рақамлаштириш тармоқ олдида турган долзарб вазифа сифатида белгиланди.

Шунга асосан судга қадар иш юритишдаги дастлабки ва энг муҳим босқич ҳисобланган ҳодиса жойини кўздан кечириш тергов ҳаракатини рақамлаштириш бўйича яратилган “E — tergov” дастурий таъминотини такомиллаштириш чораси кўрилди. Хусусан, бу борада тузилган ишчи гуруҳ томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси” асосида ишларни қисқа муддатда тамомлаш чоралари кўрилиб, Бош прокурорга ўтказилган тақдимот натижасига кўра, дастурий таъминот планшетларга ўрнатилган ҳолда барча ҳудудларга юборилди ва синов жараёнлари ўтказилди.

Янги таҳрирдаги Конституция давлат органлари очиқлиги ва шаффофлигини кучайтиришни назарда тутган. Шу асосда прокуратура тизимида рақамлаштириш жараёнлари изчил давом эттирилмоқда.

“Рақамли прокуратура — 2030” стратегияси — амалда

Бугун рақамлаштириш жамият равнақининг асосий мезонларидан бирига айланди. “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси каби дастурий ҳужжатлар асосида устувор вазифалар ҳам белгилаб берилди.

Ўтган йилларда прокуратура органларида ҳам мазкур вазифалар ижроси бўйича муайян ишлар қилинди. Бундан 6 йил олдин бирорта ахборот тизими бўлмаган идорамизда бугунга келиб, ўз мутахассисларимиз томонидан яратилган 45 та дастур ишга туширилди.

Давлат органларининг 200 та ахборот тизими билан интеграцияланди. Тизимни рақамлаштириш натижасида сўнгги беш йилда 100 млрд. сўм иқтисод қилинди.

Президентимизнинг 2025 йил 3 ноябрдаги Фармони билан прокуратура органлари фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган “Рақамли прокуратура — 2030” стратегияси ва “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Фармонда мамлакатда қонунлар ижроси устидан самарали назоратни таъминлаш орқали қонун устуворлигига эришишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар назарда тутилган. Жумладан, мурожаатлар билан ишлашда инсон омилини истисно этадиган сунъий интеллект жорий қилинади. Натижада мурожаатларнинг саноқли дақиқаларда ижрочига етказилишига ҳамда уларда кўтарилган масалаларнинг қисқа муддатда ҳал этилишига эришилади.

Бош прокуратуранинг ахборот тизимига вазирлик ва идораларнинг тизимларини тўлиқ интеграция қилиш ҳам кўзда тутилмоқда. Тергов жараёнларига жорий этиладиган ахборот тизими суриштирув ва терговнинг барча босқичи устидан реал вақт режимида кундалик назорат ўрнатиш имконини беради.

Жиноят судларида бўлгани каби, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар билан ҳам прокуратуранинг ахборот тизими интеграция қилинади. Бу эса прокурорларнинг суд жараёнларида реал ва самарали иштирокини, суд амалиётидан тўлиқ хабардорлигини масофавий усулда таъминлайди, суд ҳужжатларига нисбатан тезкор муносабат билдириш имконини беради.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини, жумладан, прокуратура органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судловни самарали таъминлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда прокуратура органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиб, прокуратуранинг ҳуқуқни ҳимоя қилишга доир ваколатлари кучайтирилишига устувор аҳамият берилди. Эндиликда прокуратура органлари инсон ҳуқуқлари, давлат ва жамият манфаатлари ҳимоячиси сифатида янгича ҳуқуқий мақомда фаолият юритмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда биринчи инстанцияда жами 416 699 та иш кўрилиб, шундан прокурор иштироки мажбурий бўлган 33 527 тасида уларнинг қатнашиши таъминланган. Бу даврда прокурорлар томонидан судларга жами 103,2 млрд. сўмлик 1 883 та даъво ариза киритилиб, шундан 96 млрд. сўмлик 102 030 таси қаноатлантирилган. Бу даъволар бўйича ундириш белгиланган пул маблағининг 12,1 млрд. сўми амалда ундирилган.

Ёки бўлмаса, жорий йилнинг 10 ойида республика иқтисодий судлари томонидан жами 562 319 та иш кўрилган. Уларнинг 13 896 тасида прокурор иштирок этиб, судларга низоларни қонуний ҳал этиш юзасидан асослантирилган фикрлар берилган. Прокурорлар томонидан судларга жами 1 трлн. 47 млрд. сўмлик 5 284 та даъво аризаси киритилган. Ушбу даъво аризаларининг судларда кўрилишида 573,2 млрд. сўмлик 4 997 тасини ёки 93,7 фоизи қаноатлантирилиши таъминланган.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан прокуратура органларида одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси ташкил этилиши, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқаришга ҳамда одил судлов сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ўтган даврда республика судлари томонидан биринчи инстанцияда 64 957 нафар шахсга нисбатан 51 603 та жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг барчасида прокурор иштироки тўлиқ таъминланган.

Норма ижодкорлиги ва малакали кадрлар

салоҳияти

Сўнгги етти йил давомида Бош прокуратуранинг норма ижодкорлиги фаолиятини рўёбга чиқариш мақсадида 413 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. Хусусан, 156 та қонун, Президентнинг 83 та Фармони, қарори ва фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 129 та қарори ва фармойиши, 45 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланди. Мазкур ҳужжатларнинг 206 таси қабул қилиниб, амалиётга жорий этилди.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида коррупцияга қарши курашиш, уни келтириб чиқараётган омилларни бартараф этиш борасида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан жорий йилнинг 29 июль куни Бош прокурор томонидан давлатимиз раҳбари ҳузурида маиший коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш чора-тадбирларига бағишланган тақдимот ўтказилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Барча даражадаги прокуратура раҳбарлари олдига янги таҳрирдаги Конституция талабларини амалиётга тўлиқ жорий этиш бўйича аниқ вазифалар қўйилган. Ходимларнинг юридик малакасини мунтазам ошириш, хизмат интизоми ва шахсий жавобгарликни кучайтириш прокуратура органларида устувор йўналиш сифатида белгиланган. Ходимларнинг билим ва малакасини янада чуқурлаштириш ишлари доимий диққат марказимизда бўлмоқда.

Жумладан, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 43 та мавзуда 57 та малака ошириш курси (шундан 30 таси режадан ташқари) ўтказилиб, уларда жами 30 320 нафар ходим қатнашди. Академиянинг ўқув-таълим порталига жойлаштирилган 7 та мажбурий ва 52 та электив курсларда жами 1 328 нафар ходимнинг иштироки таъминланди.

Шунингдек, масофавий курсларни сунъий интеллект технологиялари асосида ишлаб чиқиш амалиётга жорий этилди ва ҳозирга қадар ушбу курсларни 300 дан ортиқ тингловчилар муваффақиятли якунлади. Мазкур курсларда 25 та видеодарс ва 16 та видеоли казус бевосита сунъий интеллект технологиялари асосида ишлаб чиқилиб, дарс машғулотларида фойдаланилмоқда.

Прокуратура органлари ва муассасаларига хизматга қабул қилиш, ходимларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини, шахсий фазилатларини ва касбий маҳоратини баҳолаб бориш, шунингдек, кадрларга оид бошқа масалаларни коллегиал тартибда ҳал этиш мақсадида Малака ва Одоб-ахлоқ кенгашлари ташкил этилди. Ходимларда ўз касбидан ифтихор туйғусини шакллантириш мақсадида прокуратура органларида ўз хизмати билан алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлар учун касбий танловлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

“Тарихий хотира

беқиёс”

Ўзбекистон прокуратураси бой мерос ва тарихга эга. Албатта, бундай бебаҳо меросни келгуси авлодларга етказиш муқаддас бурчимиздир. Шу мақсадда қарийб икки йиллик изланишлар натижасида ўтган йили Бош прокуратура музейи фаолиятини тўла йўлга қўйдик. Музейда прокуратура тарихида илк бор 15 мингдан ортиқ адабиётларга эга кутубхона фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази томонидан фахрийларга эътибор кўрсатиш, моддий ҳамда ижтимоий кўмаклашиш, уларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашишини таъминлаш, юзага келган ҳаётий муаммоларини ҳал этишда ёрдам бериш каби вазифалар ижроси тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Шунингдек, қатағон қурбони бўлган прокуратура ходимларининг пок номини тиклаш ва абадийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Бош прокурор фармойиши асосида 1917 — 1940 йилларда қатағон қилинган соҳанинг 160 нафар ходими аниқланиб, уларнинг 80 нафари “Тарихий хотира беқиёс” номли махсус китобнинг 1 ва 2-жилдларига киритилиб, чоп этилди. Ушбу ишлар давом эттирилиб, ҳозирда ўша йилларда қатағон қилинган яна 40 нафар ходимни қамраб олган “Тарихий хотира беқиёс” номли махсус китобнинг 3-жилдини нашрга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, янги таҳрирдаги Конституция прокуратура фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Унинг ҳар бир нормаси ҳаётга тўлиқ татбиқ этилган тақдирдагина фуқароларнинг адолатга ишончи ортади, жамиятда қонунга ҳурмат юксалади ва давлатнинг ҳуқуқий нуфузи янада мустаҳкамланади.

Прокуратура органлари зиммасига юкланган ушбу масъулиятни тўла англаган ҳолда, биз фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги фаолиятимизни изчил давом эттирамиз.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси

Конституциясининг 143-моддаси.

Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?