Инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа ошмоқда
Ҳар бир давлат ўз фуқаролари билан муносабатга киришар экан, алоҳида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Яъни, давлат ҳам, фуқаро ҳам ўзига хос ҳуқуқларга ва мажбуриятларга эга.
Масалан, давлат фуқаролар учун хавфсизлик, фаровонлик, тинчлик ва яхши ҳаёт кечириш учун шарт-шароитлар яратиб бериш каби мажбуриятларга эга бўлса, фуқаролар қонунларга бўйсуниш, бурч ва мажбуриятларни бажариш каби масъулиятни ўз зиммасига олади. Янги конституцияда ушбу принциплар алоҳида белгиланяпти.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида янгиланаётган Конституция мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилган тадбирда бу ҳақда маълум қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Агзамова Бош қомусимизга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритар экан, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 20-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳамда давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир, деб белгилаб қўйилаётганини қайд этди.
Мазкур модданинг иккинчи қисмида фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас, деб таъкидланган.
— Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланмоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинар экан, унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиққа ошмоқда, — дейди депутат Г.Агзамова. — Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, давлат органлари фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб қилинмоқда, бу ҳол мансабдор шахсларнинг фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига қаратилган.
Тадбирда сўз олган профессор ўқитувчилар Конституциямизга ҳар қандай вазиятда дастлаб халқни айбдор деб ҳисоблашга оид эскича қарашларни парчалайдиган янги норма киритилаётгани, яъни эндиликда давлат билан юзага келган қонунчиликдаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал қилинишини таъкидладилар.
Ушбу норманинг киритилиши — сўнгги йилларда илгари сурилган инсон қадрини эъзозлаш принципларига тўла мос келади, Қонунчиликда ечими топилмаган ҳар қандай масала фуқаро фойдасига ҳал этилиши тарихий қадамдир.
Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- «Ўзгидромет» шошилинч огоҳлантириш эълон қилди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг