Имконият ва салоҳият синергияси
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Бундан роса 33 йил аввал (1992 йил 27 январь) “Ўзбекистон Республикаси таркибида Навоий вилоятини қайтадан тиклаш ҳақида” Олий Кенгаш Раёсатининг қарори қабул қилинган эди. Шундан буён у навқирон ҳудудий бирлик, республикамизнинг саноатлашган вилояти сифатида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган рангли металл, минерал ўғитлар, электр энергияси, цемент ва бошқа бир қатор хомашё ресурсларда вилоят катта улушга эга эканлиги, уларни ўзлаштиришда энг қулай инфратизим ва муҳандислик коммуникация тизимлари мавжудлиги билан навоийликлар ҳақли равишда фахрланишади.
Лекин бугуннинг талаби, юксалиш шиддатининг мезонлари мутлақо бошқача. Ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали ташқи бозор географиясини кенгайтириш, пировард натижада аҳоли фаровонлигини янада ошириш, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш, камбағалликни бартараф этиш ва бошқа бир қатор омиллар янгиланишларнинг маъно мазмунини белгилаб, энди техник жиҳатдан ўз ресурсларини ўтаб бўлган, экологик жиҳатдан меъёрлардан йироқ ва маънан эскирган қувватлар билан кун сайин шиддат билан ошиб бораётган эҳтиёжларни қаноатлантириш ниҳоятда мушкул.
Мамлакатимиз раҳбари ўтган йилнинг 31 октябрь ва 1 ноябрь кунлари Навоий вилоятига қилган ташрифида бу борада ҳудуднинг имкониятларини баҳолаб, бу имкониятлардан фойдаланиш бугунги кун талабига жавоб бермаслигини таъкидлади. Ҳар бир имкониятдан самарали фойдаланишнинг устувор вазифаларини белгилаб берди. Мазкур вазифалар республикамиз Президентининг 2024 йил 12 декабрдаги “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўз ифодасини топган.
— Ўттиз олти банддан иборат ушбу қарорда Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш, тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратиш, инвестицияларни жалб қилиш, ҳар бир туман ва шаҳарни ихтисослигидан келиб чиқиб ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш ва турмуш даражасини янада яхшилашнинг энг устувор вазифалари белгилаб берилган, — дейди халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссия раиси Нормурод Исоқов. — Қувонарлиси, ҳар бир банддаги вазифаларнинг ижроси бўйича масъуллари, манба ва кутилаётган самаралари аниқ белгиланган. Мисол учун, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 100,4 триллион сўмдан 114,1 триллион сўмга ёки 6,0 фоизга ўсишини таъминлашни назарда тутувчи ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича асосий иқтисодий кўрсаткичларга эришиш ҳудудни 2025 йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган. Шунингдек, тижорат банклари томонидан барча манбалардан ажратиладиган 8,5 трлн сўм кредитлар ҳисобидан кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлар лойиҳаларини молиялаштириш ҳисобидан 140 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизлик даражасини 2,5 фоизгача, камбағаллик даражасини 3,4 фоизгача пасайтириш вазифаларининг белгиланганлиги яқин истиқболда вилоятда камбағалликка барҳам бериш йўлида дастлабки қадам ҳамдир.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг барчасига тўхталишнинг имкони йўқ. Шу боис қарор билан вилоят учун анъанавий бўлмаган жиҳатларга эътибор қаратсак, энг аввало унинг 10-банди эътиборга молик. Мазкур бандда республика Туризм қўмитаси ва Навоий вилояти ҳокимлиги Айдаркўл сув ҳавзаси атрофидаги 150 гектар ҳудудда “Ўзмиллийбанк” АЖ билан биргаликда нуфузли лойиҳа компаниялари иштирокида мастер режа ишлаб чиққан ҳолда 2025-2026 йилларда ойига 10 минг нафаргача хорижий ва маҳаллий сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган меҳмонхона, дам олиш ва кўнгилочар масканлар барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш ва 200 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, Нурота туманининг Сентоб ва Чуя, Хатирчи туманининг Лангар ва Ангидон қишлоқларини туризм қишлоқлари сифатида ривожлантириб, уларда 2025 йилда 50 та янги оилавий меҳмон уйлари ташкил этиш, 500 минг нафар маҳаллий, 80 минг нафар хорижий сайёҳларни жалб қилиш чораларини кўриш, Зарафшон шаҳридаги Марварид кўли атрофида «Асакабанк» АЖ билан биргаликда хорижий мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган мастер режа асосида канат йўли, сузиш ҳавзаси, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этиб, тадбиркорларга тайёр ҳолда лотларга бўлган ҳолда лизингга бериш ва 1 000 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш вазифалари белгиланган. Бу билан Қизилқум ва тоғолди ҳудудларига ҳам янги хизмат кўрсатиш соҳасининг кириб боришига йўл очади.
— Туризм йўналишида анъанавий сайёҳлик масканларининг мамлакатимиз туризм йўналишларига интеграция қилинишининг қарорда ўз аксини топганлиги ҳудудда туризм оқимининг ошишига чинакам шиддат беради, — дейди Кенгашнинг Хорижий инвестициялар ва туризм масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Қаҳрамон Ғаниев. — Хусусан, Самарқанд ва Бухоро вилояти ҳокимликлари билан бирга 2025 йил 1 июлга қадар Нурота туманидаги «Чашма» зиёратгоҳини Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Бухоро вилоятидаги «Етти пир» зиёратгоҳлари билан боғлаган ҳолда «Туризм ҳалқаси» дастурини ишлаб чиқиш тадбирлари ҳамда Мурунтов кони атрофида ҳамда шамол электр станциялари жойлаштирилган ҳудудда саноат туризми йўналишидаги лойиҳаларни ишга тушириш тўғрисидаги таклифларга розилик берилганлиги ҳудуднинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириб, мазкур йўналишда хориж тажрибаси оммалашишига замин яратади.
Табиийки, қарорда белгиланган вазифалар мустаҳкам кадрлар захираси ҳамда юқори малакага эга мутахассисларни талаб этади. Бу йўналишдаги вазифалар ҳам қарорда ўз аксини топиб, унга кўра Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Навоий давлат университетида вилоятда эҳтиёж юқори бўлган иқтисодиёт, бизнес ва туризм, инвестицияларни бошқариш, қишлоқ хўжалиги, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, логистика каби йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилишини инобатга олиб, дарс машғулотларига хорижий давлатлардан малакали мутахассисларни жалб этиш, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Хитой Халқ Республикасининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етакчи университетлари билан Навоий давлат университетида қўшма таълим дастурларини ташкил этиш юзасидан музокаралар ўтказиб, натижасига кўра таклиф киритиши белгиланган.
— Шунингдек, қарорда вилоят марказидан олисда жойлашган Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларидаги 150 минг нафарга яқин аҳолининг ўзига яқин ҳудудда олий таълим олишлари учун шароит яратиш, ўқитиш ва ишлаб чиқариш жараёнларининг узвийлигини таъминлаш мақсадида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг Зарафшон ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Зарафшон факультетларини ҳамда Навоий шаҳрида 10 та йўналишда таълим берувчи замонавий «Шарқ университети» нодавлат олий таълим ташкилотини ташкил этиш бўйича таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқиб, бир ой муддатда тегишли қарор қабул қилиш вазифалари белгиланган, — дейди Кенгашнинг Фан таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими раиси Абдураззоқ Мирзаев. — Ушбу вазифаларнинг ижроси кончилик ишларининг илмий асосда ривожланишига, соҳада рақамлаштиришнинг ривожланишига кучли туртки беради.
Юқорида таъкидланганидек, қарор 36 банддан иборат бўлиб, унда аҳолини узоқ йиллардан ташвишга солиб келаётган муаммолар ўз ечимини топган. Чунончи, қонунчиликка кўра атроф-муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловлари тўловчи ташкилотлар томонидан шаҳар ва шаҳарчалар атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил этилиш ва бунда “Қизилқумцемент”, “Навоий азот”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” ва “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖлари Навоий шаҳри ва Кармана тумани маркази атрофидаги 300 гектарда, Зарафшон шаҳри ҳамда Учқудуқ тумани марказида, “Навоийуран” ДК эса Зафаробод қўрғони атрофида “яшил белбоғлар” ташкил этиши юклатилган.
— Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши ушбу бандда белгиланган тартибда «яшил белбоғ»ларни ташкил этишда юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал қилиш юзасидан қарорлар қабул қилиши вазифаси белгиланган, — халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши раиси Ғофир Алиев. — Шунингдек, Кенгаш “яшил белбоғ”ларни ташкил этиш ишлари юзасидан вакиллик ва жамоатчилик назорати амалга оширилишини таъминлайди.
Қарорда, шунингдек, вилоятда кончилик саноатига тадбиркорлик субъектларини жалб этиш, йўл коммуникация тармоқларини реконструкция қилиш, чорвачиликни ривожлантириш ҳамда яйловларнинг самарадорлигини ошириш, тиббиёт, спорт ва маданият соҳаларида янги-янги объектларни барпо этиш вазифалари белгиланган. Албатта, буларнинг барчаси вилоятнинг иқтисодий салоҳияти янада ошиши ҳамда аҳоли фаровонлигининг юксалишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг