Илдизларинг қайда, изтироб?

14:50 28 Октябр 2025 Жамият
174 0

Ўсмирлик инсон ҳаётидаги энг ҳассос босқич. Бу даврда ёшларда фикрини мустақил ифодалашга, эркин яшашга интилиш ва иштиёқ кучли, аммо ҳаётий тажриба етишмаслиги туфайли тўғри йўлни танлаш қобилияти тўлиқ шаклланмаган бўлади. Шу сабабдан ҳам уларда йўл бошлайдиган инсонга катта эҳтиёж сезилади. Агар жамият ва оила улар томон юз бурмаса, қалбига қулоқ солмаса, танасида “бўшлиқ” пайдо бўлади. Худди ана шу бўшлиқ жиноят уруғини етиштирадиган энг хавфли макондир.

Андижон вилоятида 2025 йилнинг 9 ойи давомида вояга етмаганлар томонидан 106 та жиноят содир этилган. Албатта, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 14,5 фоизга кам. Лекин рақамлар ортида инсон тақдири, оилавий дарзлар, руҳий изтироблар яширин. Энг кўп ҳолатлар Асака, Избоскан, Шаҳрихон туманлари ва Андижон шаҳрида қайд этилган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу ҳолатларга ҳуқуқий билимнинг етишмаслиги, моддий қийинчиликлар ва энг муҳими ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига нисбатан масъулиятсизлиги сабаб бўляпти. Буни 12 минг 488 нафар ота-онанинг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси бўйича   жавобгарликка тортилгани ҳам тасдиқлайди.

Баъзан фарзанд уйда бўлса-да, руҳи гўё бошқа жойда. У оила аъзолари билан чин дилдан дардлашиш истагида бўлади. Меҳр излайди, ота-онанинг фарзандга бўлган муҳаббатини хоҳлайди. Аммо ота иш билан, она турмуш ташвишлари билан банд. Боланинг саволларига жавоб ҳам, жавоб бергани вақт ҳам йўқ. Шундан кейин у жавобни кўчалардан, ижтимоий тармоқлардан, нотаниш муҳитдан излайди. Ўша муҳит уни «қучоқ очиб» кутиб олади. Энг ачинарлиси шундаки, кўчага интилаётган вояга етмаганлар орасида қиз болалар ҳам бор...

...Нигина (исм ўзгартирилган) четдан қараганда тенгдошлари қатори оддий қиздек туюлади. Аслида у бизга ёт бўлган муҳит боласидир. Онаси қамоққа кетди. Ота эса ўзининг бахтсизлиги аламини ароқдан ола бошлади. Қиз эса қаровсизликдан дуч келган кўчага “бош суқиб кўрди”. Оиладаги носоғлом муҳит гўёки унинг “эркини бўға бошлади”. Шу боис уйдан ёшгина бошини олиб, бадар чиқиб кетди...

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланаётган Нигина билан суҳбатлашарканмиз, аслида унинг ҳам ҳаётдан умидлари кўп бўлганига амин бўлдик. Бу ерда жами беш нафар ота-онанинг назоратисиз юрган қизлар сақланади. Улар билан якка тартибда профилактик суҳбатлар олиб борилди. Бу мулоқотнинг ўзи шунчалик дардли эдики, аслида қизларнинг ҳаётига доғ солган дард олдида бу оғриқ ҳеч нарса эмасдек гўё... Бирининг онаси бор, лекин меҳри йўқ. Бирининг отаси иккинчи турмуш қурган, лекин фарзанд билан гаплашишга ҳожат сезмайди. «Ўгай она» дейиш осон, аммо “ўгай ота” бўлиб қолганлар сони қанча?!

Бедарак йўқолган шахслар рўйхатида мактаб ўқувчиларининг борлиги кишини қаттиқ ташвишга солади. Улар қаерга йўл олмоқда? Қайси “дўстлар” уларни алдамчи ваъдалар билан ўзи томон чорлаяпти? Уларга ким “эркинлик” ваъда қилиб, унинг ўрнига изтироб совға қилмоқда? Бу саволлар жавобсиз қолганда, ҳар биримиз, яъни ота, она, устоз, маҳалла, жамият жавобгарлик ҳиссини сезишимиз керак. Чунки фарзанднинг илдизи оилада. У ерда муҳит соғлом бўлса, жамият ҳам дардга чалинмайди.

Нилуфар МЎМИНОВА,

подполковник.

Андижон вилояти

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?