Икки вилоятда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдосининг олди олинди

17:19 02 Май 2025 Жамият
153 0

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ғаллаорол тумани бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор тадбир давомида дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиб келган Ғ.Ж. фуқаро М.Х.га 56 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини 12 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Нурафшон шаҳри бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.

Унга кўра, фуқаролар Д.В. ва Е.Р. фуқаро А.А.га 20 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини 1 миллион 600 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», — дейилади департамент хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?