Икки қардош халқлар орзуси ушалди

16:27 04 Сентябр 2025 Жамият
108 0

Ўзбек ва қирғизларни нафақат кўп асрлик дўстлик, балки оилавий ришталар ҳам боғлайди. Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида юзлаб оилалар истиқомат қилади. Турмуш ўртоқлардан бири қирғиз, иккинчиси ўзбек. Қардош халқларнинг анъаналари ҳам жуда ўхшаш. Битта тилда сўзлашган, битта тилда ёзган. Икки миллат орасида доим қўшничилик улуғланган. “Ҳовли олма, қўшни ол”, “Қўшнинг тинч, сен тинч”, “Бир қизга етти қўшни ота-она”, “Гилам сотсанг, қўшнингга сот, бир четида ўзинг ўтирасан”, “Яхши қўшни энг яқин қариндошдир”, “Қўшни яқин ва девори паст бўлса ундан ҳам яхши бўлади” каби кўплаб мақоллар икки халқнинг ҳаётий тажрибаларидан олинган. Узоқ йиллар шу қўшничилик ришталарига дарз кетган бўлса-да, қуда-андачилик, аҳиллик узилмади. Чунки Марҳаматликнинг ярим қариндоши Аравонда, аравонликнинг ярим жигари Марҳаматда эди.

Аммо тарих ғилдираги қардошларни бир-биридан узоқлаштирса узоқлаштирдики, узоқ йиллар бир-бирига яқинлаштирмади. Тасаввур қилинг, Аравонга келин бўлиб тушган қиз билан ота-онасининг ўртаси бор-йўғи 5-6 километр бўлса, она ўз фарзандини кўриб келиш учун тегишли жойлардан рухсатнома олиши керак. Аҳвол шу даражага етдики, зарурат юзасидан чегарадан ўтмоқчи бўлганларга турли сунъий тўсиқлар ўйлаб топилди. Ўшдан Андижонга ўтмоқчи бўлган фуқаронинг қўлида яқинларидан биронтасининг вафот этганлиги ҳақида маълумотномаси бўлса, унга “Дўстлик” постидан ўтишга рухсат берилади. Агар фуқаро қариндош уруғларини кўргани ёки тўйю байрамларда қатнашиш учун йўлга отланса, “Маданият” пости орқали ўтади. Бунинг учун аввал Ўшдан Жалолободга ўтиб, катта-кичик шаҳару қишлоқларни босиб ўтиш керак. Яъни, қариндошлар бир-бирларини кўриш учун 40-50 километр ўрнига 200 километрдан ортиқ йўл босишига тўғри келади. Андижонга қайтишда яна шунча масофага сарсон-саргардон бўлади. Бунинг устида чегарада беш, олти соат, баъзан ундан ҳам кўп вақт сарғайиб ўтиришга мажбур эди.

– Ўша йиллари ниҳоятда қийин бўлган, – дейди Андижон вилоят қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Обиджон Носиров. – Икки давлат вакиллари ўртасидаги қардошлик муносабатларига путур етди. Фарзанд отасининг дафн маросимига, она набирасининг никоҳ тўйига бора олмади. Муҳими, тинчлик бўлсин, дея ҳаммасига чидади, кўнди...

Расмиятчилик қардошликни шундай ноилож қолдирдики, аҳоли чегарани ноқонуний айланиб ўтишга мажбур бўлди. Бунинг натижасида қанчадан-қанча ҳамюртларимизга чегарани бузиб ўтганлиги учун жазо қўлланилди. Охир-оқибат тақдирга тан беришдан бошқа чора қолмади. Чегаралар очилмагунигача жигарлар ўртасидаги муносабатлар ҳам узилди. Аммо янги авлодлар қардошлик ришталари бир кун кўкка бўй кўрсатишига умид билан яшади. Зеро, икки халқ эт билан тирноқдир. Уларни чегаралар айирмаса бошқа ҳеч нарса айира олмаслигини яхши биларди.

Қирғизистон ва Ўзбекистон халқлари орзу қилган вақт келди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракати билан Андижон вилоятининг Марҳамат туманини Ўш областининг Аравон райони билан боғловчи “Мингтепа” (“Қорабоғиш”) пости очилди. Энди минглаб фуқаролар ота юртига ҳеч қандай ҳадик-хавотирсиз, бемалол келиб-кетмоқда. Уларнинг фуқаролик масалалари ҳам ижобий ҳал этилди.

– Чегаралар очилмасидан аввал Андижон вилоятининг Асака туманида яшовчи отам вафот этган эди, – дейди Қирғизистон Республикасининг Аравон районида яшовчи Юлдузхон Ҳайдарова. – Дафн маросимига бориш учун салкам бир кун вақт сарфлаганман. Белгиланган муддат оз бўлгани учун маъракасига қололмагандим. Ўшанда тақдиримдан нолиган пайтим бўлган. Шукрлар бўлсинким, бугун ҳаммаси ортда қолди. Ҳар икки давлат раҳбарлари ўзаро муносабатларини тиклагач, хоҳлаган пайтимизда қариндошларимизни йўқлаш имкони туғилди. Бунинг учун атиги бир соат вақт сарфлаяпмиз, холос.

Мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ва дўстона муносабатлар йилдан-йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Биз бунга самимият билан муносабатда бўлишимиз, дўстлигимиз ва қардошликни қадрлашимиз керак. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш, уларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни таъминлаймиз.

Саминжон ҲУСАНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?