Икки халқ қалбини уйғотган шеърият

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Адабиётимизда шеърлари доим севиб ўқиладиган, қўшиқларга айланиб қалбимизга кириб борган шоирлар кам. Халқаро Чўлпон мукофоти лауреати Ўткир Раҳматнинг шеърлари дунёнинг турли тилларига таржима қилинаётгани бежиз эмас. Китобхонлар ҳар бир нашрда шоирнинг янги шеърлари билан танишмоқда. Унинг ижоди бетакрор ёрқин ва чуқур, шеърлари илиқлик ва самимийликка, она далаларининг чексиз кенгликларига бўлган эҳтиросли муҳаббатга, вақт ва ҳаёт ҳақидаги мулоҳазаларга тўла.
Нукус шаҳридаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Ўткир Раҳматнинг қорақалпоқ тилида таржима қилинган «Оянсаңы, таң атты, ақыр...» (Уйғонсангчи, тонг отди, ахир...) китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда мазкур китобнинг кириш ва сўнгги сўз ўрнида шоир Ўткир Раҳмат ижоди ҳақидаги мулоҳазаларни ёзган Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон халқ шоири, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбой Каримов ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг халқ ёзувчиси Ўразбай Абдураҳманов «Оянсаңшы, таң атты, ақыр...» китобининг ўзбек ва қорақалпоқ ижодкорларининг ҳамкорлигида яралган янги китоб эканлигини эътироф этишди. Китоб тақдимотида шоир Ўткир Раҳмат шеърияти ҳақида филология фанлари доктори, профессор Қ.Оразимбетов ва бошқа адабиётшунос олимлар, талаба ёшлар ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдирди. Китобхонларга муносиб совға бўлганини таъкидлашди. Айниқса, шоирнинг шеърларини Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Намозов ва бошқа таниқли хонандалар маҳорат ижро этгани орқали кўпчиликка танилгани, эндиликда мазкур шеърлар қорақалпоқ тилига таржима қилиниб, китоб шаклида нашрдан чиқарилгани барчага манзур бўлди.
Тадбирда Ўткир Раҳматов сўзга чиқиб, Қорақалпоғистонда кейинги йилларда қилинаётган катта бунёдкорлик ишлари, хусусан, Мўйноқ ва бошқа туманлардаги ислоҳотлар, аср қурилиши дея эътироф этилган Амударё устига янги кўприк қурилиши каби янгиланишлар ўз ижодида акс этганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, мазкур китобни таржима қилишда иштирок этган ижодкорларга миннатдорлик билдириб, бу борадаги ижодий ҳамкорлиги бардавом бўлишини, ҳали Қорақалпоғистон кенгликлари ҳақида кўплаб ижод намуналари яралишини таъкидлади.
Китоб тақдимотида Ў.Раҳматов томонидан университет жамоасига янги китоб туҳфа этилди. Шоирнинг кўплаб ихлосмандлари китобига дастхат ёздириб олишди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг