Ҳунармандчилик маҳалла брендига айланмоқда

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ушотга кирган заҳоти теп-текис асфальт йўл, ён-атрофдаги шинам тураржойлар ва кўркамгина маҳалла маркази эътиборни тортади. Жондор туманидаги бу гўша азал-азалдан тандирсозу зардўз, каштачи, тикувчилар маскани саналган. Бугунги кунга келиб эса ушотликлар ҳунармандчиликни маҳалланинг брендига айлантириш учун енг шимаришган.
— Ҳудудимизда 1108 та оила истиқомат қилади, — дейди “Ушот” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Отабек Ҳамроев. — Сизга айтсам, кейинги 7-8 ойда бизда ҳавас қилса арзигулик ўзгаришлар, янгиланишлар рўй берди. Мана, марказимизни олиб кўринг. Яқин-яқинга қадар 5-умумтаълим мактабига қарашли битта хонада фаолият юритардик. Турган-битгани хижолатбозлик эди. Энди аҳвол буткул ўзгарди. Вилоят ва туман ҳокимликлари саъй-ҳаракати билан бутун бошли марказ қурилиб фойдаланишга топширилди.
Марказдан “маҳалла еттилиги”нинг ҳар бири учун алоҳида хона ажратилди. Оилавий шифокорлик пункти, банк хизматлари, гўзаллик салони, тикувчилик цехи ва ҳатто математика фани ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилди. Аҳолининг дам олиши учун шарт-шароит яратилди. Ҳали бу ҳаммаси эмас. Маҳалланинг яна бир кўчасида бутун бошли ҳунармандчилик маркази қурилиб ишга туширилди. Уни халқ амалий санъатига ихтисослашган кичик бир кластерга ҳам қиёслаш мумкин. Негаки, бу ерда хотин-қизлар бир пайтнинг ўзида ҳам касб-ҳунарга ўқитилади, ҳам иш билан таъминланишади. Каштачилик, тикувчилик, зардўзлик, турли ширинликлар тайёрлаш каби йўналишларда ҳозир 45 нафар хотин-қиз меҳнат қиляпти. Уларнинг кўпчилиги уйда ўтириб қолган қишлоқ аёлларидир.
— Ўзим асли Вобкентнинг Шакаркент қишлоғиданман, — дейди марказ раҳбари Шаҳноза Шарипова. — Ушотга келин бўлиб тушганман. Болалигимдан миллий каштачиликка меҳр қўйдим. Бувим, онам моҳир каштачи саналишади. Марказга келсак, бизга 170 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилгани жуда қўл келди. Бу сармояга тикув машиналари, бошқа зарур жиҳозлар харид қилдик.Туркиялик иқтидорли дизайнерлар билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ички ва ташқи бозордан ўз ўрнимизни топишимизда уларнинг тажрибаси асқатади, деган умиддамиз.
Маҳалла масъулларининг таъкидлашича, каштачилик, зардўзликнинг оқилона йўлга қўйилиши марказни хорижий сайёҳлар ташриф буюрадиган масканга айлантиради.
— Уч нафар фарзандим бор, — дейди тикув цехи ишчиси Зуҳра Очилова. — Ишсиз эдим. Бу марказнинг очилгани менга ўхшаган қишлоқ ёшлари учун айни муддао бўлди. Негаки, ишхонамиз қишлоқнинг шундоқ марказида. Ҳунар ортидан рўзғоримга қут-барака киради. Бунга ишончим комил.
Яна бир суҳбатдошимиз Зебинисо Ҳамроева эса қисқа муддат оралиғида ишсизлик балосидан халос бўлиб, уста ҳунармандга айланди. “Ишга марҳамат” мономарказида уч ой таҳсил олгач, тегишли сертификатга эга бўлди. Унга субсидия асосида пишириқлар тайёрлаш ускунаси ажратилди. Зебинисо ҳозир қишлоқ қизларига ҳунар сирларини бепул ўргатиш ҳаракатида. Бу уларни мустақил ҳаётга тайёрлашга қўл келади, деб ҳисоблайди у.
Айтмоқчи, биз марказда меҳнат фахрийси Озода Очиловани ҳам учратиб қолдик.
— Неварамнинг чопқиллаб ўйнаб юрганини кўрганимда ўзимни дунёдаги энг бахтли буви деб ҳис этаман, — дейди у. — Шукр, қишлоқда шаҳардагидан қолишмайдиган даражада шарт-шароитлар яратиляпти. Мана бир мисол. Илгари неварам Темурбекни массаж қилдиргани ўн чақирим йўл босиб туман марказига олиб борардик. Соатлаб навбат кутишга тўғри келарди. Марказда массаж хизмати ҳам йўлга қўйилдию ташвишимиз енгиллашди. Оворагарчиликлар ортда қолди...
Ҳа, келиб чиқиши олис XII-XIII асрларга бориб тақаладиган кўҳна Ушотда бугун “инсон қадри учун” деган олижаноб ғоянинг мевасини кўриш мумкин. Замонавий марказ, аёлларбоп иш ўринлари, ҳунармандчиликнинг ривожланаётгани, шинам кўчалару муҳташам уй-жойлар – буларнинг бари одамларнинг ўз ҳаётларидан рози эканликларига энг яхши далолатдир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг