“Hududgaz Toshkent”: “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясининг амалдаги исботи

16:14 25 Октябр 2021 Жамият
836 0

Фото: Халқ сўзи

Яқин-яқингача аҳолини қиш-қировли кунларда суюлтирилган газ билан муттасил таъминлаш борасида Тошкент вилоятида талай муаммоларга дуч келинар, айниқса, чекка қишлоқларда, тоғолди ва тоғли ҳудудларда яшовчилар қатор ноқулайликлардан азият чекар эди. “Hududgaz Toshkent” ГТФ жамоаси бу мушкулотларни бартараф этишга жадал киришди. Бунда Президентимизнинг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлмоқда.

— Ҳудуд аҳолисига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида замонавий газ тўлдириш шохобчалари ташкил этилди, - дейди “Hududgaz Toshkent” ГТФ директори ўринбосари Акмал Юлдошев. — “Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали уйма-уй юриб, 297 та маҳалладаги муаммоларни ўрганиб чиқди. Айни кунларда 44 минг 500 дан зиёд истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилди. Хатловларга кўра, 2021 йил октябрь-декабрь ойларида аҳолига 1 967,990 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Чекка қишлоқларда, тоғолди ва тоғли ҳудудларда яшовчиларга хизмат кўрсатувчи барча газ таъминоти бўлимлари замонавий техникалар, жумладан, йўл танламас “MAN” русумли юк ташувчи транспорт воситалари билан таъминланди.

Тизимга жорий этилган “E - Gaz” дастури ихтисослашган давлат хизматини самарали шакллантириш имконини бермоқда. Бунда асосан аҳоли қўлидаги маиший газ баллонларига махсус бар кодли стикерлар ўрнатилиб, истеъмолчиларга ID-карталари тарқатилди. Бу янгилик туфайли вилоятнинг барча ҳудудларида истеъмолчиларга етказиб берилаётган суюлтирилган газ ҳисобини тизимли юритиш йўлга қўйилди. Энди илгаригидек айрим ҳудудларда истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказишни асоссиз кечиктириш, ҳаттоки бу борада баъзи бир шахслар томонидан таъмагирликка ҳам йўл қўйиш, газ баллонлари тарқатишда нархларни сунъий ошириш ҳолатларига барҳам берилди.

Бу жараён вилоятнинг Оққўрғон, Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ, Бекобод, Пискент туманлари ва Бекобод шаҳри аҳолисига намунали хизмат кўрсатаётган “Қуйичирчиқ газ тўлдириш шахобчаси” ва “Янгийўлтумангаз” жамоалари фаолиятида яққол кўзга ташланмоқда. Ушбу шохобчалар “Hududgazta’minot” АЖ томонидан замонавий газ қуйиш калонкаси, компрессор ва насос ускуналари билан қайта жиҳозланди. Ходимларнинг билим ва тажрибаси оширилиб, намунали хизмат кўрсатиш маданияти шакллантирилди.

Айни кунларда вилоятда 3 миллион 600 мингдан ортиқ истеъмолчиларга бир ойда ўртача 50 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

Дарвоқе, бар кодли стикерларнинг ўрнатилиши маиший газ баллонларидан фойдаланиш жараёнини тўлиқ назорат қилиш имкониятини юзага келтирди. Яъни қайси газ баллон истеъмолчида, қайсиниси газ тўлдириш шохобчасида ёки синов марказида эканини, шунингдек, қайси бири қўштирноқ ичидаги тадбиркорнинг ноқонуний фойдаланишида турганини “on-line” режимда кузатиш мумкин.

Дастурнинг яна бир қулайлиги шундаки, истеъмолчига етказиб бериладиган маиший баллондаги 20 кг суюлтирилган газга 22.400 сўмдан қатъий харид нархи белгиланди. Бу албатта, суюлтирилган газ нархини сунъий оширишга йўл қўймайди.

“Hududgaz Toshkent” ГТФ жамоаси эришган яна бир ютуқ ҳар бир истеъмолчи учун шахсий кабинет яратилганидир. У орқали ҳар ким ўзига тегишли (ҳисобидаги маблағ, маҳсулот етказиб берилиш тарихи, охирги ва кейинги маҳсулот оладиган куни тўғрисидаги) маълумотларни кузатиб боради. Шунингдек, СМС хабарнома орқали суюлтирилган газ учун тўлов амалга оширилганда, ҳисобдаги маблағ камайганда ёки маҳсулот келишига 5-6 кун вақт қолганда эслатма берилади.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер