Ҳокимнинг журналистлар билан мулоқоти

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Ҳақиқатни дадил кўтариб чиқадиган журналистларни хуш кўрадиган ҳоким Самарқанд вилоятида қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик соҳаларида амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсадида журналист ва блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари билан матбуот анжумани ўтказди. Эркин мулоқот тарзида кечган учрашувда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев шаҳардаги тирбандликларга ечим топиш, алломалар мангу қўним топган манзилларни обод қилиш, Ширин шаҳарчаси, темирйўл ортидаги бузилиш ишлари, Маҳдуми Аъзам, Имом Мотуридий зиёратгоҳларидаги ободонлаштириш, шаҳар ҳудудида яшил парклар барпо этиш, Ургут туманига олиб бориладиган темирйўл қурилиши борасида тўхталиб ўтди.
Тадбирда дастлаб йирик лойиҳалардан бири — «Ширин» ишбилармонлик маркази ҳақида маълумот берилди. Мазкур марказ ва тураржойлар мажмуасини барпо этиш учун Зарафшон дарёси бўйида 665 гектар ер майдони ажратилган. Самарқандда замонавий ишбилармонлик муҳитини яратишда, туризм ва хизматлар соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу мегалойиҳа доирасида замонавий меъморий ечимлар ва илғор қурилиш технологияларидан фойдаланган ҳолда кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Бу масканда анжуманлар саройи, қатор савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, таълим муассасалари, ишбилармонлик марказлари, хизматлар кўрсатиш ва туризм иншоотлари, маъмурий идоралар барпо этилиши кўзда тутилган.
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Мотуридий мажмуасини кенгайтириш ва обод қилишда уй-жойи кўчирилаётган ҳар бир оилага турар жой, компенсация маблағи беряпмиз, — деди вилоят раҳбари. — Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган. 4,7 гектар майдондан иборат. Самарқанд шаҳридаги 2,2 гектар ҳудудда реставрация ва реконструкция ишлари бошланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон кўчасидаги ҳарбий госпиталь ўрнида аҳоли учун дам олиш маскани, истироҳат боғи ташкил этилади. 5,4 гектар ҳудудда кўп йиллик манзарали дарахтлар мавжуд ва лойиҳага кўра, улар тўлиқ сақлаб қолинади, боғнинг асосий қисмини яшил майдон ташкил этади. Ҳудуддаги маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган биноларга зарар етказилмаган ҳолда улардан музей, кутубхона, креатив тўгараклар сифатида фойдаланилади. Боғ ҳудудида павильонлар, ёпиқ ва очиқ аттракционлар, нуронийлар маскани, спорт ва соғломлаштириш майдончалари ташкил этилади.
Матбуот анжуманида Самарқанд шаҳридан Ургут туманига тортилаётган темирйўл тармоғи ҳақида ҳам сўз борди. Жорий йилда ушбу темир йўл қурилишига киришилганди. Узунлиги 55 километр бўлган янги тармоқ Жомбой туманидаги «МАН» заводи яқинидан 4Р-238 автомобиль йўлини кесиб, Зарафшон дарёси бўйлаб ўтади. Ушбу дарё устида барпо этиладиган кўприк орқали Ургут туманига боради. Ҳозирда темирйўл ўтадиган 55 километр йўлнинг 45 километрига темирйўл тармоғи тортиш учун қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Анжуман якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқлар фаолларининг мавзулар юзасидаги саволларига батафсил жавоб берилди, таклифлар эшитилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг