Ҳиндистон ва Непалда кучли ёғингарчилик ҳамда чақмоқ уриши оқибатида 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди (+видео)

17:14 11 Апрель 2025 Дунё
373 0

Ҳиндистон ва Непалнинг баъзи ҳудудларида мавсумий кучли ёмғир ёғиши оқибатида 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу ҳақида «NBC News» нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, 9 апрель, чоршанба куни бошланган кучли ёғингарчилик айни вақтда ҳам давом этмоқда. Расмийларнинг таъкидлашича, ёғингарчилик оқибатида 100 нафардан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Табиий офатларни бошқариш департаменти Ҳиндистоннинг «Bihar» ҳудудида сўнгги икки кун ичидаги ёғингарчилик оқибатида ҳалок бўлганлар сони 82 нафарга етганини маълум қилди. Мамлакатнинг аҳоли энг зич жойлашган «Uttar-Pradesh» штатида эса чақмоқ ва бўрон билан боғлиқ ҳодисалар туфайли 18 киши қурбон бўлган.

Шунингдек, кучли ёғингарчилик Ҳиндистонга қўшни мамлакат Непал ҳудудларида ҳам кузатилмоқда.

Табиий офатлар бошқармаси хабарига кўра, мамлакат бўйлаб яшин уриши ва кучли ёмғир ёғиши оқибатида камида 8 нафар инсон ҳалок бўлган.

Мутахассисларнинг фикрича, кучли ёғингарчилик минтақада одатдагидан анча эрта бошланган. Ҳисоб-китоблар ёғингарчилик келаси ҳафтанинг душанба кунига қадар давом этишини кўрсатмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?