Ҳаж зиёратида 8 нафар ўзбекистонлик вафот этди

12:13 01 Июль 2025 Жамият
303 0

Иллюстратив фото

Жорий йилги Ҳаж мавсумида кузатилган жазирама оқибатида ва сурункали касаллиги бўлган 8 нафар ўзбекистонлик Саудия Арабистонида вафот этди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, «Ҳаж-2025» мавсумида ўзбекистонлик ҳожиларнинг Саудия Арабистонига бориши жорий йилнинг 13 майидан бошланиб, 30 май кунига қадар давом этди. Уларнинг Ватанга қайтиб кетиши эса 12 июндан бошланди. Ҳожиларнинг сўнгги гуруҳи 29 июнь куни Ўзбекистонга қайтиб келди.

«Ўзбекистон ҳожиларига енгиллик яратиш мақсадида Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги Подшоҳ Абдулазиз халқаро аэропортидан мамлакатимизнинг бир қатор вилоятларига тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди», дейилади хабарда.

Мавсум давомида Ўзбекистон ҳукумати томонидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилган бўлсада, бу йилги Ҳаж ибодати пайтида кузатилган жазирама оқибатида ва сурункали касаллиги бўлган тўрт нафар ўзбекистонлик Саудия Арабистонида вафот этган.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг огоҳлантиришларига қарамай, ноқонуний йўллар билан Ҳажга борган яна тўрт нафар ўзбекистонлик ушбу мамлакатда оламдан ўтган.

Бундан ташқари Ҳаж ибодати тугаганидан сўнг Бош консулхонага 40 нафардан зиёд зиёратчилар хорижга чиқиш паспортларини йўқотгани боис Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномасини расмийлаштириш учун мурожаат қилган.

Хабарда келтирилишича, мазкур «Ҳаж-2025» мавсумида Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консулхонаси Ўзбекистон фуқароларига барча зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдамни тезкорлик билан кўрсатиб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?