Ҳарбийлик – болалик орзум
Болаликнинг шўх-шодон онлари тенгдошларим билан маҳаллада ўтказилган турли қизиқарли ўйинлар, спорт мусобақалари билан ёдимда қолган. Бироқ қалбимда ҳарбийликка бўлган меҳр ва ҳавас алоҳида ўрин тутарди. Айниқса, бобом ва бувимни кўргани борганимизда тоғам Ғайратжон Усмоновнинг ҳарбий либосларини соатлаб завқ билан томоша қилишдан чарчамасдим. Ҳарбий бош кийимни кийиб, ҳарбийча юриш-туришни тақлид қилиш энг севимли машғулотим эди.
Кейинчалик акам Жафарбек Эрназаров Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбни танлади. У ишдан қайтган заҳотиёқ унинг ҳарбий либосларини кийиб, катталарни қувонтиришга ошиқардим. Бугун орқага назар ташласам, айнан шу онлар келажагимни, касб танлашдаги тақдиримни белгилаб берган ҳаётий мақсадлар бўлган экан. Бугун қариндош-уруғлар жамул-жам бўлган давраларда ушбу ширин хотиралар алоҳида илиқлик билан эсга олинади.
Мактабда аълочи ўқувчи сифатида ёзган иншооларимда ҳам “Келажакда ким бўламан?” деган саволга ҳеч иккиланмай, фахр ва ғурур билан ҳарбийлик касбини танлардим. Оила аъзоларим, устозларим ва синфдошларим бу танловимга ҳеч қачон шубҳа билан қарашмаган. 2010–2011 йилларда Жиззах вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўташ жараёнида бу аҳдим янада мустаҳкамланди. 2011–2015 йилларда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлиги билим юртида таҳсил олдим. Чинакам ҳарбийлик сабоқларини ўзлаштирганимдан сўнг чегара қўшинларида хизматни бошлаб, юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида астойдил камарбаста бўлдим.
Дастлаб Тошкент вилоятида, кейинчалик Фарғона водийсида мамлакатимиз чегаралари дахлсизлигини қўриқлаш шарафига муяссар бўлдим. Чегарачи учун энг муҳим фазилатлар — сергаклик ва ҳушёрлик эканини хизмат давомида янада чуқур англадим. Айни пайтда ҳарбий қисмда маънавий-маърифий ишлар бўйича масъуллик вазифасини ҳам сидқидилдан бажариб келмоқдаман. Энг улуғ орзуларимдан бири — ҳарбийлар сулоласининг муносиб ворисларини тарбиялаш. Бу шарафли йўлда мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи сифатида фаолият юритаётган турмуш ўртоғим Моҳинур Исматова менга яқин ҳамфикр ва ишончли кўмакдошдир. Болаликдан Жалолиддин Мангубердининг жасорати ва мардлигига маҳлиё бўлиб улғайганим сабабли тўнғич ўғлимга Жалолиддин деб исм қўйдим. У жорий йилда 7 ёшга тўлиб, биринчи синфга қадам қўймоқда. Иккинчи ўғлим Жамолиддин эса 4 ёшда бўлса-да, эпчиллиги ва ҳаракатчанлиги билан акасидан қолишмайди.
Оиламиз даврасида суҳбат мавзуси кўпинча ҳарбийликка бориб тақалади. Чунки ҳарбийлик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Бўш вақтларимизда биргаликда ҳарбийлар ҳаёти ҳақидаги фильмларни томоша қиламиз, эртак ва бадиий китоблар мутолаа қиламиз. Ишдан қайтганимда ўғилларим янги ёд олган шеърларини ифтихор билан ўқиб беришади. Мукофот сифатида ҳарбий либосларимни кийишга рухсат беришимни ёки дам олиш кунлари ҳарбий қисмга олиб боришимни илтимос қилишади. Ватан ҳимоячилари куни оиламизда алоҳида шукуҳ билан нишонланади. Байрам муносабати билан яқинларимиз хонадонимизга ташриф буюриб, уйимиз файзу баракага тўлади.
Жавоҳир АҲМАДОВ,
Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинлари
ҳарбий хизматчиси, майор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- «Ўзбекистон –2030» стратегиясининг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади
- Ўзбекистонга нечта давлатдан туристлар келаётгани очиқланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг