Ҳар томонлама самарали ва конструктив майдон

17:46 26 Октябр 2022 Сиёсат
519 0

Шу йилнинг 27-28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА)нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Шу муносабат билан мазкур орган қандай ташкилот эканлиги, унинг асосий функциялари ва ўтган давр мобайнида қандай ижобий натижаларга эришганлиги кўпчиликда қизиқиш уйғотиши табиий.

Парламентлараро Ассамблея миллий парламентлар томонидан тайинланадиган ёки сайланадиган аъзо давлатларнинг парламент делегацияларидан ташкил топган бўлиб, давлатлараро орган ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу Ассамблея аъзолари — Арманистон, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Украина, Қирғизстон, Қозоғистон ва Ўзбекистон парламентлари ҳисобланади.

МДҲ ПА ишчи органи Парламентлараро Ассамблея Кенгаши ҳисобланади, у доимий асосда Ассамблеянинг ишини ташкил этади. Парламентлараро Ассамблея Кенгаши қоида тариқасида йилда икки марта йиғилади ва ялпи мажлисларни ўтказади.

Ялпи мажлисларда Парламент делегацияларидан ташқари МДҲнинг бошқа органлари, кузатувчилар ва халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этади.

МДҲ билан бир вақтнинг ўзида пайдо бўлган Парламентлараро Ассамблея фаолиятининг илк кунлариданоқ янги сиёсий ва иқтисодий шароитларда парламентларнинг ҳамкорлиги учун муҳим майдонга айланган. Мустақилликка эришган мамлакатлар ҳуқуқий тизимларни тубдан ислоҳ қилишлари лозим эди, шунинг учун Парламентлараро Ассамблея доирасида амалга оширилган биргаликдаги фаолият натижасида мазкур ислоҳотлар рўёбга чиқарилди. Натижада мамлакатларнинг миллий қонунчилигини МДҲ доирасида уйғунлаштиришга ҳаракат қилинмоқда.

Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг ҳуқуқий тизимларини яқинлаштириш ва қабул қилинаётган модель (намунавий) қонунлар ва тавсиялар асосида МДҲ доирасида ҳар томонлама интеграция учун шароитлар яратиш Парламентлараро Ассамблеянинг асосий вазифаси сифатида қаралмоқда.

Парламентлараро Ассамблеянинг бошқа муҳим йўналишлари сирасида МДҲ умумий иқтисодий маконининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, сайловлар ва референдумлар устидан кузатув ўтказиш, тинчликни сақлаш, халқаро ҳамкорлик, парламентаризм тарихини ўрганиш ва оммалаштириш каби фаолиятини кўрсатсак бўлади.

МДҲга аъзо давлатлар қонунчилигини яқинлаштириш мақсадида парламент делегациялари таркибидан 10 та доимий комиссия тузилган. Улар фаолиятининг асосий мақсади — модель қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳисобланади. Парламентлараро Ассамблея томонидан қабул қилинган ва тавсиявий характерга эга бўлган модель қонунлар МДҲга аъзо давлатлар парламентлари учун миллий қонунчиликни ривожлантириш ва яқинлаштириш учун қонун ижодкорлиги фаолиятида намуна сифатида тавсия этилади.

Ҳозирги кунда Парламентлараро Ассамблея 600 га яқин модель қонунларни ва бошқа шунга ўхшаш ҳужжатларни қабул қилган. Парламентлараро Ассамблея қабул қилган айрим ҳужжатлар халқаро шартномаларнинг асосини ташкил этади. Улар қаторига Терроризмга қарши кураш соҳасида МДҲга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорлик шартномаси, Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида МДҲга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ҳақидаги келишув, Наркотик моддалар, психотроп воситалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш соҳасида МДҲга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорлик ҳақидаги келишув, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида лизинг фаолиятини кенгайтириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шароитларни ташкил этиш ҳақидаги келишув, Жиноий даромадларни легаллаштириш (ювиш) ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш ҳақида МДҲга аъзо давлатлар шартномаси, Биргаликдаги миллий телетиббиёт тизимларини ташкил этиш ва келгусида уларни ривожлантириш ва фойдаланишда МДҲга аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳақидаги келишувни киритиш мумкин.

МДҲга аъзо давлатларнинг ҳуқуқий тизимларида Парламентлараро Ассамблеянинг ҳужжатларига эҳтиёж мавжудлигини модель қонунлардаги нормалар миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилинаётганлиги ҳам тасдиқламоқда.

Юқорида қайд этилганидек, Парламентлараро Ассамблея фаолиятида умумий иқтисодий маконнинг ҳуқуқий асосларини — модель қонунчилигига кирувчи модель қонунлар, тавсиялар ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишга асосий эътибор қаратилмоқда. Чунончи, Парламентлараро Ассамблея иқтисодий соҳадаги модель қонун ижодкорлиги бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий асосларини, МДҲ умумий иқтисодий маконини шакллантиришга, жумладан, МДҲ ва Божхона иттифоқига аъзо мамлакатларда эркин савдо зонасини ҳуқуқий таъминлашга, фуқаролик ва иқтисодий айланмасини, бюджет ва фискал сиёсатининг муносабатларини ўзаро келишилган ҳолда тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш Парламентлараро Ассамблея фаолиятида асосий устуворлик ҳисобланади. Мазкур соҳада Парламентлараро Ассамблея ижтимоий сиёсат ва инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги муаммоларни ечишда гуманитар ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган ягона ёндашувларни ишлаб чиқмоқда.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ва Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятларининг халқаро федерацияси билан биргаликда халқаро гуманитар ҳуқуқни МДҲга аъзо давлатларнинг миллий қонунчилигига имплементация қилиш Парламентлараро Ассамблея фаолиятининг муҳим йўналишига айланди.

Бундан ташқари, Парламентлараро Ассамблея Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда аҳолини тиббий хизматлар билан бутунлай қамраб олишни рағбатлантиришга кўмаклашишга ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳасида интеграция ҳамкорлигини ривожлантириш учун шароитларни яратишга, МДҲ доирасида жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш учун ўзаро келишилган қонунчилик базасини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Парламентлараро Ассамблеянинг бугунги кун тартибида хавфсизликнинг янги хавф-хатарлари ва таҳдидлари алоҳида ўринни эгалламоқда. Мазкур масалада Парламентлараро Ассамблея томонидан қабул қилинаётган қарорлар дунёда хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадини кўзлаяпти.

МДҲга аъзо давлатларнинг келишилган қонунчилик ёндашувлари терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, трансчегаравий жиноятчилик, коррупцияга қарши биргаликдаги уринишларни янада кучайтириш учун шароитларни таъминлаётир. Мудофаа ва хавфсизлик, янги хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасидаги модель қонунчиликнинг аксарият нормалари МДҲга аъзо давлатларнинг қонуншунослари томонидан миллий қонунларни тайёрлашда инобатга олинган. Парламентлараро Ассамблея томонидан чегаравий ва ахборот хавфсизлигини, одам савдоси ва ноқонуний миграцияни бартараф этишни ҳуқуқий таъминлашга қаратилган ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда ва қабул қилинмоқда.

МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси хавфсизликни мустаҳкамлаш ва хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича янги халқаро ҳамкорлик шаклларини фаол жорий қилмоқда. 2004 йилда МДҲ ПА Кенгаши ташаббуси билан Ҳамдўстлик мамлакатларининг терроризм, жиноятчилик ва наркобизнесга қарши курашиш соҳасида қонунчилигини уйғунлаштириш бўйича Ассамблея қошида Бирлаштирилган комиссия ташкил этилди. Мазкур комиссия МДҲ органлари, БМТ, ОБСЕ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ихтисослашган тузилмалари ўртасида тизимли ва яқин тармоқлараро ҳамкорликнинг самарали шаклига айланди.

Сайловлар ва референдумлар устидан кузатув орқали амалга оширилаётган демократия ривожланиши ва сайлов ҳуқуқларига риоя қилиниши мониторинги Парламентлараро Ассамблеянинг алоҳида фаолият йўналиши сифатида эътироф этилмоқда. МДҲга аъзо давлатлар парламент аъзолари халқаро кузатувчилар мақомида МДҲга аъзо ва бошқа давлатларда электорал жараёнлар устидан мониторингни амалга оширмоқдалар. Кузатувчилар ва экспертлар сайлов қонунчилигини таҳлил қилмоқдалар, электорат фаолияти соҳасида эришилган ютуқларни ва камчиликларни эътироф этмоқдалар.

Сайловлар устидан назорат фаолиятини Парламентлараро Ассамблея Демократияни ривожлантириш, парламентаризм ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя қилиш халқаро мониторинг институти мувофиқлаштирмоқда. Ҳозирги вақтда Парламентлараро Ассамблеянинг кузатувчилари МДҲга аъзо ва бошқа давлатларда 130 га яқин сайлов кампаниялари ва референдумлари устидан мониторинг ишларини олиб борган.

Сайловлар устидан ўтказилган кузатувлар тажрибаси Парламентлараро Ассамблея томонидан демократик сайловларнинг ягона мезонларини ўз ичига олган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларда демократик сайловлар, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари мезонлари (стандартлари) ҳақидаги Конвенцияда ўз ифодасини топди.

Ассамблея томонидан олиб борилаётган илмий-вакиллик функцияси алоҳида эътиборга молик. ПАнинг 20 йиллик фаолияти давомида 362 та халқаро илмий-вакиллик тадбирлари ўтказилди, бунда 7 мингдан зиёд сиёсат ва жамоат арбоблари, етук олимлар ва мутахассислар иштирок этди.

ПА халқаро гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида жиддий роль ўйнамоқда. Ассамблея маданият, машҳур тарихий воқеалар, масалан, Сомонийлар давлати ташкил топишининг 1100 йиллигига бағишланган бир қатор йирик гуманитар акцияларнинг ташаббускори ҳисобланади.

Парламентлараро Ассамблея фаолиятида халқаро ҳамкорлик катта ўрин эгаллайди. МДҲ ПА бир қатор етакчи халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ҳамда аксарият парламентлараро бирлашмалар — Парламентлараро кенгаш, Европа Иттифоқининг Парламент ассамблеяси, ОБСЕ Парламент ассамблеяси ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳақидаги келишувларни имзолаган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон парламенти МДҲ ПА модель қонунчилигида фаол иштирок этмоқда. Парламент амалиётида илк бор “Органик қишлоқ хўжалиги тўғрисида”ги модель қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилган. Бу жараёнда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Охирги икки йил мобайнида 100 дан ортиқ модель қонун лойиҳалари бўйича 300 дан ортиқ таклифлар киритилган, уларнинг аксарияти қонун лойиҳаларини маромига етказишда инобатга олинган. Масалан, “Сайловлар ва референдумлар устидан халқаро кузатув тўғрисида”ги, “Асаларичилик тўғрисида”ги, “Илмий ва илмий-техник экспертиза тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Давлат ва муниципал (коммунал) мулкни хусусийлаштириш тўғрисида”ги модель қонун лойиҳаларига билдирилган таклифлар тўлалигича қабул қилинди.

Умуман олганда, Парламентлараро Ассамблея, айниқса, охирги йилларда ҳақиқатан ҳам, парламент дипломатияси, парламентлараро ҳамкорлик, шу жумладан, Ўзбекистон парламент аъзолари учун самарали ва конструктив майдон сифатида ўзини намоён этмоқда.

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?