Ҳар қарич ер тиллога тенг

18:08 28 Май 2025 Жамият
124 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Томорқанинг фойдалари ҳақида қанча гапирилса ҳам, натижа кўп жиҳатдан инсоннинг ўзига боғлиқ. Бугунги кунда ҳовлисида мўъжаз иссиқхона қуриб, ундан унумли фойдаланаётганлар ҳам бор, аксинча, бир сўм фойда кўрмай, иссиқхона учун олинган кредитларнинг залворидан эгилганлар ҳам йўқ эмас. Шўрчи тумани Олатемир маҳалласида яшовчи Зулфия Соатова томорқасини даромад манбаига айлантирган заҳматкашлар меҳнатига тасанно айтасан киши.

Зулфия опанинг ҳовлисига киришингиз билан гўёки жаннат боғига тушиб қолгандек бўласиз. Турфа рангдаги гуллар, сабзавотлар ва кўкатлар, мевалари пишишга шайланган дов-дарахтлар, маржон шодасидек тизилган узум ғўралари кўзни қамаштиради. Томорқада ташкил этилган мўъжазгина иссиқхонада йилнинг исталган фаслида помидор, бодринг, булғор қалампири, резаворлар, турли кўчатлар етиштирилади. Зулфия опанинг бу борадаги муваффақиятлари сири, шубҳасиз, меҳнатда.

— Инсон ҳар бир ишга ҳафсала билан ёндашсагина бирор натижага эришади, — дейди Зулфия Соатова. — Томорқага меҳр берилсагина у рўзғорга барака келтиради. Бу меҳр ортида тинимсиз меҳнат ётади. Баъзан шундай ўйлаб қоламан: давлатимиз оилаларни камбағалликдан чиқариш учун барча шароитларни яратяпти — томорқасини ҳайдаб, уруғигача етказиб беряпти. Ҳаттоки, айрим ҳолларда ўзлари экиб ҳам беришяпти. Аммо шунга қарамай, баъзилар «экинларим қуриб кетди, ҳосил ололмадим, бизни алдаб кетишди», деганини эшитиб таажжубга тушаман. Нега одам камбағаллик ботқоғига тушиб қолади, биласизми? Менимча, бунга кўп ҳолларда уларнинг ўзлари айбдор. Меҳнатдан қочиш, дангасалик одамни боқиманда қилиб қўяди, бировнинг қўлига қарам қилади. Ҳар куни субҳидамдан аввало томорқамга, иссиқхонага ошиқаман. Гуллар, сабзавотлар, кўкатлар, кўчатлар — ҳаммаси менга бир оиладек бўлиб қолган. Уларнинг ҳар бирига ишлов бераман, ўз вақтида суғораман, ўғитлайман, касалликларига қарши курашаман. Шундагина мўл ҳосил беради. Томорқа — бу шунчаки ер эмас, у оиланинг даромад манбаи, баракаси. Агар унга меҳр билан ёндашсанг, у ҳам сенга ўн карра кўп қайтаради. Қолаверса, томорқа иши одамга эстетик завқ беради, жисмоний қувват бағишлайди.

Ер билан тиллашиб, ўрни келса курашиб меҳнат қилаётган Зулфия опа томорқасида бир қарич ҳам бўш жой қолдирмай экин эккан. Қўша машина, янги уй-жой, тўкин тўйлар томорқадаги йил бўйи қилинган меҳнатнинг меваси.

— Маҳалламизда беш юздан ортиқ хонадон бор, — деди Олатемир маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерзод Қобилов. — Уларнинг аксарияти томорқачилик билан шуғулланишади. Илгари оқова сув танқислиги сабабли томорқадан йилига бир мартагина ҳосил олиш имконияти бўларди. Энди бу муаммолар ҳам ортда қолди. «Аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларидан самарали фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарорига асосан ҳудудимизга туташ Жойилма, Бахштепа-1, Ойнакўл ва Толли маҳаллалари учун ҳам иккита қудуқда қуёш панеллари ўрнатилди. Эндиликда йилига икки-уч марта ҳосил етиштириш имконияти яратилди.

Шўрчи туманида йилнинг тўрт фаслида ҳам озиқ-овқат экинлари етиштирилиб, ундан салмоқли даромад олаётган хонадонлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Аҳоли томорқаларида пишиб етилаётган эртаги маҳсулотларнинг маҳаллий бозордан ортган қисми хорижга ҳам экспорт қилинишига эришилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер