Ғузорлик ёш тадбиркор сайроқи қушларни парваришлаб, ойига 7 миллион сўмгача даромад топмоқда

14:38 22 Май 2024 Жамият
366 0

Фото: "Халқ сўзи"

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Ғузор туманининг Наврўз маҳалласида яшовчи Шоҳмурод Ҳайдаровнинг ҳовлисига кирсангиз, ўзингизни қушлар оламининг сеҳрли дунёсига тушиб қолгандек ҳис этасиз. Бу ердаги юзлаб сайроқи қушлар хонишини тинглаб, уларнинг гўзаллигини кўриб дилингиз яйрайди.

Эътиборли томони, ихчамгина ҳовлидаги бу ўзгача муҳит оила учун нафақат завқ, балки яхшигина даромад манбаига ҳам айланган.

– Болалигимда отам икки дона канарейка қушини совға қилганди, – дейди Шоҳмурод Ҳайдаров. – Қушларга меҳрим шундан бошланган. Кейинчалик нафақат канарейка, балки бошқа турдаги сайроқи ва декоратив қушларни ҳам кўпайтира бошладим. Кўпинча синфдошларим, маҳалладошларим қушларимга харидор бўлиб, сотишимни сўрашарди. Бу эса менинг кейинчалик қуш боқишни даромад манбаига айлантиришимга туртки бўлди.

Фото: "Халқ сўзи"

Бирмунча вақт уй шароитида сайроқи ва декоратив қушларни кўпайтириб сотиш билан шуғулланган ёш тадбиркор ўтган йили тижорат банкининг молиявий кўмаги билан фаолиятини янада кенгайтириб, замонавий қафаслар харид қилди..

– Аввал барча қушларни битта хонада боқардим, – дейди у. – Бунда масалан, жўжа очиргунча ўнта тухумдан камида тўрттаси нобуд бўлар, кейин жўжани парваришлаб катта қилгунга қадар ҳам йўқотишлар бўларди. Боиси турли феъл-атворга эга қушлар бир-бирини чўқиб ўлдириб қўйиши мумкин. Ҳар турли қушлар учун алоҳида қафаслар харид қилингач, деярли йўқотиш бўлмаяпти. Шунга қараб даромад ҳам ошиб бормоқда.

Суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, қушларни парваришлаш учун уларнинг феъл-атворидан тортиб, қайси турдаги қушларни уйда парваришлаш мумкин, қайсиларини тутқунликда сақлаш тақиқланишига қадар бўлган барча маълумотларни билиш зарур.

– Бугунги кунда парваришлаётган қушларимнинг тури ўндан ортиқ, – дейди у. – Ҳозир бир ойда табиий очириш ҳамда инкубатор воситасида 100 дан ортиқ жўжа оляпман. Жўжаларни бироз парваришлаб, катта қилгач бозорга чиқараман.

Фото: "Халқ сўзи"

Шоҳмурод кўпайтириб сотаётган қушларнинг ичида нархи 100 минг сўмдан ошадиганлари ҳам, 40-50 минг сўм атрофидагилари ҳам бор. Ўртача 70 мингдан ҳисоблаганда ҳам бир ойда юздан ошиқ қушнинг пули камида 7 миллион сўм бўлади. Ёш оила учун бу кичик даромад эмас, албатта.

Эътиборли томони, Шоҳмуроднинг бу ишини кўриб, маҳаллада қуш кўпайтириб сотишга қизиқувчилар сони ошиб бормоқда. Шоҳмурод эса уларга ўз маслаҳатларини бериб, фаолиятини бошлашига кўмаклашаётганидан хурсанд.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер