Гулистонда «Беш ташаббус олимпиадаси» республика финали бошланди

14:12 17 Ноябрь 2025 Жамият
305 0

Бугун Гулистон давлат университети марказий стадионида ёшларнинг соғлом турмуш тарзига қизиқишини ошириш, талабалар ўртасида спорт муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган «Беш ташаббус олимпиадаси» оммавий спорт мусобақаларининг республика финал босқичи бошланди. Мусобақада 700 нафардан ортиқ иқтидорли ва фаол талаба-ёшлар иштирок этмоқда.

Республика финали очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, спорт вазири Адҳам Икрамов ва Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ҳожиев иштирок этди. Тадбирда мамлакат раҳбари томонидан ёшларнинг тарбияси, уларда ватанпарварлик, жисмоний баркамоллик ва фаол ҳаётий позицияни шакллантиришнинг устувор аҳамиятга эга экани таъкидланди.

— «Беш ташаббус» олимпиадаси нафақат олий таълим муассасаларида, балки кенг жамоатчилик орасида ҳам соғлом турмуш тарзига бўлган муносабатни кучайтирмоқда — дейди Гулистон давлат университети ёшлар етакчиси Ёрқинжон Ҳайитбоев. — Шу маънода айтиш мумкинки, Гулистонда старт олган «Беш ташаббус» олимпиадасининг республика финал босқичи ҳам ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг ижтимоий фаоллиги ва жисмоний тайёргарлигини ошириш, ватанпарвар ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер