Гўшт қиммат: бу нархлар осмондан тушмаган

16:02 29 Апрель 2025 Жамият
337 0

Ботир Мадиёров/«Халқ сўзи». Водийнинг энг олис қишлоқларининг бирида истиқомат қилувчи бир оила таҳририятимизга мурожаат йўллаб, шу кунларда гўшт нархи кескин кўтарилиб кетгани, гўшт қачон арзон бўлишини билиб беришимизни сўради. Гўшт нархининг кўтарилиш сабабларини аниқлаш учун Фарғона вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси масъуллари, соҳа мутахассислари, фермер, қассоб ва ўз хонадонида чорва моллари боқувчи тадбиркорлар олдига бордик.

Ҳозир турли савдо дўконларида мол гўшти 100 минг сўмдан 135 минг сўмгача сотилмоқда. Кимдадир шунча пул бор, бошқалардачи? Бу арзонми? Илгари қишлоқларга борсангиз, деярли, иккита хонадоннинг бирида чорва молларига кўзингиз тушарди. Шу оилалар гўштни бозордан сотиб олмасди, ҳозир аксинча... Бозорлардаги савдо расталарида ҳар кимнинг қурбига яраша гўштлар териб қўйилган: имкони борга лаҳм, йўққа суяклар, ёғлар... Супермаркетдаги гўштларнинг кўриниши гўштга ўхшайди, аммо таъми йўқ. Ўз томорқаларида сигир, эчки-қўй боқаётганлар нега «тоза» гўшт маҳсулотларини деҳқон бозорларига олиб келишни тўхтатиб қўйди?

Фарғона мисолида айтадиган бўлсак, жорий йилнинг январь ойи ҳолатига кўра вилоятда қорамол бош сони 1 млн 100 минг бош, қўй-эчки 952 минг 312 бош, парранда бош сони 8 млн 961 мингтани ташкил этади. Атиги бир йил олдингига қараганда қорамоллар 12 минг 128 бошга, қўйлар 20 минг бошга кўпайган холос. Гўшт ишлаб чиқариш ҳажми йилдан йилга ўртача 4-5 фоизга ўсишига эришилмоқда. Аҳолини гўштга бўлган эҳтиёжини қоплашда деҳқон хўжаликлари етакчи ўринга эга. Бугунги кунда ушбу эҳтиёжнинг 91 фоизини шахсий томорқа хўжаликлари эгалари таъминлайди. Фарғонада чорвачилик йўналишида 262 млрд сўмлик 133 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Айни пайтда вилоятда наслчилик йўналишида 270 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатаётган бўлса, жорий йилда яна 135 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигига ана шундай мақом берилиши мақсад қилинган.

Мол охурига ташлайдиган ем қиммат

— Харидор ўз пулига «тоза» ва арзон гўшт сотиб олгиси келади, — дейди Фарғона вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Убайдулло Турсунов. — Гўшт нархи кескин кўтарилишига бир неча сабаблар бор. Биринчи навбатда, омихта ем етишмаслиги, борининг ҳам нархи юқори. Ўзингиз чамалаб кўринг, бугунги кунда 1 кг кунжара нархи 6-6,5 минг сўм, буғдой ёрмаси 3,3-3,4 минг сўм, 1 кг макка дони 4,5-6 минг сўмгача... Электр энергияси ва ёқилғи мойлаш маҳсулотлари нархининг ошиши, қўшни республикалардан чорва ҳайвонларини импорт қилишда вақтинчалик чеклов қўйилганлиги, чорвачилик хўжаликларига ер майдонлари ажратишда унинг унумдорлиги ва чорва ҳайвонлари наслдорлигига жиддий эътибор қаратилмаётгани ҳам нархнинг кескин кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Ёзёвонда гўшт 100-125 минг сўмгача...

Бу борада туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Раҳматжон Мамажоновнинг фикри:

Туманда 33 та қассобхона, 2 та қушхона мавжуд. Туман ҳудуди 8 та участкага ажратилиб, ҳар бирига алоҳида мутахассис бириктирилган. Шу билан бирга, 3 нафар санитар шифокор ҳудудлар кесимида доимий равишда иш олиб боради. Ёзёвон Марказий Фарғона ҳудудида жойлашгани учун атрофдан кўп мол-қўй келади. Касал моллар сотилмаслиги учун ҳар бозор 4 нафар мутахассисларимиз билан мониторинг ишларини олиб борамиз. Шу тариқа ҳар бир мол-қўйнинг соғлиги текширувдан ўтказилгач, кейин сотишга рухсат берилади. Туманимизда гўштнинг нархи нисбатан барқарор бўлиб, мол гўштининг килоси 100-125 минг сўмгача сотилмоқда.

Ҳозирги кунда Ёзёвон туманида чорвачилик йўналишидаги 33 та фермер хўжалигида 4,5 минг ҳамда аҳоли хонадонларида 38,5 минг бош қорамол боқиляпти. 4 та наслчилик фермер хўжалиги ташкил этилиб, сунъий уруғлантириш орқали чорва бош сонини кўпайтириш, Европадан наслли моллар олиб келишга ҳаракат қилинмоқда. Озуқа базаси учун гўшт-сут етиштирувчи фермер хўжаликларига 1 минг 65 гектар ер майдони ажратилган.

Олтиариқлик чорвадор Лутфулло Охунов фикри:

Илгари 80 фоиз аҳолининг ҳеч бўлмаса биттадан соғин сигири бўларди. Сут-қатиқ, гўшт маҳсулотлари томорқасидан чиқарди. Ҳозир оддий чорвадорда гўштни бозорда «айлантириш» учун на транспорт, на суйиш учун қўшимча пул тўлаш имкони мавжуд. Савдогарлар даласига бориб чорвасини кўтарасига савдо қилишади, шу гўштлар сотилганда анча қимматга тушади. Маҳаллада аксарият оилалар мол боқмай қўйгани учун сутга ҳам ҳафталаб навбатда туришади. Чунки хонадонда мол боқиш жуда қийин бўлиб кетди. Омихта ем, кунжара, шўрха, маккажўхори силоси жуда қиммат. Аниқроғи, битта молнинг емиши учун кунига ўртача 30 минг сўм харажат қилинади. Мол бозорида янги туғилган наслли бузоқча 15 миллион сўм. Гўштга топшириш учун уни камида икки йил боқиш керак. Қассоблар молни насияга олиб кетиб, пулини бир-икки ойда беради. Афсуски, ўтган йили чорва моллари ўртасида юқумли касаллик тарқалиб, кўпи нобуд бўлди. Уй шароитида 30 бошгача қорамол боқишга шароитим бор. Аммо ем-хашак муаммоси туфайли кўп мол боқолмаяпман. Агар соғин сигирдан ҳар йили битта бузоқча ололмасангиз, сути соғилмаса, уни боқиш оила бюджети учун фақат зарар келтиради.

Камида битта соғин сигир бўларди...

Миндон қишлоғидаги қассоб Зокиржон Раҳмонбердиевнинг фикри:

Қишлоқларга бориб мол, қўй сотиб оламан. Бир қарашдаёқ бу қанча фойда келтиришини кўзим билан чамалайман. Бу моллар бирор жойдан ўғирланганми ёки йўқлиги, қаерда ўсгани ва ҳоказолар ҳақида маълумот тўплайман. Ветеринария шифокорлари уни тирик ҳолда текширади. Ҳозир дўконимда бир килограмм мол гўштини 130 минг сўм, қўй гўштини 135 минг сўмдан сотмоқдаман. Гўшт нархининг тез кўтарилаётгани ва барқарор бўлмаётгани унинг савдосига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Чорва озуқаси етиштириш учун ер ижараси, сув таъминоти, техника хизмати каби юмушлар ҳам қиммат. Шу сабабли мол боқиш, ем-хашак етиштиришдан кўра, тайёрини олган маъқул. Бундай тушунча одамларни бироз дангаса қилиб қўйди. Нарх ошиб кетишида ушбу сабаб ҳам муҳим омил бўлмоқда.

Боғдодлик ветеринария врачи Расулжон Муҳаммаджоновнинг фикри:

Шу соҳада 50 йиллик тажрибага эгаман. Кўпинча олғир савдогарлар ҳеч қандай текширувсиз гўштни бозорда сотаётганини кўриб, суриштирувлар олиб борганман. Бу ҳайвон қандай касалликдан вафот этган ёки қай ҳолатда сўйилган? Гўштдан намуна олиб текширган пайтларим ҳам бўлган. Агар чорвадорларнинг ўзи «Деҳқон бозорлари»да ўз маҳсулотларини сотишга киришса, гўшт нархи дарҳол тушади. Чунки қишлоқларда мол, қўй боқаётганлар кўп. Фарзандларим бошқараётган «Истиқлол» наслчилик фермер хўжалигида гўшт ва сут йўналишида 80 бош қорамол боқилади. Озуқа базаси учун мазкур хўжаликка дашт ҳудудидан 13 гектар ер майдони ажратилган. Ҳозирда таннархни камайтириш мақсадида чорва фермамизга қуёш батареялари ўрнатяпмиз.

Яна бир муаммо. Новвос боқиш харажати ошиб кетгани учун қассоблар томонидан сигир, ғунажин сўйиш ҳолатлари кўпайди. Худди экология соҳасида бўлгани каби чорвачиликда ҳам ана шу оғриқли масалани жиддий назоратга олиш лозим. Чунки чорва бош сонини кўпайтириш бир-икки йиллик иш эмас, бу узоқ йиллар талаб қиладиган жараён. Шу боис четдан мол олиб келиш орқали муаммони ҳал қилиш қийин. Маҳаллий шароитда бу борадаги мониторинг ишларини тизимга йўлга қўйиш орқали муаммони ижобий ҳал қилиш имкони етарли.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 январда «Чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш, соҳада юқори қўшилган қиймат яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорнинг ижроси юзасидан вилоятдаги пахта ва ғалла йўналишидаги фермер хўжаликлари негизида Франция тараққиёт агентлиги кредити ҳисобидан иккиламчи («Халқ банки»да) ҳисоб рақами очиш ҳамда гўшт йўналишида ҳар бир туманда Франция тажрибаси асосида камида 5 тадан 30-50 бош қорамол боқишга мўлжалланган янги лойиҳаларни шакллантириш ҳамда ижросини таъминлашга киришилди. Умид қиламизки, яна қишлоқларимизда паррандалар билан бирга, чорвачилик билан шуғулланаётган оилалар сони кўпаяди. Ахир, биз яқин-яқингача магазиндан қадоқланган гўштни харид қилишни ўзимизга эп кўрмасдик, ҳар бир қишлоқнинг ўз қассоби ва экологик тоза гўшти бўларди. Наҳотки, ҳозир қишлоқларимизда «тоза» гўшт ва ҳалол пул топишнинг имконияти бўлмаса...

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер