Гиёҳвандлик — аср вабоси

22:16 10 Декабрь 2025 Жамият
272 0

Бугунги глобаллашув даврида гиёҳвандликнинг кенг тарқалиши, наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг ортиши нафақат алоҳида инсон тақдирига, балки жамиятнинг маънавий ва иқтисодий барқарорлигига ҳам жиддий хавф солмоқда. Айниқса, ёшларнинг бу иллат гирдобига тортилаётгани биз — таълим, соғлиқни сақлаш ва тарбия соҳасида фаолият юритаётган мутасаддилар зиммасига янада катта масъулият юклайди.

Мамлакатимиз ҳукумати томонидан ёшлар саломатлигини муҳофаза қилиш, улар онгида гиёҳвандликка қарши кучли иммунитетни шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу ишларнинг асосий мақсади — ёшларни зарарли муҳит ва одатлардан асраш, уларни тўғри қарор қабул қилишга ундаш, соғлом психологик муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда юксак маънавий муҳитни шакллантиришдир.

Гиёҳвандликка қарши қатъий позиция эгаллаш, соғлом турмуш тарзини танлаш ва бўш вақтини маънавий-маърифий, илмий, спорт ҳамда ижодий фаолият билан мазмунли ўтказиш — бугун ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулиятига айланмоғи лозим.

Ёш авлодимизга қонунларга ҳурмат билан ёндашиш, шубҳали таклиф ва манзиллардан эҳтиёт бўлиш, ўзининг ва яқин дўстларининг хавфсизлигини таъминлашдек ҳаётий кўникмаларни сингдириш жуда муҳим. Чунки соғлом ҳаёт — барча муваффақият ва мустаҳкам келажакнинг асосий пойдеворидир.

Шу ўринда оиланинг роли беқиёс. Фарзанднинг энг биринчи ва энг ишончли таянчи — бу оила. Оиладаги меҳр-оқибат, ишонч, назорат ва самимий мулоқот гиёҳвандликнинг олдини олишда энг кучли тарбиявий омиллардан биридир. Фарзанднинг кундалик қизиқишлари, дўстлари, ўқишдаги муваффақияти ёки кайфиятидаги ўзгаришларга бефарқ бўлмаслик — ота-онанинг эътибори ва ғамхўрлигининг ёрқин кўринишидир.

Фарзандингизни қўллаб-қувватланг, унга ишонч билдиринг ва соғлом ҳаётни танлашда руҳий мадад беринг. Бу — унинг келажагини асрашдаги энг катта ҳиссангиздир.

Наргиза АБДУЛЛАЕВА,

Самарқанд давлат тиббиёт университети

кўп тармоқли клиника бош врачи,

тиббиёт фанлари доктори, профессор,

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?