ФВВ фуқароларга қуёш уришидан сақланиш бўйича тавсиялар берди

11:38 25 Июль 2024 Жамият
189 0

Аввалроқ «Ўзгидромет» 25-29 июль кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 44-45 даражагача кўтарилишидан огоҳлантирганди. Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларга қуёш уришидан сақланиш қоидаларини эслатди.

Билдирилишича, об-ҳавонинг кескин исиб кетиши, айниқса, болалар, қариялар ва беморларга оғир таъсир қилади. Ҳатто соғлом одамлар ҳам баъзи бир қоидаларга риоя этишларига тўғри келади. Қуёш уриши очиқ ҳавода тўғри тушадиган қуёш нурлари остида содир бўлади, лекин иссиқ таъсир қилгандан сўнг 6-8 соат ўтиб ҳам бошланиши мумкин.

Қуёш уришидан сақланиш учун бир нечта қоидаларга риоя этиш зарур:

  • иложи борича соат 10:00 дан 17:00 га қадар тик тушадиган қуёш нурлари остида бўлмаслик;
  • табиий матолардан тайёрланган кийим, енгил, ёрқин рангли бош кийим кийиш;
  • қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш;
  • сув ичиш режимига амал қилиш (тартибсиз кўп миқдорда сув ичиш чанқоқни босмайди, лекин юракни зўриқтиради. Яхшиси аччиқроқ дамланган чой, квас, ҳар хил шарбатлар, минерал сув ичиш лозим);
  • қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлардан фойдаланиш;
  • қуёшда бўлиб қайтгандан сўнг, душ қабул қилиш ёки ҳўл сочиқ билан артиниш;
  • оч қоринга ёки овқатдан кейин қуёшда юрмаслик.

Қуёш уриши ёки иссиқ уриши белгилари:

  • дармонсизлик, чарчоқ, бош оғриғи ва чанқаш кузатилади;
  • бош айланиши, қулоқларда шовқин, бутун танада оғриқ бўлиб, пульс ва нафас тезлашади. Айрим пайтларда кўнгил айниши ва қусиш кузатилиши мумкин. Терлаш кучаяди, бурундан қон кетиши мумкин;
  • юрак-қон томир фаолияти ва нафас олиш кескин бузилади, ҳушдан кетиш ҳолатлари содир бўлади.

Айрим пайтларда тутқаноқ тутиши, алаҳсираш, галлюцинация кузатилиши мумкин.

Қуёш уришининг оғир шаклида тер ажралиши тўхтайди, агарда беморга тиббий ёрдам кўрсатилмаса, нафас олиш ва юрак фаолияти тўхташи мумкин.

Қуёш ёки иссиқ урганда биринчи тиббий ёрдам

  • беморни салқин жойга ўтказиш, чалқанча ётқизиш, бошини салгина кўтариб қўйиш, кийимларини ечиш, бутунлай тинч муҳит яратиш ва тоза ҳаво келишини таъминлаш;
  • агар бемор ҳушида бўлса аччиқ чой ёки совуқ сув ичириш, (яхшиси сувга 0,5 литрга 0,5 чой қошиқда туз қўшиш);
  • бошини совуқ сув билан ҳўллаш ёки бошига нам сочиқ қўйиш;
  • оғир ҳолатларда беморни ҳўлланган чойшаб билан ўраб қўйиш ёки устидан совуқ сув қуйиб туриш мумкин, лекин эҳтиёт бўлиш керак (тана ҳарорати 30 градусдан тушиб кетмаслиги лозим). Агар иложи бўлса қон томирлари кўп бўлган қўлтиқ ости, чов ва тизза орқасига муз ёки совуқ сув тўлдирилган баклажка қўйиш;
  • қуёш ёки иссиқ урган беморларни яқин ўртадаги даволаш муассасасига олиб бориш зарур, оғир ҳолларда эса зудлик билан тез ёрдам бригадасини чақириш лозим.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги биринчи тиббий ёрдамни тўғри кўрсатиш инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигини, асосийси, киши ўзини йўқотмасдан ҳаммасини тўғри ва тез бажариш кераклигини эслатди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?