Фракция йиғилишида муҳим масалалар кўриб чиқилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларини болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари вақтда дам олиш масканлари сифатида фойдаланишини ташкил этиш ва бундан олинадиган даромадлари бўйича маълум бир муддатга фойда солиғидан озод этилиши белгиланмоқда. Бундан ташқари, оромгоҳларни мажбурий равишда сертификатлаштирилиши талаб этилмаслиги назарда тутилмоқда.
Депутатлар лойиҳа болалар соғломлаштириш оромгоҳларидаги шароитларни янада яхшилаш, келажагимиз бўлмиш фарзандларимизнинг таътилни мазмунли ўтказиши, уларни соғломлаштириш ва ақлий ривожлантириш бўйича вазифалар самарадорлигини оширишга хизмат қилишини эътироф этишди. Савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.
Йиғилишда шунингдек, «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси ҳамда «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилар эканлар унинг қабул қилиниши биринчи навбатда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз амалга оширишга, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг таъминланишига хизмат қилишини таъкидлашди.
Назарда тутилаётган ўзгартиришга мувофиқ, мулкдорларни суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойдан маҳрум этишга йўл қўйилмайди. Турли сабабларга кўра, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши кафолатланиши белгиланмоқда. Қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг