ФИФА Россия жамоаларидан санкцияларни олиб ташлаши мумкин

23:13 02 Февраль 2026 Спорт
529 0

Фото: «Getty Images»

ФИФА Россия жамоаларининг халқаро мусобақаларда иштирок этишини тақиқлаш масаласини қайта кўриб чиқиши мумкин. Бу фикрни ФИФА президенти Жанни Инфантино Британиянинг Sky телеканалига берган интервьюсида билдирди.

Унинг таъкидлашича, Россия жамоаларига нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиш имконияти, ҳеч бўлмаганда, ёшлар даражасида кўриб чиқилиши лозим.

«Бу тақиқ ҳеч қандай ижобий натижа бермади, аксинча, кўпроқ нафрат пайдо бўлишига олиб келди», дейди Инфантино.

Шунингдек, ФИФА раҳбари ташкилот қоидаларни ўзгартириш масаласини ҳам муҳокама қилиши кераклигини айтиб, миллий терма жамоаларни сиёсий сабаблар билан футболдан четлатмаслик ҳақидаги тамойилни мустаҳкамлаб қўйиш зарурлигини қайд этди.

Россия футболига қўйилган тақиқ

2022 йил 28 февраль куни Жаҳон футболини бошқарувчи ташкилот — Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) Россия миллий терма жамоалари ҳамда мамлакат номидан иштирок этувчи барча профессионал клубларни ФИФА тасарруфидаги мусобақалардан четлатишини эълон қилди.

Шундан сўнг, Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) ҳам Россия миллий терма жамоасининг УЕФА мусобақаларида иштирок этишини тақиқлаш бўйича шунга ўхшаш қарор қабул қилди.

ФИФА ва УЕФА мазкур қарорларига асос сифатида Россиянинг Украина ҳудудларига бостириб киришини кўрсатган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер