Фидойилик дегани аслида шу эмасми?
Фото: “Халқ сўзи”
Шаҳрисабзлик тадбиркор, тажрибали боғбон Акбар Ҳасановнинг бахтсиз ҳодиса туфайли икки оёғидан ажралганига қарамай, соҳада кўплаб ютуқларни қўлга киритиб келаётгани ҳақидаги хабар бизни у киши билан учрашиб, фаолиятини ёритишга ундади. Шу мақсадда Шаҳрисабз тумани сари йўлга отландик.
Бизни келишилган жойда Акбар Ҳасановнинг ўзи қарши олди. Тўғриси, қадамлари шахдам, меҳнатда пишиган, чайир, ўктам овозда гапириб, ҳайқириб куладиган, юз-кўзларида ҳаётдан мамнунлик ҳисси акс этиб турган бу инсоннинг ногирон эканлигига ишониб бўлмасди.
Қаҳрамонимиз бизни ўзи раҳбарлик қилаётган “Ҳасанов Акбар Муҳаммадиевич” МЧЖ шаклидаги боғдорчилик фермер хўжалигининг дала шийпонига бошлади. Шу ердаги сўрида бироз суҳбатлашиб, танишиб олдик. Ичимиздаги саволни ўзи илғади чоғи, гапни болалик хотираларидан бошлади.
— Ўшанда ўн ёшда эдим, — дейди у “протез”ли оёқларига ишора қилиб. — Кўчада тенгдошларим билан чопқилаб, ўйнаб юрган шўх-шодон бола эдим, бахтсиз ҳодиса туфайли бир кунда икки оёғимдан ажралганман. Бундан яқинларим қаттиқ тушкунликка тушишган. Уларнинг юз-кўзларида фақат изтиробни кўрар ва уларни овутишга, оёқсиз ҳам бемалол ҳамма ишни қила олишим мумкинлигига ишонтиришга ҳаракат қилардим.
Аввалига икки қўлтиқтаёқда тенгдошларим билан бемалол ўйнашни ўргандим, кейин “протез” оёқларим билан кўчада дўппи тепиб, қувлашмачоқ ўйнаб юравердим. Ҳатто, баъзан шўхликларим ҳаддан ортиб кетар ва уйдагиларга қишлоқдошлар, ўқитувчиларимдан шикоятлар ҳам бўлиб турарди. Шу-шу менинг ногирон эканлигим барча яқинларимнинг хаёлидан чиқиб кетди ва ҳозирга қадар ҳеч ким бу ҳақда ўйламайди ҳам. Кимнингдир менга ачиниш ҳисси билан қарамаслиги учун бошқалардан кўпроқ меҳнат қилишга, оғирроқ ишларни ҳам бемалол бажаришга одатланганман. Тўғри, буни уддалаш осон эмас, лекин бўш келишга ҳам ғурурим йўл қўймайди.
Акбар Ҳасановнинг айтишича, “протез”ни ҳам ўзи қўлда ясаб олган экан.
— Ёшликда заводда ишлаб чиқарилган, ҳақиқий “протез”дан фойдаланардим, — дейди у. — Бу “протез”лар анча енгил, юриш учун қулай, лекин оғир ишларни бажаришда қийинчилик туғдиради. Шу боис молнинг терисини пишитиб, уни қават-қават қилиб қаттиқ ўраб, “протез” ясаб олганман. Бу бироз оғир бўлсада, чидамли. Юк кўтарсангиз ҳам, тепаликка чиқсангиз ҳам дош беради.
Акбар Ҳасановнинг ҳикояларини тинглар экансиз, инсон иродаси, сабр-матонатининг чек-чегараси йўқлигига амин бўласиз. У икки оёғидаги қўлбола “протез” билан Ўзбекистондаги энг баланд жой – Ҳазрати Султон чўққисига чиқиб тушишни уддалабди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошираётган ишлари эса таҳсинга сазовор.
— Мактабни тамомлагач, кўп йиллар давомида хориж бозорларига анор олиб бориб сотиш билан шуғилландим, — дейди у. – Кейинчалик ўзим ҳам боғ ташкил этиб, анор етиштириш режаси пайдо бўлди. Шу мақсадда 2017 йилда Шаҳрисабз тумани ҳудудидан 12 гектар ер олиб, у ерга 2600 туп анор, 2000 туп шафтоли, 1600 туп олхўри кўчатларини эккан эдим. Ўтган йили барча дарахтлардан яхши ҳосил олдим. Бироқ бу йил қишдаги аномал совуқ туфайли дарахтларнинг бир қисми нобуд бўлди. Лекин бунинг ҳам хайрли томони бор. Бошида озгина тажрибасизлик қилиб, оддий навлар эккан эканман. Бу йил нобуд бўлган дарахтларнинг ўрнига хориждан келтирилган, юқори сифатли мевали дарахт кўчатларини ўтқаздим.
Акбар Ҳасанов 12,5 сотих майдонда иссиқхона ҳам ташкил қилган. Бу ерда 125 туп лимон парваришланмоқда. Эътиборимизни тортган жиҳат эса, боғбоннинг пайвандчиликдаги уқуви бўлди. Ахир буталарнинг бир шохида лимон, бошқасида мандарин, яна бирида эса апельсин пишиб етилаётганини ҳамма жойда ҳам учратавермайсизда.
— Лимонларим энди ҳосилга кира бошлади, — дейди Акбар Ҳасанов. – Улар тўлиқ етилиб олгач, ҳар биридан камида 25-30 килограммдан ҳосил олиш мумкин.
Боғдорчилик қаҳрамонимиз танлаган ягона йўналиш эмас. У келгусида жамият қошида чорвачилик, паррандачилик тармоқларини ҳам йўлга қўйиш ниятида. Шу мақсадда 2 мингта парранда боқишга мўлжалланган товуқхона ҳамда 50 бош қорамолга мўлжалланган молхонани ҳам қуриб битказибди. Тез орада бу борада ҳам катта ишларни бошлаб юбормоқчи.
Акбар Ҳасанов билан суҳбатлашиб, унинг амалга оширган ишлари билан танишиб ортимизга қайтар эканмиз, наҳотки шу инсон “протез” оёқлари билан шунча ишнинг уддасидан чиқаётган бўлса, деган ўй кечди хаёлимиздан. Ҳа, шундай. Аслида у ҳам айрим инсонларга ўхшаб, ногиронлигини пеш қилиб, кимгадир боқиманда бўлиб юриши мумкин эди. Лекин қаҳрамонимизнинг феъл-атворига бу нарса мутлақо бегона.
У меҳнатни, яратишни, бунёдкорликни, бошқалардан кам бўлмасликни хўш кўради. Шу йўлда изланади, интилади, меҳнат қилади. Меҳнатларининг самараси эса ўзи раҳбарлик қилаётган “Ҳасанов Акбар Муҳаммадиевич” масъулияти чекланган жамиятининг ютуқлари мисолида акс этмоқда. Бугунги кунда жамиятда 8 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлган. Уларнинг аксариятини ногиронлиги бўлган фуқаролар ташкил этади. Бундан ташқари, қаҳрамонимиз эр-хотин ҳам ногирон бор яна бир оилани уч фарзанди билан қарамоғига олиб, уй-жой ва иш билан таъминлабди. Фидойилик дегани аслида шу эмасми?
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
- Берлинда Наврўз: Янги Ўзбекистон маданиятининг жаҳон саҳнасидаги муносиб тақдимоти
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- «Сохта тетикликнинг ҳақиқий ҳалокати»: энергетик ичимликларнинг секин, аммо муқаррар йиқитиш жараёни ҳақида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг