Фарғоналик тадбиркорнинг ноёб ғоя ва инновациялар фабрикаси

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона шаҳрида истиқомат қилаётган Абдураҳмон Ниёзов тадбиркорлик фаолиятини бундан чорак аср аввал ўз хонадонида оддий шароитда ногиронлар аравачаси ишлаб чиқаришдан бошлаган эди. Айни пайтда унинг 10 дан ортиқ замонавий корхоналарида йилига ўртача 160 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Шундан салмоқли қисми МДҲ давлатлари, Осиё ва Европа қитъасига экспорт қилинади.
Илм-маърифатга, янгиликка интилувчи, ноёб ғоя ва ихтиролар қилишдан чарчамайдиган тадбиркорнинг корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнлари билан боғлиқ аксарият мураккаб юмушлар аллақачон сунъий интеллект дастурлари ёрдамида бажарилмоқда. А.Ниёзов нуроний ёшида ҳам ҳамон ўқиб-ўрганиш, дунё илм-фани, жаҳон бозоридаги янгиликларни синчиклаб кузатишдан тўхтагани йўқ.
Фарғона шаҳридаги “Сайқал” савдо ишлаб чиқариш корхонаси, агар таъбир жоиз бўлса, ўзига хос ғоя ва инновациялар “фабрика”си. Абдураҳмон ака билимдон, янгиликка интилувчан профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшларни доим қўллаб-қувватлайди. Шу сабабли ҳамиша вилоятдаги олий таълим муассасаларини амалий ҳамкорликка чорлаб келади, керак бўлса, битта истиқболли бизнес-лойиҳа, инновацион ғояси учун 100 минг доллар мукофот бериш ёки ушбу ташаббусни амалиётга жорий этиш учун астойдил кўмаклашишга тайёр.
Ҳозирги кунда корхонада йиллар давомида такомиллаштирилган, жаҳон андозаларига мос 6 турдаги ногиронлар аравачаси, болалар велосипеди, 40 турдаги рақамли ва аналогли эшитиш ҳамда ортопедик маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, каустик сода, ўт ўчириш суюқлиги ва кукуни, кўчма бурғилаш лабораторияси ҳамда фермер хўжаликлари учун сувнинг ҳарорати, лойқаланиш даражаси ва тиниқлиги, сув ҳавзасининг чуқурлиги, унинг кальций, магний ва фосфор каби кимёвий элементларга бойлигини ўлчайдиган кўчма лаборатория жиҳозлари жамланмаси сингари маҳсулотлар бозорда аллақачон ўз харидорига эга бўлиб улгурган.
Энг муҳими ва аҳамиятлиси, ушбу маҳсулотлар импорт ўрнини босувчи ва катта миқдорда валюта тежаш имконини берувчи маҳаллий брендлардир.
Маълумки, кейинги йилларда бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам табиий сув захиралари тобора камайиб бормоқда. Мутахассисларнинг қайд этишича, юртимизда сувнинг салмоқли қисми қишлоқ хўжалигида ишлатилади ва табиий неъмат ирригация тармоғидан айнан дала боши – экин майдонига етиб боргунича каттагина қисми йўқотилади, яъни самарасиз ҳолда тупроққа сингиб кетади.
Айнан сувдан тежаб-тергаб, оқилона, замонавий мезонлар асосида фойдаланиш масаласига жиддий эътибор қаратилиб, бу борада янги қонунчилик меъёрлари амалиётга жорий этилиб, фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари учун имтиёзлар, преференциялар берилди.
Қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш, ариқларни бетонлаш жараёни кенг тус олган бугунги шароитда тадбиркор ҳатто дунё тажрибасида ҳам камёб бўлган яна бир янгилик – ўрама бетон қопламалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
— Англия, Хитой, Россия давлатларидан келган вакиллар ўзлари ишлаб чиқараётган ўрама бетонни сотиб олишни таклиф қилишди, — дейди Абдураҳмон Ниёзов. — Улар айтган нарх жуда қиммат эди. Шу боис мутахассисларимиз билан узоқ вақт давомида илмий-амалий изланишлар олиб бориб, белгиланган технологик меъёр ва талаблар асосида ўрама бетон ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга туширдик. Маҳсулотнинг 1 квадрат метри 44 минг сўмни ташкил этади. Шу тарзда хориждан таклиф этилган ва маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархи ўртасидаги катта фарқни таққослаб олишингиз мумкин.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган ўрама бетон қопламалардан бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Сирдарё вилояти, Фарғона вилоятининг Сўх туманида фойдаланилмоқда. Дастлаб у 6 маркали бўлган бўлса, ҳозирда 8 маркали бетондан ишлаб чиқариляпти, яъни сифат кўрсаткичи янада яхшиланди.
Таъкидлаш жоиз, тўрт киши бир кунда бир километр ариқни мазкур усулда бетонлай олади. Иш жараёни тез, арзон ва муҳими сифатли бўлади. Бунинг учун биринчи навбатда ариқ текисланиб, кейин унга ўрама бетон ёйиб солинади, уч-тўрт маротаба сувлангач, у мустаҳкам бетон каби қотади. Ундан бир кундан сўнг бемалол фойдаланиш мумкин. Бундай бетон ариқ сувни исталган манзилгача исроф бўлмай етиб боришини таъминлайди.
Маҳсулотнинг яроқлилик муддати 50 йил ва у ётқизилгандан сўнг қоплама тагидан бегона ўт чиқмайди, турли ёриқлар кузатилмайди. Лойиҳа доирасида эса 20 нафар маҳаллий ёшлар доимий иш ўрни билан таъминланди.
Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда корхонада амалий семинар ташкил этилди. Мамлакатимиз ҳудудларидан 450 нафар соҳа мутахассислари қатнашган тадбирда ўрама бетон қопламанинг афзаллик жиҳатлари тушунтирилди. Талаб ва таклиф асосида мамлакатимиз бўйлаб исталган миқдорда етказиб бериш имкони мавжуд эканлиги таъкидланди.
— Маҳсулот ички бозорда тобора харидоргир бўлиб, экспортга ҳам жўнатилмоқда, — дейди тадбиркор. — 2024 йилнинг ўзида биргина Россияга 16,5 минг квадрат метр ўрама бетон экспортга жўнатилди. Айни кунларда шу мамлакатга экспорт қилиш мақсадида яна катта миқдорда маҳсулот тайёрлаб қўйилди.
Ташаббускор ва тиниб-тинчимас тадбиркордан яна бир янгилик. Яқинда корхона бренди остида ариқ-зовурларнинг фойдаланиш сифатини оширувчи ва бунинг учун кетадиган хизмат ҳақини сезиларли даражада арзонлаштирувчи ўриш агрегатини ишлаб чиқаришга жорий этди. Бу қурилмани катта-кичик ҳажмли экскаваторга ўрнатиш орқали минглаб километрларга чўзилган ариқ-зовурларни бегона ўтлар, қамишдан тез ва сифатли тозалаш мумкин.
Тадбиркорнинг қайд этишича, одатда, ариқ-зовурлар сув яхши оқиши учун экскаватор билан тозаланганда қамишлар томири билан юлиб олинади. Натижада зовур ёнларида тупроқ кўчади, сув йўли саёзлашади. Чунки бу каби ўтларнинг томири зовур қирғоқларини тупроқ эрозияси, кўчкидан сақлайди.
Янги ўриш агрегатини яратишда ана шу жиҳат эътиборга олинган. Қурилманинг тозалаш технологияси замонавий: у қамишни ўради, томири билан қўпориб олмайди. Бунинг натижасида тупроқ ўпирилиши рўй бермайди. Ўриш ускунасини катта экскаваторга ҳам, кичигига ҳам илиб ишлатиш мумкинлиги, унинг яна бир қулайлигидир.
— Ўриш ускунаси Ёзёвон чўлларида, Фарғона шаҳридаги “Совурбулоқ” маҳалласи зовурларини тозалашда дастлабки синовдан муваффақиятли ўтди, — дея суҳбатимизни давом эттиради тадбиркор. —Ишонамизки, яқин истиқболда ушбу қурилма ҳудудлараро автомагистрал йўл четларидаги сув йўлларини хашак, ёввойи ўтлар, одам бўйи ўсиб ётадиган қамишлардан тозалашда яхши самара беради. Муҳими, иш унуми юқорилиги, тез ва арзонлиги билан қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер хўжаликларига манзур бўлади.
Тадбиркор инновацион ёндашувлар туфайли таянч ва ҳаракат аравачаларининг ҳатто хорижда муқобили йўқ, камёб нусхаларини ихтиро қилишга эришди. Айни пайтда “Сайқал”да кунига ўртача 100-150 дона 30 турга яқин ана шундай арзон маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Қувонарлиси, ишлаб чиқариш жараёнида сунъий интеллект дастурлари хизматидан кенг фойдаланиляпти.
— Бу йилдан ногиронлиги бор шахслар учун аккумляторли, яъни электр узатмали аравача ишлаб чиқаришга киришилади, — дейди суҳбатдошимиз. — Шу мақсадда янги корхона учун замонавий бино бунёд этилмоқда.
Корхона таъсисчилигида фаолият кўрсатаётган “UD-audifon” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон — Германия қўшма корхонасида эса энг илғор жаҳон тажрибаси асосида эшитиш мосламалари тайёрланади ва асосан Европага экспорт қилинади.
Мутахассислар жаҳон илм-фанидаги энг сўнгги янгиликлар, ихтиролар, инновация ғояларини ўрганиб бориши учун замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган. Иш жараёнида янгилик кашф этган, ихтиро қилган мутахассис муносиб рағбатлантирилади.
2021 йили Президентимиз Абдураҳмон Ниёзов ташаббуси билан Фарғона шаҳрида фаолият бошлаган тошдан қоғоз ишлаб чиқарувчи “Fargona Stone Paper” қўшма корхонасининг очилиш маросимида иштирок этган эди. Корхона йилига 9 минг тонна қоғоз ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, МДҲда ягона бўлган ушбу ноёб лойиҳа туфайли бугунги кунда Ўзбекистон дунёда тошдан қоғоз ишлаб чиқариш бўйича Хитой, Япония, Эрон, Тайвандан кейинги бешинчи давлат саналади. Унинг таннархи оддий қоғозга қараганда икки баробар арзон тушиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Тадбиркорнинг маълум қилишича, кейинги йилларда янги ускуналар олиб келиш ҳисобига корхона фаолияти янада кенгайтирилди. Ҳозирда тошдан ишлаб чиқарилган қоғоз Туркия, Россия, Болгарияга экспорт қилинаётир. Яқин вақт ичида ушбу маҳсулотни Россияга экспорт қилиш ҳажми ошди.
Ўтган йилдан тошқоғоз ламинация қилиниб, унга озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш, айтайлик, музқаймоқ, маргарин, қаймоқ ва бошқа шу сингари маҳсулотларни солиш ҳамда ўраш имконияти яратилди. Бунинг учун эса яна бир қўшма корхона ишга туширилди.
Албатта, Ўзбекистоннинг келажаги, халқимизнинг иқтисодий фаровонлиги юксалиши тадбиркорлик фаолияти тараққиёти, ишлаб чиқариш, илм-фан ютуқлари, инновация ғояларини амалиётга кенг жорий этиш билан чамбарчас боғлиқ.
Шу маънода, юртимизда маҳаллий брендларни яратиш, тадбиркорлар имижини ошириш, инвестициявий жозибадорлик, экспорт салоҳиятини яхшилашда бу каби эзгу ташаббусларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш кутилган самарани бериши аниқ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг