Фарғонада ёшлар куни: эзгу орзу-мақсадларга рағбат
Президентимиз иштирокида жорий йилнинг 24 февраль куни янги авлод вакиллари билан бўлиб ўтган юзма-юз мулоқотда юртимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” сифатида белгиланди.
Эзгу ташаббусга кўра, мазкур кунда масъул раҳбарлар маҳалла, мактаб, олий таълим таълим муассасалари ва техникумларга чиқиши ҳамда ёшларнинг мурожаат ва муаммоларини тинглаб, уларга ечим топиши керак. Шу муносабат билан Фарғона вилоятининг барча шаҳар-туманларида “Ёшлар куни” доирасида турли тадбирлар, лойиҳалар ўтказиш яхши анъанага айланиши кўзда тутилаётгани эътиборга молик.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров кеча Қўқон шаҳрида талабалар, маҳалла ёшлари билан учрашиб, келажагимиз ворисларининг илм-фан, китобхонликни ошириш, IT соҳасини ўрганиш, истиқболли касб-ҳунарларни эгаллаш сингари йўналишлар бўйича фикр-мулоҳазаларини эшитди.

Данғара ва Учкўприк туманида эса “Яшил макон” лойиҳаси доирасида яшил ҳудудлар, “Ҳоким ва ёшлар” боғи ташкил этилди. Ёзёвон тумани ҳокими мактаб ўқувчилари, спортчилар билан самимий суҳбатлашиб, бу борадаги ютуқлар салмоғини юксалтириш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатлар олиб боришга ваъда берди.
—Президентимизнинг ёшлар билан самимий мулоқоти бизга катта куч-қувват, мотивация беради. Куни-кеча Кўксарой қароргоҳидаги мулоқот чоғида буни яна бир бор чин дилдан ҳис қилдим,—дейди Фарғона шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси, АҚШдаги Ҳарвард университети гранти соҳиби Дилафрўз Собирова.—Ҳафтанинг бир куни раҳбарлар ва мутасаддиларнинг янги авлод билан доимий мулоқот қилиши янги ташаббусларга рағбат, орзуларга қанот бўлади.

Риштон туман ҳокими Баҳодиржон Холиқов ҳамда масъул раҳбарлар тумандаги 1-сонли техникумда бўлиб, бу ерда ёшларга касб-ҳунар ўргатиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишди. Самимий руҳда кечган мулоқотда 500 нафарга яқин ёшлар қатнашди.
—Давлатимиз раҳбарининг дастлабки стартаплар, ўқув марказларига молиявий кўмак бериш, ёш тадбиркорларга фоизсиз ссудалар тақдим қилиш каби ташаббуслари орзуларимга куч-қувват бахш этди. Шу йил Риштон туманида хитой тилини ўргатувчи ўқув маркази очишни ният қилдим,—дейди ушбу билим даргоҳи ўқувчиси Муҳайёхон Тўлаганова.—Бугун туман ҳокими ва прокурори билан суҳбатлашиб, ўз саволларимга жавоб олдим, таклифим қўллаб-қувватланди.

Шу куни Олтиариқ туманида ҳам масъулларнинг ёшлар билан учрашуви қизиқарли кечди. Хусусан, иқтидорли ва интилувчан мактаб ўқувчиларининг ғоя ва ташаббуслари барчага манзур бўлди. Хусусан, тумандаги 6-умумтаълим мактаби ўқувчиси Абдулазиз Тўхлиевнинг “Жамоат транспортида тўлов тизимини рақамлаштириш” лойиҳаси катта қизиқиш уйғотди. 3-мактаб ўқувчилари Жасурбек Адҳамов ва Муҳаммадазиз Каримовларнинг “Атмосферадан сув олиш” инновацион лойиҳаси туман ҳокимига маъқул келди. Шу боис Олтиариқ тумани ҳокими Шамсиддин Турдиалиев ушбу лойиҳани мукаммаллаштириш, амалиётга татбиқ қилиш учун зарур маблағни шакллантириш ўз зиммасига олди.

Шунингдек, шаҳар-туманларда ўтказилган шу каби учрашувларда спорт, фан олимпиадалари, халқаро танловларда муносиб иштирок этган ўқувчилар муносиб тақдирланишди ҳамда уларнинг янги марраларни забт этишларига эзгу тилак билдирилди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг