Фарғонада малина етиштириб бой бўлаётганлар сафи кенгаймоқда

Фото: Ботир Мадиёров / Халқ сўзи
Фарғона туманида аҳоли томорқасида йилда икки маротаба малина етиштириш ва баракали ҳосил олиш борасида ўзига хос тажриба шаклланган. Бу йил водий вилоятлари бозорларида ушбу резаворнинг бир килограмми 35 минг сўмгача сотилгани малиначилик билан шуғулланиш сердаромад тармоқ эканлигидан далолат беради.
Айни пайтда фарғоналиклар етиштираётган малина нафақат республика вилоятлари, қўшни давлатлар, ҳатто Европага ҳам экспорт қилинмоқда. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан туманда малина етиштиришни янада рағбатлантириш мақсадида изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.
Шу йилнинг 19 октябрь куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона туманида бўлиб, малина плантациясини ташкил этиш бўйича режалаштирилган ишлар билан танишди. Туманнинг малина етиштиришга ихтисослашган маҳаллаларида бўлиб, хонадон эгалари билан суҳбатлашди.
Туманнинг Водил Қизилқўрғон массивида 300 гектар ҳудудда малина етиштириш лойиҳасини амалга ошириш учун ер майдонларининг геологияси ҳамда агрокимёвий хоссалари ўрганилиб, малина етиштиришга мослиги аниқланди. Сув муаммосини ҳал қилиш учун суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг 70 фоизи, бироқ 120 миллион сўмдан ошмаган қисми фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан субсидия билан қоплаб бериладиган бўлди.
Юзма-юз мулоқотда 40 гектар майдонда умумий қиймати 20,9 миллиард сўм бўлган малина етиштириш ҳамда қайта ишлаш мажмуасини барпо этиш лойиҳасини тақдим этган туркиялик тадбиркор Расим Качар ташаббуси ҳам маъқулланди. Туркиянинг малина етиштиришга ихтисослашган Мерсин вилоятидан янги навларни олиб келиш орқали ҳар гектар ердан олинаётган ҳосилдорликни ҳозиргидек 5-8 тонна эмас, 25 тоннагача етказиш таклифи билдирилди.
Шунингдек, субсидиялардан фойдаланган ҳолда томчилаб суғориш тизимини тадбиқ этиш, 7 фоизли мақсадли кредитлар асосида 5-25 тонна ҳажмдаги совуткичли сақлаш омборларини ташкил этиш каби ташаббуслар илгари сурилди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг