Фарғонада «Билимдон» болалар соғломлаштириш оромгоҳи фойдаланишга топширилди

09:35 08 Июль 2025 Жамият
228 0

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Фарғона вилоятининг Фарғона тумани «Лоғон» МФЙ ҳудудида «Билимдон» болалар соғломлаштириш оромгоҳи фойдаланишга топширилди. Президентимиз ташаббуси ва эътиборлари натижасида Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида қад ростлаган мазкур оромгоҳ фарғоналик болажонлар учун чинакамига ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.

Оромгоҳнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Фарғона вилояти ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари, зиёлилар, элимиз ардоғидаги устоз-мураббийлар, таниқли ижодкор ва санъаткорлар, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳамда болажонлар иштирок этдилар.

Оромгоҳнинг очилишида иштирок этган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши раиси, Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш Департаменти директори Анваржон Абдумухторов ва Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровлар Муҳтарам Президентимиз томонидан ёш авлод келажаги учун улкан имкониятлар яратиб берилаётгани, уларнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб улғайиши, умуман, ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг энг аввало инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлигини алоҳида таъкидладилар.

Янги оромгоҳ 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, мавсум давомида 5 навбатда жами 1000 нафар ўғил-қиз ёзги дам олишни мазмунли ўтказиши ва мириқиб ҳордиқ чиқариши учун барча шароитлар яратилган.

Жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб бера оладиган услубда бунёд этилган ушбу масканнинг барпо этилишига 48 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилганлигининг ўзиёқ мамлакатимизда ёш авлод вакилларини маънан ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига кўтарилганлигининг ёрқин далилидир.

Мазкур оромгоҳда ўғил-қизларнинг мириқиб ҳордиқ чиқариши билан бирга, жисмонан чиниқиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари, билимларини оширишлари учун барча зарур шарт-шароитлар муҳайё этилган.

Масканга қадам қўяр экансиз, беғубор болалик онларининг гўзал таассуротларига ошно бўласиз. Мазкур масканда ўқувчиларнинг мароқли ва мазмунли дам олишлари учун ўндан ортиқ тўгарак фаолияти йўлга қўйилган.

Барча қулайликларга эга маданият ва маърифат маркази, ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари ўрин олган кутубхона, тўгарак хоналари, маданий тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган тантаналар майдони, ярим очиқ амфитеатр, тиббиёт хонаси, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи сузиш ҳавзаси, спорт ва болалар майдончалари, замонавий лойиҳалар асосидаги ётоқ бинолари, барча шарт-шароитлар ва қулайликларга эга бўлган ошхона болажонларнинг эсда қоларли дам олишига хизмат қилади.

— Тўғриси, фарзандимнинг шундай масканда дам олаётганидан жудаям хурсандман, — дейди оромгоҳнинг биринчи дам олувчиларидан бўлган Муҳаррамой Маҳмудованинг онаси Моҳигул Джуманова ­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­. — Оромгоҳдаги шароитдан кўз қувнаб, дил яйрайди. Болажонларнинг ҳордиқ чиқариши учун нима зарур бўлса, ҳаммаси муҳайё қилинган. Спорт майдончалари, безатилган айвончалар, чўмилиш ҳавзасидаги зилол сув, турли томошаларга мўлжалланган саҳна, ошхона, кутубхона, тўгарак хоналари, шинам ва озода ётоқхоналарни кўриб ҳавасингиз келади.

Оромгоҳнинг илк дам олувчи ўғил-қизлари оромгоҳга борган куниёқ бир олам таассуротларга эга бўлишди. Мазали таомлар, мириқиб ўйнаш учун спорт майдончалари, замонавий дизайндаги хоналар болаларга қувонч бағишлаб, ёзги таътилни сермазмун ўтказишига муносиб туҳфа бўлди.

Шубҳа йўқки, «Билимдон»да ҳордиқ чиқариб, болалик гаштини сураётган болажонлар, албатта, ўз билим ва иқтидорлари билан ота-оналарини хушнуд этишади.

Тантанали тадбирда янги барпо этилган оромгоҳнинг ҳақиқий эгалари бўлган азиз болажонларга «Билимдон» болалар соғломлаштириш оромгоҳининг рамзий калити топширилди.

Таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган Ватанни, истиқлолни ва бахтли болаликни тараннум этувчи дилбар тароналар кечага янада файз киритди.

Шоҳсултон Тўхтаматов,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер